Линклар

Қрим татарлари миллий мухторият барпо қилиш ҳаракатига тушди


Қрим татарлари мажлиси раҳбари Рефат Чубаров қурултой делегатлари қаршисида нутқ сўзламоқда, Боғчасарой, 2014 йилнинг 29 марти.

Қрим татарлари мажлиси раҳбари Рефат Чубаров қурултой делегатлари қаршисида нутқ сўзламоқда, Боғчасарой, 2014 йилнинг 29 марти.

Боғчасаройда шанба куни бўлиб ўтган қурултойда қрим татарлари яриморолда ўзларининг миллий ва ҳудудий мухториятини барпо қилиш бўйича сиёсий ва ҳуқуқий процедураларни бошлаш қарорига келдилар.


Қурултойда сўзга чиққан Қрим татарлари мажлиси раҳбари Рефат Чубаров анжуманга йиғилган юзлаб делегатларга ўз келажагини белгилаш учун Қрим татарлари ўртасида референдум ўтказиш ҳақида бир қарорга келиш таклифи билан мурожаат қилди.

- Биз Қрим татар халқининг миллий-ҳудудий мухторият шаклида ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ҳақида гапираяпмиз. Биз истисносиз барча мамлакатлар ҳукуматларига мурожаат қилаяпмиз. Биз айниқса ўз ҳудудларида федерация субъекти бўлган ва бу субъектларни барпо қилишга мазкур ҳудудларда яшовчи туб халқлар ҳуқуқи асос қилиб олинган давлатлар ҳукуматларига мурожаат қилаяпмиз, - деди Рефат Чубаров.

Жаноб Чубаров қурултой делегатларига яриморолда Қрим татарларининг миллий ва ҳудудий мухториятини барпо қилишга қаратилган сиёсий ва ҳуқуқий процедуралар бошланишини тасдиқлашни таклиф қилди.

Қурултойда Татаристон президенти Рустам Минниханов ҳам иштирок этди.

Минниханов қурултой иштирокчиларини Қрим татарларидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга уринаётган айрим кимсалар борлигидан огоҳлантирди.

- Қрим татарлари омилидан айримлар ўз манфаати йўлида фойдаланишга уринаётгани сир эмас. Мен бунинг жуда жиддий омил эканини тушунаман. Ва бу ерда узоқ муддатга мўлжалланган тўғри позицияни танлаб олиш лозим. Бу позиция тўғри бўлиши керак ва тақдир бизга инъом этган у ёки бу фурсатдан фойдалана олмаганимиз ҳақида кейин афсусланиб юрмаслигимиз лозим, - деди Рустам Минниханов.

Эътиборли жиҳати шундаки, ўтган 23 йил мобайнида қурултой илк бор Қрим татарлари мажлисининг собиқ раҳбари Мустафо Жамилов иштирокисиз ўтказилди. Қримнинг Россияга қўшиб олинишига кескин қаршилик қилиб келган Жамилов айни пайтда Нью-Йоркда бўлиб, душанба куни унинг БМТ Хавфсизлик кенгашида чиқиш қилиши кутилмоқда.

Боғчасаройда ўтказилган қурултойдан бир неча кун олдин у мазкур анжуманда Қримнинг мақоми бўйича ўз миллатдошлари ўртасида референдум ўтказиш масаласи қўйилиши ҳақида билдирганди. Мустафо Жамилов Қрим татарлари ўз референдумлари билан бутун дунёга Россия расмийларида уларнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилиш истаги йўқлигини кўрсатишни хоҳлаётганларини қайд этганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG