Линклар

logo-print

Андижон Қишлоқ хўжалик институтида талаба талабани уриб ўлдирди


Воқеа гувоҳларига кўра¸ 1-курс талабаси ўз қорнига зарб билан туширилган бир муштдан сўнг жон берган.

Воқеа гувоҳларига кўра¸ 1-курс талабаси ўз қорнига зарб билан туширилган бир муштдан сўнг жон берган.

Озодлик манбаларининг хабар қилишича¸ институт ëтоқхонасида 17 март куни кечқурун юзага чиққан зўравонлик оқибатида Агрономия факультети талабаси оламдан ўтган. Зинадан тушаëтганида туртиниб кетгани учун 1-курс талабасини бир уриб ўлдириб қўйган 3-курс талабаси устидан очилган жиноят иши тергови ҳали ниҳоясига етмаган.

Андижон Қишлоқ хўжалик институти ëтоқхонасида 17 март куни рўй берган фожиа ҳақидаги хабар Озодликка 28 март куни етиб келди.

Озодлик ўрганишга муваффақ бўлган тафсилотларга кўра¸ воқеа куни кечқурун соатда 8 ларда¸ 1-курс талабалари ëтоқхонанинг овқатланиш хонасидан тушиб келаëтганида рўй берган.

Агрономия факультетининг 3-курсида ўқийдиган 24 яшар Беҳзод Маъмуров 2-қаватга чиқаëтганида зинапояда ўзига туртиниб кетган 1-курсда ўқийдиган Умиджон Останаевни¸ “Сен ўзингдан катта курсларни танимайсанми¸ йўл бермайсанми?” деб қорнига мушт туширган. 21 яшар Умиджон воқеа жойида ҳушдан кетган¸ ëтоқхонадаги навбатчи ўқитувчи ва бошқалар дарҳол тез ëрдам чақиришган. Аммо тиббиëтчилар ҳаракати натижа бермаган¸ мутахассислар тахминича¸ зарбнинг натижасида ошқозондаги овқат ўпка йўлига ўтган ва зудликда ўлим рўй берган.

Ота-онасининг биргина ўғли бўлган Умиджон эртаси куни ўзи туғилиб ўсган Булоқбоши туманига дафн этилган; 3-курс талабаси Беҳзод Маъмуров устидан жиноий иш очилган ва ҳозирда ҳибсда сақланмоқда.

Андижон Қишлоқ хўжалик институти¸ хусусан¸ Агрономия факультети ходимларига кўра¸ фожиа рўй берганидан бери олийгоҳ марҳумнинг оиласидан мунтазам хабар олган¸ уларга маънавий дастак беришга уринган.

Аммо Озодлик суҳбатлашган Умиджоннинг яқинларидан бири¸ бундай ëрдам ҳақида телефонда гапиришни истамади. “Марҳумнинг ота-онаси гаплашадиган аҳволда эмас¸ улар ҳатто терговга ҳам бир марта боришди¸ холос” деди Озодлик суҳбатлашган марҳум талаба яқинларидан бири.

“Биз ҳозир ҳеч нарса дея олмаймиз¸ тергов давом этмоқда. Тергов хулосасини ҳали оиласига беришмади. Умиджонни ўлдирган қилмишига яраша жазо олишини сўраймиз энди”¸ деди марҳумнинг Озодлик суҳбатлашган қариндошларидан бири.

Айни пайтда¸ талаба ўлимидан кейин ўтган 10 кун ичида Андижон Қишлоқ хўжалик институти раҳбарияти талабалар орасида ўнлаб мажлис ўтказиб¸ уларни “дедовшина” оқибатларидан огоҳлантирмоқда¸ дейди Озодликнинг Андижондаги манбаларидан бири.

Ўзбекистон олийгоҳларида мавжуд “дедовшина” асосида юқори курс талабаларининг ўзидан пастдагиларга зўравонлик қилиши оқибатида ўтганда ҳам қотилликлар содир бўлган эди.

Хусусан¸ Қарши Давлат университети Тарих факультети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси ўтган йил 16 сентябрь куни шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини пахта даласида пичоқлаб қўйди.

Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди. 2-курс талабасининг¸ юқори курсда ўқийдиганлар ўзига қилган мунтазам тазйиқ¸ хусусан¸ ҳар кун уларга пахта териб беришдан безгани оқибати пичоқбозликка қўл ургани айтилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG