Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:30

Эрдўғон –Гулан уруши янги босқичга ўтди; Youtube қурбон этилди


Туркия раҳбарларининг Сурияга нисбатан ҳарбий амалиëтлар режаси муҳокама этилган махфий йиғини аудиоси Youtube порталида пайдо бўлиши ортидан¸ Анқара бу портални ëпиб қўйди. Ҳукумат раҳбарлари хос суҳбат ва махфий йиғинлари ëзувларининг фош этилиши учун турк расмийлари АҚШда яшаëтган “Нурчилар” ҳаракати раҳнамоси Фатҳуллоҳ Гулан ва унинг ҳуқуқ тизимларидаги агентларини айбламоқда.

Пайшанба куни Youtube.com порталида Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довудўғли раислигида ўтказилган махфий хавфсизлик йиғини аудиоси пайдо бўлди.

“Агар Туркияда бирор учрашувда айтилганлар сир қолиши керак бўлса¸ бу айнан шунақа учрашув эди”¸ деб ëзди бу воқеани шарҳлаган New York Times газетаси.

Туркия хавфсизлик хизмати раиси ва энг олий генераллар иштирокидаги бу ўта махфий йиғин иштирокчилари Сурияга қарши ҳарбий ҳужум уюштиришни оқловчи баҳона топиш ҳақида гапирадилар. Шундай баҳоналардан бири ўлароқ¸ Сурия ичкарисидаги Туркия ҳудуди саналган бир гектарлик майдондаги Усмонли императорлиги асосчисининг бобоси Сулаймон Шоҳ мақбарасига ҳужум уюштириш тилга олинади.

Бундай энг махфий йиғиндаги гапларнинг ўғринча ëзиб олиниши ва Youtubeга қўйилиши Эрдўғон ҳукуматини шарманда қилишга қасд қилган кучлар қўлининг қанчалик узунлигини яна бир бор намойиш қилди ва Туркия раҳбарларининг кескин қаҳрига учради:

-Бош вазиримиз¸ вазирлар ва юқори даражали расмийлар суҳбатларини ëзиб олиш Туркия давлати ва миллатимизга қарши очиқ уруш эълон қилишдир¸ деди 28 март куни Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довудўғли.

- Бу ҳужумни амалга оширганлар нишони аниқ. Ҳужумчилар Туркияни заиф қилиб кўрсатмоқчилар. Бу ишни қилганлар Сулаймон Шоҳ мақбарасини асраш учун қўлламоқчи бўлган эҳтиëт чораларимизни йўққа чиқармоқчилар ва бу иш билан бу мақбара ҳудудида жойлашган аскарларимиз хавфсизлигига нисбатан жиддий таҳдид туғдирмоқчилар¸ деб давом этди Анқара дипломатлари раҳбари.

27 март кунги махфий йиғинда айтилган гапларнинг ўша куниëқ Youtubeга қўйилиши ортидан мазкур йиғин бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлиги биносида махфий ëзиб олиш мосламаларини қидириш амалиëти амалга оширилди. Давлат сирининг бунчалик тез ва бунчалик қўрқмасдан фош этилишидан туғилган ғазаб оқибатида Анқара ҳукумати Youtube порталини ëпиб қўйди.

Қизиққонлик билан қабул қилинган бундай қарор дарҳол ҳам Европа Иттифоқи¸ ҳам АҚШ томонидан танқидга учради:

- Биз табиийки¸ Twitter ëпилганида айтганим каби¸ сўз ва ифода эркинлигига раҳна солувчи ҳар қандай ҳаракатга қаршимиз. Шу боис Туркия ҳукуматидан ўз фуқароларининг нафақат Youtube¸ балки Twitterга киришларини ҳам очиб қўйишни сўраймиз. Кеча конституциявий маҳкама ҳукуматнинг Twitterни тўсиш қарорини тўхтатди ва уни бекор қилиш учун 30 кунлик муҳлат берди.
Умид қиламизки¸ Анқара ҳукумати суд қарорини бажаради¸ деди Youtube ëпилишига муносабат билдирган АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Марие Ҳарф.

Туркияда кейинги ҳафталар ичи давлат арбоблари махфий суҳбатлари ëзиб олинган аудиокомпроматлар тўлқини юзага чиқди ва Эрдўғон ҳукумати бу уруш учун АҚШда ўринлашган Фатҳуллоҳ Гуланни айбламоқда.

Давлат ва ҳукумат тизимларига узоқ йиллар давомида сиздирилиб¸ аксар муҳим лавозимларни эгаллаган гуленчилар¸ бу айбловга кўра¸ Эрдўғон ҳукуматини халқ олдида обрўсизлантириш орқали уни ҳокимиятдан ағдариш режасига киришган.

Туркия сиëсий ҳаëтида таъсири кучли бўлган бадавлат Фатҳуллоҳ Гулан бундай айбларни рад этмоқда.

Кейинги кунларда Туркиянинг Ражаб Тоййиб Эрдўғон бошчилик қилаëтган ҳукумати тобора кўрпаси калта одам ҳолига тушиб бормоқда – очилган бир томонини ëпиб улгурмай¸ бошқаси очилиб қолмоқда.

“Катта пора” жанжали доирасида аввалига вазирлар ва улар ўғиллари ва яқинларининг бизнес келишувларига оид сирлар фош бўлди. Бу фош этишлар ўнлаб одамнинг қамали ва кетма-кет тўрт вазирнинг истеъфога кетишига олиб келди.

Ҳукумат бу фош этишлар учун ўзи ва партиясини яқинлашаëтган сайловлар олдидан обрўсизлантиришга қасд қилган гуланчиларни айблаб¸ унинг прокуратура ва полициядаги юзлаб муридларини ишдан бўшатди.

Ҳукумат биринчи ҳамлани даф этишга улгурмай туриб¸ Эрдўғоннинг ўз ўғли билан хос суҳбати ëзуви Youtube порталида пайдо бўлди. Эрдўғон томонидан монтаж қилингани иддао этилган бу ëзувларда бош вазир ўз ўғлига уйдаги миллионлаб ноқонуний келган нақд евродан тезроқ қутулишни тавсия этади.
XS
SM
MD
LG