Линклар

Атамбаев арзон керосин олиш учун "Манас"ни Россияга сотмоқчи


"Манас"аэропортининг Россияга сотилишига қарши намойиш.

"Манас"аэропортининг Россияга сотилишига қарши намойиш.

Бишкекдаги “Манас” аэропорти ҳудудидан 2014 йил июлигача АҚШ ҳарбийлари олиб чиқиб кетилгач, аэропорт Россияга сотилиши мумкин. Бу ҳақда Қирғиз расмийлари Москва билан музокаралар олиб бораётгани хабар қилинди.

Президент Атамбаев “Манас” аэропортини Россиянинг “Роснефть” ширкатига сотилиши мақсадга мувофиқ бўлишини маҳаллий телеканаллардан бирига берган суҳбати чоғида таъкидлаб ўтди.

Атамбаев ҳозирча аэропорт акцияларининг неча фоизи Россияга сотилиши юзасидан аниқ қарорга келинмаганини, бу масалани парламент ҳал қилишини билдирди.

Қирғизистон Бош вазирининг ўринбосари Жўўмарт Ўтўрбаев эса “Манас” аэропортига 8 та хорижий давлат харидор бўлаётганини, бугунги кунда уларнинг барчасидан таклифлар олинганини айтди. Унга кўра, бугунгни кунда қайси давлатнинг ширкати билан ҳамкорлик қилиш масаласи ҳал этилмаган.

Қирғиз расмийларининг айтишларича, хориж ширкатлари “Манас” аэропорти инфраструктурасини яхшилаш ва унинг халқаро транзит маркази бўладиган хабга айланишига сармоя ётқизишга тайёр эканликларини билдирган.

- Бу ишни амалга ошириш учун давлат ҳазинасида маблағ йўқ. Шунинг учун сармоядорларни жалб қилишга мажбурмиз, деб билдирди Жўўмарт Ўтўрбаев.

Президент Атамбаев эса Бишкекдаги телеканлалардан бирида қилган чиқишида аэропортни “Роснефть” ширкатига сотиш фойдалироқ бўлишини таъкидлади:

-“Роснефть”га акцияларнинг 49 фоизини ёки 51 фоизини сотиш масаласини парламент ҳал қилади. “Манас” аэропорти бундан буён ҳам ўз фаолиятини давом эттириши, ривожланиши учун бизга арзон керосин керак. Агар “Манас” аэропортида Олмаота,Остона, Тошкент, Душанбе аэропортларига нисбатан арзон керосин бўлса, у ҳолда Бишкек аэропорти билан ҳеч ким рақобат қила олмайди. Арзон керосинни эса бизга “Роснефть” бера олади, -деб билдирди президент Атамбаев.

Айни пайтда Бишкекда вақти –вақти билан “Манас” аэропортини Россияга сотилишига қарши норозилик митинглари бўлиб ўтмоқда.

Норозилар фикрича, Россия Қамбарота -1 ГЭСи қурилиши акциясининг 51 фоизини, Бишкекдаги “Дастан” ҳарбий заводини ва “Қирғизгаз”ни сотиб олиш билан Қирғизистоннинг стратегик аҳамиятга эга корхоналарига хўжайинлик қила бошлади. Бу ҳолат давом этаверса, Қирғизистон ҳудди Совет Иттифоқи давридагидек яна Москвага қарам бўлиб қолиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG