Линклар

logo-print

БМТ Бош ассамблеяси Россиянинг Қримни босиб олганини қоралади. Ўзбекистон бетараф


БМТ Бош Ассамблеяси Қримнинг аннексия қилинишини нолегитим деб эълон қилган “Украинанинг ҳудудий яҳлитлиги” тўғрисидаги резолюция бўйича овоз берди. Россиянинг Қримни аннексия қилганини қоралаган резолюцини 100 мамлакат қўллаб-қувватлади, 11 мамлакат унга қарши овоз берди ва 58 мамлакат, жумладан Ўзбекистон бетараф қолди.



БМТ Бош Ассамблеяси аъзоларининг мутлақ кўпчилиги пайшанба кунги овоз бериш жараёнида Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинишини ноқонуний, дея топди. "Украинанинг ҳудудий яҳлитлиги" тўғрисидаги резолюцияни 193 аъзодан иборат Бош Ассамблеядаги 100 мамлакат вакили қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон бу масалада бетараф қолган 58 мамлакатнинг бири бўлди. Ўзбекистон Украинадаги воқеалар хусусида иккита баёнотида мамлакатнинг ҳудудий яҳлитлиги ҳурмат қилиниши керак, деган позицяни билдирган эди.

Қозоғистон ва Молдова каби МДҲ бўйича Россиянинг ҳамкорлари ҳам бетараф қолди.

Резолюцияга қарши чиққан 11 давлат - Россиянинг ўзидан ташқари Арманистон, Беларус, Боливия, Венесуэла, Зимбабве, Куба, Никарагуа, Судан, Сурия ва Шимолий Корея бўлди.

Арманистон резолюцияга қарши чиққан бўлса, Озарбайжон уни қўллаб-қувватлади. Озарбайжоннинг айримачи Тоғли-Қорабоғ минтақасини ҳозирда Арманистон назорат қилади.

Россиянинг Украина ҳудуди ҳисобланган Қрим яриморолини аннексия қилгани қораланган резолюция ўтган ҳафта БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳам овозга қўйилган эди. Лекин хавфсизлик кенгашида вето ҳуқуқига эга Россия унга қарши чиқди.

Резолюция учун овоз берган мамлакатлар сони, кўпчилик дипломатлар башорат қилганидан кўпроқ бўлди. Бош ассамблеяга 193 мамлакат аъзодир.

Хавфсизлик кенгашидан фарқли ўлароқ Бош ассамблея резолюцияларига вето қўйиб бўлмайди. Айни пайтда Бош ассамблея қабул қилган резолюцияларни бажариш талаби ҳам йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG