Линклар

Ўзбекистон Coca-Cola заводида Cola-Cola чиқарилмаëтир


Шу кунларда Coca-Cola цехларидан чиқадиган салқин ичимликларнинг Ўзбекистон дўконларидан ғпйиб бўлаëтгани айтилмоқда.

Шу кунларда Coca-Cola цехларидан чиқадиган салқин ичимликларнинг Ўзбекистон дўконларидан ғпйиб бўлаëтгани айтилмоқда.

Январь ойида бошланган “профилактика” муносабати билан Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатининг Бектемирда жойлашган мегазаводи ва бошқа цехларида Cola-Cola ва Fanta каби Ўзбекистонда бозори чаққон ичимликлар ишлаб чиқариш тўхтатилган. Бу эса¸ бозорда мазкур ичимликлар нархи ошиши ëхуд уларнинг пештахталардан ғойиб бўлишига сабаб бўлмоқда.

Озодликка келаëтган хабарларга кўра¸ Янги йил байрами арафасида пойтахт Тошкент ва вилоят бозорларида нархи кўтарилган Cola-Cola ва Fanta чанқоқбосди ичимлиги айни кунларда бозор ва дўконларда сийраклашиб қолган.

Тошкентдаги энг йирик Mega Planet супермаркети сотувчиси Озодлик билан суҳбатда бу ичимликларнинг мазкур дўконлар тармоғи пештахталарида айни кунларда йўқлигини билдирди:

- Йўқ¸ ҳозир бизда Cola-Cola ва Fanta сотувда умуман йўқ. Қачон бўлишини билмаймиз¸ деди Mega Planet ходими.

Тошкентдаги яна бир йирик супермаркетлар тизими Корзинка хизматчиси¸ иккала ичимликнинг ҳам айни кунларда сотувда борлиги¸ аммо улар харидорга чекланган миқдорда сотилишини маълум қилди:

- Бизда Колаям¸Фантаям бор¸ 1¸5 литрлик баклашкада. Нархи 6900 сўм. Омборда борини сотаяпмиз¸ Тошкентда ишлаб чиқарилган. Фақат бир одамга икки блокдан ортиқ сотилмайди. Тўй қиладиганлар бўлса¸ келишса бўлади¸ деди Корзинка сотувчиси.

Озодликка хабар йўллаëтган оддий ўзбекистонликлар ҳаво ҳарорати кўтарилиб¸ тўй мавсуми бошланаëтган айни кунларда Cola-Cola ва Fanta нархининг 12-13 минг сўмгача кўтарилганини ëзишмоқда.

26 март куни Озодлик боғланган урганчлик оила¸ ҳафта давомида ўтказилган никоҳ тўйи ва у билан боғлиқ бошқа маъракаларнинг ўзбек дастурхонининг ажралмас қисмига айланган бу икки ичимликсиз ўтганини хафа бўлиб гапириб берди. Оила бекасига кўра¸ Cola-Cola ва Fanta вилоят бозорларида топилмас матоҳга айланган.

Ўзбекистонда яқинларгача президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова бизнес империяси таянчларидан бири саналган Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкати вакили Озодлик билан суҳбатда ширкат заводларида айнан шу икки ичимликнинг ишлаб чиқарилмаëтганини билдирди:

- Ҳозир Coca-Cola, Fanta ишлаб чиқармаяпмиз. Фақат Bonaqua, Burn ва чойлар бор. Уч ойдан бери профилактика муносабати билан ишлаб чиқариш тўхтаган ва қачон бошланишини биз билмаймиз¸ деди Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатининг ўзини таништирмаган ходими.

Озодлик суҳбатлашган ширкатнинг юқори даражали менежерларидан бири¸ ширкатда бораëтган “профилактика текширувлари”нинг яқин кунларда тугаб¸ келаси ойдан ишлаб чиқаришнинг қайта бошланишига умид билдирди.

Ўзбекистондаги Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD маркази Атлантада жойлашган Coca-Cola ширкатининг франчайзи ҳисобланади. Марказий Осиëдаги франчайзлар фаолиятини мувофиққлаштирувчи Coca-Cola Евроосиë ширкати расмийлари ўтган ой Ўзбекистондаги заводларнинг тўхтаб қолганига оид хабарларни инкор қилди.¸ айни пайтда¸ таъминот билан боғлиқ айрим муаммолар мавжудлигини эътироф этди.

27 март куни Озодлик боғланган Евроосиë бўлими расмийси бу масалада изоҳ бериш учун ўзлари қайта боғланишини билдиришдан бошқа маълумот бермади.

Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston ширкатида бошланган текширув ва унинг фаолиятидаги узилишлар президент тўнғичи Гулнора Каримова бизнес империясининг қулатилиши билан боғлиқ ҳодиса сифатида талқин этилмоқда.

Зотан¸ Ўзбекистонда 1993 йилдан фаолият бошлаган бу ширкат аввалига президентнинг қудаси¸ АҚШ фуқароси Мақсудийлар оиласига қараган бўлса¸ Гулнора Каримова Мансур Мақсудий билан ажрашганидан кейин¸ бу ширкатни тўлиғича ўз назоратига олгани айтилади.

Гулнора Каримова ўз бизнес шериги Баҳодир Каримжонов билан бирга.

Гулнора Каримова ўз бизнес шериги Баҳодир Каримжонов билан бирга.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларга кўра¸ Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD Rockdale/Muzimpex ширкати орқали Гулнора Каримованинг хусусий ëрдамчиси Гаяне Авакян томонидан сотиб олинган. Rockdale Holding эгаси Авакян¸ Muzimpex эгаси эса¸ Каримованинг яна бир яқин бизнес шериги Баҳодир Каримжоновдир. Айни кунларда Авакян Ўзбекистон Бош прокуратурасида оғир иқтисодий ва молиявий жиноятларда айбланиб¸ ҳибсга олинган. Каримжонов эса¸ ўзига қўйилаëтган айни айблардан қочиб¸ Дубайдан бошпана топган.

Каримова бизнес тизимларида Ўзбекистон прокуратураси ва МХХ ойлардан бери ўтказаëтган текширувлар давомида Coca-Cola маҳаллий бошқарувчиларидан иккитасининг ҳибсга олингани айтилмоқда.

Айни пайтда¸ Каримова назоратида бўлиб келган Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатининг икки бошқарувчиси Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировлар 2012 йил июлида Швейцария прокуратураси бошлаган жиноят ишда расман гумонланувчилардан. Ўзбекистондаги Coca-Cola менежерлари¸ қолаверса¸ унинг расмий эгаларидан бири бўлган Гаяне Авакян ҳам Швейцария прокуратураси томонидан катта миқдордаги пул ювиш амалиëтларида гумонланмоқда.

Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатининг Ўзбекистон прокуратураси томонидан ҳибсга олинган икки менежерининг айнан Швейцариядаги жиноий иш фигурантлари бўлган Эргашев ва Собиров эканини ҳозирча тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG