Линклар

logo-print

ХВЖ Украинага 14-18 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз беради


Украина иқтисоди уч ой давом этган норозиликлар ва Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши вазиятида қийин аҳволда қолган.

Украина иқтисоди уч ой давом этган норозиликлар ва Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши вазиятида қийин аҳволда қолган.

Халқаро Валюта жамғармаси иқтисодий бўҳрон ичида қолган Украинага 14 миллиарддан 18 миллиард АҚШ долларигача бўлган қутқарув пакетини тақдим қилиш қарорини эълон қилди.



Киевда икки ҳафта давом этган сўзлашувлардан кейин ХВЖ пайшанба куни эълон қилган баёнотида “Украина ҳукумати билан иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича келишувга эришлганини” маълум қилди. Мазкур ислоҳот дастури ХВЖ билан эришилган икки йиллик резерв келишуви доирасида амалга оширилиши мумкин бўлади.

Баёнотда айтилишича, тақдим қилинаётган ёрдам миқдори “барча икки томонлама ва кўп томонлама келишувларга эришилиши” биланоқ аниқланади.

Берилаётган кредит Украинада уч ой давом этган аксилҳукумат норозиликлари ва ундан кейин Қрим яриморолининг Россия томонидан аннексия қилинши вазиятида кескин қийинчиликлар остида қолган мамлакат иқтисодиётини тиклашга ёрдам беради.

Украина Бош вазири Арсений Яценюк пайшанба куни қилган чиқишида мамлакат ғазнасининг туби кўриниб қолди, дея баён қилди.

- 2014 йилги мамлакат дефицити 289 миллиард гривнани (26 миллиард АҚШ доллари) ташкил қилмоқда. Бу эса бутун давлат бюджети миқдорига деярли тенгдир, деди Яценюк.

ХВЖ миссияси Укриандаги иқтисодий вазиятни баҳолаш мақсадида 4-25 март кунлари Киевга борди. Миссия хулосаларига кўра, Украина “кейинги ойлардаги иқтисодий ва сиёсий беқарорликдан кейин барқарорликни бироз тиклашга эришган” лекин унинг олдида ҳали ҳам “мушкул муаммолар” сақланиб қолмоқда.

ХВЖ баёнотида айтилишича, “Украина ҳукумати билан иқтисодий ислоҳотлар амалга ошириш бўйича келишувга эришилган”.

Украинага таклиф қилинаётган кредитнинг берилиши ҳукумат томонидан муайан ислоҳотларнинг ваъда қилинишига боғлиқ бўлади.

ХВЖнинг Украинадаги миссияси раҳбари Николай Георгиев эълон қилган қарорга кўра, келаси икки йил давомида тақдим қилинадиган қўшимча кредитлар Украинага берилган қарзнинг умумий миқдорини 27 миллиард АҚШ долларига етказади.

Мазкур қарор апрель ойида ўтказилиши белгиланган ХВЖ Ижроия қўмитаси томонидан маъқулланиши керак.

Оқ уй вакиллари келишувга эришлганини “халқаро ҳамжамият томонидан Украина ҳукумати қўллаб-қувватланаётгани тўғрисида кучли мужда”, дея олқишлади.

Бош вазир Яценюк ХВЖ кредитисиз Украина ялпи ички маҳсулоти миқдори кескин тушиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

- Агар ХВЖ шартларида кўрсатилган қонунлар қабул қилинмаса, ҳукумат дефолтга учраши ва ялпи ички маҳсулот ҳажми 10 фоизга қисқаришини башорат қиляпмиз, деди Яценюк.

Парламентда қилган чиқишида бош вазир жорий йилда инфляция даражаси 12 фоиздан 14 фоизгачани ташкил қилиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Айни пайтда, деди Яценюк, Украинанинг Москва билан Қрим минтақаси устида қарамақаршиликлари ҳам мамлакат иқтисодига салбий таъсир қилиши кутилмоқда.

- Шунингдек, Россия Федерациясининг жорий йилда икки томонлама савдо ҳажмини қисқартиришини ҳам кутяпмиз. Бу ҳам ялпи ички маҳсулот ҳажмига қўшимча бир фоизлик салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деди Украина бош вазири.

Яценюкнинг айтишича, Украина Россия гази учун тўлаётган ҳақ ҳам 79 фоизга ошиб, ҳар минг кубометри учун 480 АҚШ долларигача кўтарилади.

Чоршанба куни Украина ҳукумати 1 майдан ички истеъмолчилар учун газ нархини 50 фоизга оширишга келишиб олинганини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG