Линклар

Муҳаммад Солиҳ: Ўзбекистоннинг Украина яхлитлиги ҳақидаги фикрини қувватлаймиз!


БМТ Бош Ассамблеяси Қримнинг аннексия қилинишини ҳақиқий эмас, деб эълон қилган “Украинанинг ҳудудий яхлитлиги” тўғрисидаги резолюция бўйича овоз берди. Россиянинг Қримни аннексия қилганини қоралаган резолюцияни 100 мамлакат қўллаб-қувватлади, 11 мамлакат унга қарши овоз берди ва 58 мамлакат, жумладан, Ўзбекистон бетараф қолди.

Озодликнинг Қурултой эшиттиришида ушбу мавзуни муҳокама қилдик. Эшиттиришда Америка овози радиоси мухбири Навбаҳор Имомова¸ сиëсатшунослар Комрон Алиев¸Тошпўлат Йўлдошев иштирок қилди.

Дастурда қатнашган Ўзбекистон мухолифати етакчиларидан бири¸ Ўзбекистон Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ "Украинанинг ҳудудий яхлитлиги" тўғрисидаги резолюция масалада бетараф қолган расмий Тошкент позициясини қувватлашини билдирди:

- Албатта Ўзбекистоннинг ташқи сиëсатида қилган ишларини кузатадиган бўлсак, мана шу Қрим масаласидаги ўзининг тутган позицияси, балки 25 йиллик Каримов ташқи сиëсатининг энг кўзга кўринарли ва энг жиддий позиция эканлигини кўрамиз. Яъни ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон ўзининг бир давлат эканини жуда катта бўлмаса ҳам битта жест билан кўрсатди. Шу маънода мана бу жим турган ëки Русиянинг босқинчи сиëсатини қўллаб турган турк жумҳуриятлари ичида, умуман Ўрта Осиë жумҳуриятлари ичида Ўзбекистон ҳақиқатан ўзининг обрўсини мана шу онда бироз сақлаб қолди. Шунга ҳам шукур¸ деб таъкидлади Муҳаммад Солиҳ Озодликнинг Қурултой эшиттиришида.

Ўзбекистон Украинадаги воқеалар хусусида иккита баёнотида мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилиниши керак, деган позицияни билдирган эди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг БМТдаги бетарафлигини қандай изоҳлаш мумкин?
Ўзбекистоннинг бу масаладаги тарафи қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб берган Муҳаммад Солиҳ “Биз мазлумлар тарафидамиз” деб жавоб берди.

- Бизнинг тарафимиз мазлумлар тарафида бўлади. Адолат тарафида бўлиши керак бизнинг тарафимиз. Шу маънода биз албатта ери ишғол қилинган мазлум Қрим халқи тарафидамиз. Биринчидан, тарихий нуқтаи назардан қараганда ҳам бугунги Қрим тупроқлари скифлардан бошлаб то бугунга қадар доим турклар яшаган, туркий халқ деб айтишади, русчадан "калка" қилиб таржима қилганда. Аслида турклар яшаган бир тупроқдир. Бугун ҳам турклар яшаяпти ўша ерда, оз бўлса ҳам, кам сонли бўлса ҳам. Шунинг учун ҳам бу турк тупроғидир ва буни босиб олган, ўзича гўë тарихий баҳоналар билан гўë аввалдан “Бу Русиянинг тупроғи эди. Биз уни фақат қайтариб олаяпмиз” деган баҳоналар билан аннексия қилган рус давлати албатта босқинчилик сиëсатидир. Бу аннексиядир, бу бир экспансив сиëсатнинг балки бошлонғич қадамларидир. Шунинг учун ҳам бу сиëсатни биз мутлақо қабул қила олмаймиз ва қабул қилганлар ҳам ë шуурсиз, ë жоҳил ë хоинлардир.

Россия Украинанинг Қримини аннексия қилиб олганидан бери шу мавзудаги хабарларимизга тингловчиларимиздан, айниқса, Россияда ишлаб юрган ўзбекистонликлардан келаётган шарҳларнинг бир қисмида россияпарастлик руҳи яққол сезилмоқда. Қурултой дастурида Муҳаммад Солиҳ бу масалага ҳам муносабат билдирди:

- Бу инсонлар демак ҳали ҳам онгини мустақил қилиб ололмаган. Буларнинг онги ҳали ҳам қуллик занжирлари билан ўраб-чирмалган онг соҳиблари бу инсонлар ким бўлишидан қатъий назар. Ичида бизга яқин бўлган дўстларимиз ҳам бор. Аммо афсуски, 25 йил мустақиллик деб булар бонг урдилар. Демак, ҳали ҳам буларнинг онги қуллик занжири билан ўраб-чирмалиб ëтибди. Буни, айниқса менга жуда қаттиқ ботади, шоирларимиз, бугунги миллатнинг гуллари ҳисобланган интеллигенция айтаëтгани жуда инсонга қаттиқ ботади. Ҳали мустақиллик нима эканини тушунмаган бу инсонлар. 25 йилдан бери мустақилмиз, деб булар мадҳ қилаяпти Каримов режимини. Аслида мустақиллик фақат Каримов ва унинг режимининг мустақиллиги. Лекин уларнинг ичида мустақиллик кайфияти борми? Уруш пайтида биз орзу қилган мустақилликни айтаяпман. Демак улар фақат бу нарсани бир шеърий образ сифатида қараган ва ҳеч қачон мустақилликнинг илдизига етиб бормаган жоҳил ақллилар булар, кечирасиз¸ деб таъкидлаган Муҳаммад Солиҳ.

Суҳбатдош ушбу муаммонинг илдизлари ҳақида ҳам изоҳларига ҳам тўхталиб, улар ҳақиқий мустақилликни англаб етмагани асосий сабаб экани ҳақида гапирди.

- Буни юқорида ҳам айтдим. Англаб етганларининг ҳам жуда кўпчилиги юрт ташқарисига сургун қилинди ëки қамалди. Миллатнинг олдидаги лидер кадрлар ҳаммаси ҳозир юрт ташқарисида, қамалган ëки уларга минбар берилмаяпти Ўзбекистон ичида. Шунинг учун ҳам зиëли, деб айтаëтган маддоҳлар тўдаси бугун Ўзбекистон ичидаги режим идеологиясини бошқариб турган бир тўдадир. Буларнинг ҳеч қачон мустақиллик деган дарди зотан бўлмаган. Совет даврида ҳам, бугун ҳам Каримовнинг айтган мустақиллиги буларнинг онгида. Шунинг учун ҳам бу аҳволдамиз. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон бугун ўзининг қуллигини қучоқлаб, ўзининг қуллигига мадҳ айтаëтган халқ бўлиб кўринаяпти. Лекин халқнинг ичида барибир ҳам 70-80 йилларда кўрганимиз, шоҳид бўлганимиз кучлар миллатнинг виждони деб аталишга лойиқ бўлган кучлар ҳали ҳам ўша халқнинг устида яшаяпти.

Аслида Ўзбекистоннинг ҳозирги нимаси бетараф эмас. Аслида бир тараф тутди Ўзбекистон ва бу бизни жуда қувонтирди. Биз Каримовни ëмон кўрамиз, режимни ëмон кўрамиз, аммо бугунги ташқи сиëсатдаги позициясини мен қўллаб-қувватлайман Ўзбекистоннинг. Бу жуда тўғри позиция. Украинанинг қисми ҳисобланган Қрим ярим оролини руслар босиб олди ва бу ҳақиқатни Ўзбекистоннинг англаши бетарафлик эмас балки тарафдир, деди суҳбатдош.

Қурултой эшиттиришини тўла ҳолда қуйида тинглаш мумкин:
Узр, лекин бу хизмат ҳозирча ишламайди

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG