Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:21

Ўзбекистоннинг икки олийгоҳи "МДҲдаги энг яхши ўқув юртлари" рўйхатида


Москвадаги “Эксперт” рейтинг агентлиги “МДҲ маконидаги 153та энг яхши олийгоҳ” рўйхатига Ўзбекистоннинг иккита олий ўқув юртини киритди. Булар Тошкентдаги Ўзбекистон Миллий Университети ҳамда Самарқанд Қишлоқ хўжалик институтидир.

Рўйхатни тузган Москвадаги “Эксперт” рейтинг агентлиги эксперти Егор Гриних Озодлик билан суҳбатда МДҲ маконидаги энг яхши олийгоҳлар рўйхати беш ярим минг респондент орасида ўтказилган сўров ҳамда статистик маълумотларга асосланишини айтади.

- Ўқитувчилар, иш берувчилар, олимлар, талабалар, олийгоҳ битирувчиларидан иборат беш ярим мингдан зиёд респондент фикрини ўргандик. Шунингдек, барча олий ўқув юртларидан статистик маълумотларни ҳам тўпладик. Олий ўқув юртларининг илмий методик базаси, профессор ва ўқитувчилар таркибини ўргандик. Шулар асосида рейтингни туздик, - дейди Егор Гриних.

Рўйхатга кирган 153та олий ўқув юрти бешта - А, В, С, D, E категорияларга ажратилган. А мукаммал даражада юқори, B жуда юқори, С юқори, D жуда қониқарли ва Е қониқарли.

А категорияга МДҲ ҳудудиги фақат битта олийгоҳ - Москвадаги Ломоносов номидаги университет кирган.

B категорияга кирган 18та олийгоҳдан учтаси Украинаники, биттаси Беларус, қолгани Россияники.

Ўзбекистоннинг Миллий университети ва Самарқанд Қишлоқ хўжалик институти рейтингдаги D категориядан жой олди.

Аслида 153та университетнинг ҳаммаси МДҲдаги энг яхши университетлардир, дейди Москвадаги “Эксперт” рейтинг агентлиги эксперти Егор Гриних.

- Ушбу рейтингга тушган барча 153 олийгоҳ МДҲдаги энг яхши ўқув юртлари ҳисобланади. Сабаби МДҲ маконидаги 12 давлатдан мингдан зиёд университет орасидан булар танлаб олинди, - дейди Гриних.

Энг яхши олийгоҳлар рейтингига кирган 153 олий ўқув юртларининг 70 фоизи техника соҳаси бўйича университетлардир.

- Бугунги меҳнат бозорида бошқарувчилар, иқтисодчилар ёки гуманитар соҳа мутахассисларидан кўра муҳандисларга талаб катталигидан далолат беради бу, - дейди Москвадаги “Эксперт” рейтинг агентлиги эксперти Егор Гриних.

Қишлоқ хўжалик соҳасини ўрганганлар хор бўлмайди

Самарқанд Қишлоқ хўжалик институти проректори Абдуғани Элмуродов ўзи ишлайдиган олийгоҳнинг МДҲдаги 153та энг яхши олийгоҳлардан бири, деб топилганидан мамнун эканини айтади.

- Кўпчилик абитурентлар юридик институтлари, молия ёки дипломатия университетларига киришни орзу қилади. Мен уларга шуни айтмоқчиман. Бутун дунё аҳолисини шу вақтгача ер боқиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Бу заминнинг технологиясини ўрганадиган, шу заминда яшайдиган барча аҳолини кундалик истеъмоли билан таъминлайдиганлар қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассиси бўлади. Бу соҳада ҳамиша иш бор, бундай одамлар ҳамиша элни ардоғида бўлади, ишсиз қолмайди, - дейди Элмуродов.
Тошкентдаги Миллий университет талабаси Севара ўзи ўқийдиган олийгоҳ МДҲда етакчи бўлишга лойиқ, деб ҳисоблашини айтади.

- Марказий Осиёдаги энг кекса университет бу. Яқинда 100 йиллигини нишонлаймиз. Ўзбекистондаги энг катта профессорлик ва малакали ўқитувчиларига эга, энг катта университетку. МДҲдаги энг олди университетларидан бири деб айтсак бўлади, - дейди Усмонова.

Ўзбекистонда 57 та олий ўқув юрти бор. Мамлакатдаги олийгоҳлар орасида Тошкент Тиббиёт институти, Тошкент Ислом университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент Молия институти, Тошкент давлат юридик институти энг оммабоп ўқув юртлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Давлат тест марказига кўра, мазкур олийгоҳларда ҳар йили кириш имтихонлари пайти бир ўринга ўрта ҳисобда 13-15 абитуриент даъвогарлик қилади.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда абитуриентларни қабул қилиш коррупциялашган жараёндир. Ўқишга кириш учун энг катта пора талаб қилинадиган Ўзбекистондаги энг қиммат олийгоҳ Тошкент давлат юридик институти бўлиб, унга кириш абитуриент учун 20 минг АҚШ долларигача тушиши мумкинлиги айтилади.

Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университети ҳам "энг қиммат" ўқув юртларидан биридир.
XS
SM
MD
LG