Линклар

logo-print

Туркияда маҳаллий бошқарув органларига ўтказилаётган сайловда бир-бирига мухолиф партиялар тарафдорлари ўртасида содир бўлган тўқнашувда камида олти киши нобуд бўлди. Таҳлилчилар фикрича, Туркияда ўтказилаётган маҳаллий сайловлар Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон етакчилигидаги партия учун жиддий синовдир.

Туркияда маҳаллий бошқарув органларига ўтказилаётган сайловда бир-бирига мухолиф партиялар тарафдорлари ўртасида содир бўлган тўқнашувда камида олти киши нобуд бўлди.


Хабарларга кўра, тўрт киши мамлакат жанубий-шарқида жойлашган ва аҳолиси курд миллатига мансуб бўлган Юважиқ қишлоғида содир бўлган тўқнашувда ўлган.

Яна икки киши Туркия жанубида, Сурия чегарасига яқин жойлашган Хатой вилоятида рўй берган зўравонликда нобуд бўлган. Воқеада тўққиз киши яраланган.

30 март кунги сайловда рўйхатга олинган 52 миллион фуқаро мамлакат бўйлаб шаҳар ҳокимлари ва бошқа расмийларни сайлаш учун овоз бераяпти.

Сайловда олтита йирик сиёсий партия номзодлари иштирок этмоқда.

Мухолифатдаги энг йирик Республика халқ партияси номзодлари Анқара ва Истанбул шаҳарларида иқтидордаги Адолат ва тараққиёт партияси номзодларига асосий рақиб сифатида кўрилмоқда.

Сайлов арафасида коррупция билан боғлиқ жанжаллар Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон етакчилигидаги Адолат ва тараққиёт партиясига салбий таъсир кўрсатди.

Ижтимоий тармоқлар орқали сиздирилган аудио ёзувларда ҳукуматнинг юқори лавозимли расмийлари орасида коррупция тарқалгани иддао қилинди.

Бунга жавобан сайлов арафасида ҳукумат YouTube портали ва Twitter микроблогини ёпиб қўйди.

Ёмон сиёсий муҳит сабабли сайлов пайтида таранг вазият юзага келгани айтилмоқда.

Анқарада яшайдиган Улан Сабунчи Рейтерс мухбирига сайлов ҳақиқатан ҳам таранг муҳитда ўтаётганини айтди.

- Мен 74 ёшдаман. Шу пайтгача бирорта сайлов бундай таранг муҳитда ўтганини кўрмаганман. Мен бу сайлов биринчи ва охирги марта шундай сайлов бўлиб қолишига умид қиламан. Мен одамлар бу мамлакатни чин қалбидан севган ва мамлакат фаровонлиги йўлида ишлайдиган номзодлар учун овоз беришларини хоҳлайман. Мен ўзим шундай қилдим, - деди анқаралик Улан Сабунчи.

Туркия иқтисодиётини ривожлантирганлик учун ўз тарафдорлари томонидан олқишланган, аммо рақиблари томонидан “диктатор” деб аталаётган Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон шаҳар ҳокимлари лавозимига ўз партиясининг номзодлари билан бирга бир неча ҳафта давомида сайловолди кампаниясида фаол иштирок этди.

Таҳлилчилар фикрича, Туркияда маҳаллий бошқарув органларига ўтказилаётган сайлов Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон етакчилигидаги Адолат ва тараққиёт партияси учун жиддий синовдир.

Боиси маҳаллий сайловлар натижалари август ойида Туркия президенти лавозими учун ўтказиладиган сайловда Эрдўғоннинг қандай натижага эришишига таъсир этиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG