Линклар

3 триллион қарз бўлган "Ўзкимёсаноат" раиси ишдан олинди


"Ўзкимёсаноат" давлат ширкати таркибига Ўзбекистондаги 14 кимё заводи киради.

"Ўзкимёсаноат" давлат ширкати таркибига Ўзбекистондаги 14 кимё заводи киради.

“Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Ҳамидулло Шерматов ишдан олинди. Ўзбекистондаги кимёвий заводларни бирлаштирувчи давлат ширкати бошқарув назорати кенгаши 25 март кунги мажлисда, 4 йилдан бери раис лавозимни эгаллаб келган Шерматовнинг ўрнига унинг ўринбосари Нормат Иброҳимовни тайинлади. Ўтган ойда “Ўзкимёсаноат” таркибига кирувчи Олмалиқ шаҳридаги “Аммофос-Максам” корхонасида 500 тонна сульфат кислотаси сизиб чиқиб, қарийб 1 гетар майдонга тўкилган эди. Расмийлар Шерматовнинг ишдан олинишига давлат компаниясининг қарзи кўпайиб кетганини сабаб қилиб кўрсатмоқда.



“Ўзкимёсноат” давлат акциядорлик ширкати бошқаруви раиси 25 март куни лавозимидан четлатилганини мазкур идора вакили Озодликка тасдиқлади. Унинг айтишича, Ҳамидулло Шерматовнинг ишдан олинишига Ўзбекистондаги ўндан ортиқ корхонани бирлаштирувчи давлат компаниясининг қарздорлиги ҳаддан ортиқ кўпайиб кетгани сабаб бўлган.

“Дебит билан кредит ўртасидаги номутаносиблик ҳаддан ортиқ ошиб кетгани сабаб қилиб кўрсатилди”, деди Озодлик суҳбатлашган мутасадди.

Унинг айтишича, бошқаруви назорат кенгаши “Ўзкимёсаноат” ширкатининг қарзи 3 триллион сўм (1,3 миллион АҚШ доллари)дан ошиб кетгани боис Шерматовнинг тўрт йиллик фаолияти самарасиз, деб баҳолаган.

“Ўзкимёсаноат” вакилига кўра, 2010 йилдан бери давлат акциядорлик ширкатига раҳбарлик қилган Шерматовнинг ўрнига унинг ўринбосари Нормат Иброҳимов вақтинча раис вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Uzmetronom нашрининг пайшанба куни ёзишича, Шерматов ўзи раҳбарлик қиладиган компания Жиззах махсус индустриал зонасида қурилаётган пластмасса маҳсулотлари заводини Наврўз байрамига топшира олмагани боис ишдан ҳайдалган. Янги корхонанинг вақтида топширилмагани эса, ширкатнинг қарздорлиги билан боғлиқ, дея ёзди Uzmetronom.

Озодлик суҳбатлашган “Ўзкимёсноат” мутасаддиси бу хабарни тасдиқламади. Унинг айтишича, қарздорликдан қатъий назар Жиззахдаги завод қурилиши давом этмоқда.

Шерматов “Ўзкимёсноат” таркибига кирувчи Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги “Аммофос-Максам” корхонасида авария рўй берганидан бир ой ўтиб ишдан олингани кўпчилик эътиборини тортмоқда. 21 февраль кунги ҳодисада кимё заводи омборларидан биридаги катта идишнинг шикастланиши натижасида 500 тонна сульфат кислотаси сизиб чиқиб, қарийб 1 гетар майдонга тўкилган эди.

“Аммофос-Максам” заводидаги Озодлик манбасининг айтишича, авария оқибатларини бартараф қилиш ишларига назорат этиш учун ўша пайтда “Ўзкимёсноат” раиси ўринбосари бўлган Нормат Иброҳимов шахсан Олмалиққа борган.

Озодлик манбасининг яна айтишича, тўкилган 500 тонна сульфат кислотасининг катта қисми йиғиштириб олинган ва авария оқибатларини бартараф қилиш бўийча Иброҳимов иштирокидаги амалиётга ижобий баҳо берилган.

“Тўкилган кислотанинг 400 тоннадан ортиғи йиғиштириб олиниб, ишлаб чиқариш мақсадларига юборилди. Йўқотиш минимал бўлди. Кўрилган зарар ҳам катта бўлмади, ҳозир атроф муҳитга етказилган зарар учун табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига 2 миллион 800 минг сўм тўлашимиз керак бўляпти холос. Завод ходимлари ёки корхона яқинидаги аҳоли пунктларига ҳеч қандай зарар етмади”, деди “Аммофос-Максам” заводи вакили.

Лекин, етказилган зарар миқдорини баҳолаш ишлари якунланганича йўқ, дея қўшимча қилди у.

Ҳамидилло Шерматов 2010 йил августида “Ўзкимёсноат” бошқаруви раиси этиб тайинланган эди.

“Ўзкимёсноат” раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган Нормат Иброҳимов раҳбар ўринбосарлик лавозимига 2013 йилда келган эди.

Ундан аввал эса асли хоразмлик бўлган Нормат Иброҳимов “Ўзкимёсноат” таркибига кирувчи энг йирик корхоналардан бири Фарғона шаҳридаги “Азот” заводида бош механик бўлиб ишлаган.

“Ўзкимёсноат” таркибига 14 саноат корхонаси киради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG