Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:10

Москвада ўзбек муҳожири ваҳшийларча ўлдириб кетилди


Москвада 30 мартга ўтар кечаси Ўзбекистон фуқароси ваҳшиёна ўлдириб кетилгани бўйича жиноий иш қўзғатилди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил таҳлилчилар бу ҳодисани рус миллатчилари ксенофобия асосида содир этган навбатдаги қотиллик, дея атади.

Москвада 30 мартга ўтар кечаси Ўзбекистон фуқароси ваҳшиёна ўлдириб кетилгани бўйича жиноий иш қўзғатилди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил таҳлилчилар бу ҳодисани рус миллатчилари ксенофобия асосида содир этган навбатдаги қотиллик, дея атади.


Россия Федерацияси Тергов қўмитаси якшанбага ўтар кечаси Москванинг Люблинский кўчасидаги ётоқхона яқинида чавақланган ва болта билан чопиб ўлдирилган 43 ёшли эркакнинг жасади топилганини маълум қилди.

Ўлдирилган кишининг Ўзбекистон фуқароси эканини маълум қилган Регнум ахборот агентлигига кўра, марҳум заводда қоровул бўлиб ишлаган.

Номаълум шахслар ҳужумига учраган ўзбекистонликнинг танасига 11 марта пичоқ урилган ва болта билан чопиб ўлдирилган.

Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастури раҳбари Елена Рябинина тахминича, Москвадаги ушбу ваҳший қотиллик маҳаллий рус миллатчилари томонидан амалга оширилган.

- Афтидан, бу қотиллик ашаддий миллатчилик руҳидаги ёшлар томонидан амалга оширилган. Турли миллатчилик шиорлари, жумладан, “Россия руслар учун” шиори улар учун ҳаёт мазмунига айланган, - дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Рябинина.

Ҳозирда мазкур мудҳиш қотиллик қандай рўй берганини аниқлаш ва уни содир этган шахсларни қидириб топиш бўйича тезкор қидирув ишлари давом этмоқда.

Дам олиш куни бўлгани боис Ўзбекистон фуқаросининг ваҳшиёна ўлдирилгани билан боғлиқ воқеа ҳақида Россия Федерацияси Тергов қўмитасидан батафсил маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Москвада истиқомат қилувчи мустақил социолог Абдусами Раҳмоновнинг қайд этишича, Россияда меҳнат муҳожирлари, жумладан, ўзбекистонлик муҳожирларга рус миллатчилари томонидан ҳужумлар уюштирилиши ва уларнинг ўлдирилиши кўп йиллардан бери давом этиб келаётганига қарамай, Россия расмийлари бундай фожеий воқеаларга панжа орасидан қараб келмоқда.

- Бу ваҳшиёна, инсоннинг табиатига мос келмайдиган ҳолатлар ҳақида кўп гапирилгандагина эътибор қаратилади ва шундан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар бунинг олдини олишга киришади. Ҳозирча Россияда бусиз бирор натижага эришиш имконсиз бўлиб туюляпти, - дейди мустақил социолог Абдусами Раҳмонов.

Москвадаги “СОВА” ахборот-таҳлилий маркази 13 февраль куни эълон қилган ҳисоботда 2013 йили Россияда “ноқонуний ишлаётган муҳожирлар зачисткалари”, ирқчилик, ксенофобия ва миллатчилик шиорлари остида рус миллатчилари қилинган ҳужумлар сони олдингига нисбатан кескин ошгани қайд этилган.

“СОВА” директори Александр Верховскийга кўра, ўтган йил Россияда ксенофобия руҳида камида 20 та қотиллик содир этилган.
XS
SM
MD
LG