Линклар

logo-print
Украинадаги Батькавшина партияси собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко номзодини президентликка расман илгари сурди.

Бугун партия қурултойида сўз олган Тимошенко мамлакатни ҳар бир қарич ери учун курашажагини ваъда қилди.

- Путин бизни озодликка интилаётганимиз, Европага интилаётганимиз учун жазоламоқчи. Қримдаги ходисаларга муносиб жавоб қайтара олмадик. Агар мени президентликка сайласангиз босқинчиларга бир сантиметр еримизни курашсиз топширмайман, - деди Тимошенко.

Украинадаги Озодлик парияси президентликка Олий Рада депутати Олег Тягнибок номзодини илгари сурди.

Россияда Озодлик партияси миллатчи ҳаракат деб тушунилади ва Тягнибокга қарши бу мамлакатда жиноят иши очилган.

Украинадаги Регионлар партиясидан эса Харьков вилояти губернатори Михаил Добкин президентликка даъвогарлик қиладиган бўлди.

Бугун Регионлар партиясининг қурултойида Добкин номзодини аксар кўпчилик қўллаб қувватлади.

Айни қурултойда собиқ президент Виктор Янукович ва собиқ бош вазир Сергей Азаровларни партия сафидан чиқариш ҳақида қарор олинди.

Украинада муддатидан олдин президентлик сайловлари 25 майда ўтказилиши режалаштирилган. Номзодлар 4 апрелгача рўйхатга олинади.

УДАР партияси раҳбари, украиналик боксёр Виталий Кличко май ойида муддатидан аввал ўтказилажак президентлик сайловига номзодини қўймаслигини билдирди.

Бугун Киевда қилган чиқишида Кличко сайловда украиналик миллиардер Петро Порошенко номзодини қўллаб-қувватлашини айтди.
XS
SM
MD
LG