Линклар

Кокини 80 минг евро гаров эвазига уй қамоғига чиқарилди


Эрик Кокини Гулнора Каримова билан бирга.

Эрик Кокини Гулнора Каримова билан бирга.

27 март куни Москва маҳкамаси Ўзбекистонга экстрадицияси сўралган франциялик тадбиркор Эрик Кокинини 4 миллион рубл (тахминан 110 минг АҚШ доллари) гаров эвазига озодликка чиқарди. Адвокатлар Кокини тергов якунлангунга қадар Россияда суд назорати остида қолишини билдирмоқда.

27 март, пайшанба куни Москва вилояти суди Ўзбекистонда фирибгарлик ва солиқ тўламаганликда айбланаётган Франция фуқароси Эрик Кокинини уй қамоғига чиқаришга қарор қилди.

48 ёшли бизнесмен Кокини 4 миллион рубл ёки 80 минг евро гаров пули эвазига суд ҳукми чиқарилгунча уй қамоғида қолади. Суд томонидан белгиланган муддат давомида Эрик Кокинига Россияни тарк этиш ҳам таъқиқланди.

Кокинининг адвокатлари Филипп Сусси ва Пол Соллакаролар “енгил тортгани, бироқ унинг тўлиқ озодлиги ҳақида гапиришга эрта” эканини ҳам қўшимча қилди Nicematin.com сайти журналистларига. “Бу бизнинг биринчи ғалабамиз, холос”, деди адвокатлар.

Озодликнинг Москвадаги манбаси Кокини адвокатлари судга иккита асосий далилни келтиргани ва шу асосида аппеляция ишини ютиб чиққанини маълум қилди. Ҳимоячилар, биринчидан, Эрик Кокини Ўзбекистонга бериб юборилса, қийноқ-азобларга солиниши мумкинлиги ва иккинчидан, бизнесменнинг экстрадицияси Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Конвенциясига зид келишига урғу берган.

Эрик Кокини кейинги ҳафтанинг сешанба ёки чоршанба куни қамоқдан чиқарилиши кутилмоқда.

Манбамизга кўра, франциялик тадбиркорга маҳаллий суд томонидан белгиланган ҳибсда сақлаш муддати 14 июль куни ўз ниҳоясига етиши боис, Кокини экстрадицияси иши жорий йилнинг май-июнь ойларида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Айни пайтда Франция Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари Эрик Коккини жиноий иши юзасидан “хориждаги суд маҳкамаларига аралашишга ҳаққи йўқ”, деган расмий баёнот билан чиқди.

Кузатувчи Эрик Кокининг ҳибсга олинишини Гулнора Каримовага Ўзбекистонда бошланган босим кампанияси билан бевосита алоқадорлигига боғлади. У йиллар давомида Каримова хонимнинг бизнес-империясида маслаҳатчилик қилган ва Европа фирмалари билан ўртакашлик қилиб келган Эрик Кокини анча-мунча маълумотларга эга бўлиши сабабли Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборини ўзига қаратаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Эрик Кокинининг рафиқаси, асли ўзбекистонлик Дилдора Кокини Франция матбуотига берган интервьюсида, эрининг гаров эвазига озод қилинишидан хурсандлигини таъкидлади.

27 январь куни қамоққа олиниши биланоқ Эрик ҳимоясига Фейсбук ва бошқа ижтимоий тармоқларда махсус саҳифалар очилди. Эрик Кокинининг рафиқаси Дилдора Кокини турмуш ўртоғи ҳимояси учун Францияда ташкил этилган бу ҳаракатга бошчилик қилмоқда.

Эрикнинг отаси яқинда Москвага бориб қайтган ва ўғлининг иши ижобий ҳал этилиши тўғрисида хушхабар олиб келган.

48 ёшдаги Эрик Кокини январь ойи охирида Ниццадан Москвага учиб келган пайтда Шереметьево аэропортида қўлга олинган эди.

90-йилларда Ўзбекистонда яшаган Эрик Кокини Тошкент томонидан шериклари билан бирга бир неча йил мобайнида хорижий давлатлар, молиявий тузилма ва банклар томонидан йирик инвестицион дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида ажратилган катта маблағни ўзлаштирганликда гумонланмоқда.

Жорий йилнинг 14 февраль куни Москва суди қарори билан суриштирув давомида 6 ойлик ҳибсда сақлашга қарор қилинган франциялик тадбиркор Эрик Кокинининг Москвадаги адвокатлари суд қарори устида шикоят аризасини киритган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG