Линклар

27 март, пайшанба куни Москва вилояти суди Ўзбекистонда фирибгарлик ва солиқ тўламаганликда айбланаётган Франция фуқароси Эрик Кокинини уй қамоғига чиқаришга қарор қилди.

48 ёшли бизнесмен Кокини 4 миллион рубл ёки 80 минг евро гаров пули эвазига суд ҳукми чиқарилгунча уй қамоғида қолади. Суд томонидан белгиланган муддат давомида Эрик Кокинига Россияни тарк этиш ҳам таъқиқланди.

Эрик Кокини кейинги ҳафтанинг сешанба ёки чоршанба куни қамоқдан чиқарилиши кутилмоқда.

Манбамизга кўра, франциялик тадбиркорга маҳаллий суд томонидан белгиланган ҳибсда сақлаш муддати 14 июль куни ўз ниҳоясига етиши боис, Кокини экстрадицияси иши жорий йилнинг май-июнь ойларида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

48 ёшдаги Эрик Кокини январь ойи охирида Ниццадан Москвага учиб келган пайтда Шереметьево аэропортида қўлга олинган эди.

90-йилларда Ўзбекистонда яшаган Эрик Кокини Тошкент томонидан шериклари билан бирга бир неча йил мобайнида хорижий давлатлар, молиявий тузилма ва банклар томонидан йирик инвестицион дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида ажратилган катта маблағни ўзлаштирганликда гумонланмоқда.

Жорий йилнинг 14 февраль куни Москва суди қарори билан суриштирув давомида 6 ойлик ҳибсда сақлашга қарор қилинган франциялик тадбиркор Эрик Кокинининг Москвадаги адвокатлари суд қарори устида шикоят аризасини киритган эди.
XS
SM
MD
LG