Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:32

Тўрткўлда поезд тагида қолган машинада беш киши ҳалок бўлди


Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида юк поезди темир йўлни кесиб ўтаётган енгил машинани уриб юбориши оқибатида беш киши ҳалок бўлди. Ҳодиса 28 март куни эрталаб Тўрткўл туманининг Намуна қишлоғи ҳудудида содир бўлган.


Воқеа гувоҳларининг айтишларича, ичида олти одам бўлган Ford русумли машина поезддан олдин ўтаман, деб темир йўлни кесиб ўтишга уринган, лекин улгурмаган.

- Поезд темир йўлни кесиб ўтишга уринган машинага урилди. Машинани орқа қисми поездни релсини остида қолиб кетди. Машинани ичида олти одам бўлган. Беш киши ва бир бола. Улардан беш нафари ҳалок бўлди, бир нафари оғир аҳволда касалхонада ётибди. Ҳаммаси Элликқалъа тумани фуқаролари, - деди Озодлик билан суҳбатлашган тўрткўлликлардан бири.

Тўрткўл тумани Ички ишлар бўлими ходимларига кўра, ҳалокат автомобил ҳайдовчисининг хатоси туфайли содир бўлган.

- Шоферни эътиборсизлиги-да. Поезддан олдинроқ ўтаман, деб газга минган. Темир йўлда ҳар икки тарафда белги бор, поезд келаётганида маълум масофада тўхтаб туриши керак эди. Ҳозир бу юзадан тергов олиб борилмоқда. Қорақалпоғистон тергов бошқармасидан раҳбаримиз келиб, бу билан шахсан ўзи шуғулланмоқда, - деди Тўрткўл тумани ички ишлар бўлими расмийларидан бири.

Айрим манбалар ҳодиса пайти поезд ағдарилгани ва саккиз киши ҳалок бўлганини айтишган.

Лекин Тўрткўл Ички ишлар бошқармаси бу маълумотни рад этди.

- Қорақалпоғистоннинг Хўжаэли шаҳридан келаётган юк поездига шикаст етмади. Икки соатлик текширувдан сўнг поезд яна йўлида ҳаракатланишда давом этди,- деб билдирди Тўрткўл милицияси ходими.
XS
SM
MD
LG