Линклар

Ўзбекистонда пул жўнатмаларига оид янги тартиб жорий этилади


Тошкентдаги Марказий банк биноси.

Тошкентдаги Марказий банк биноси.

2014 йилнинг 1 апрелидан Ўзбекистонда банклар ва пул жўнатмалари халқаро тизимлари операторлари ўртасидаги ҳамкорликка оид янги тартиб-қоидалар жорий этилади. Бу ҳақда Trend ахборот агентлиги Ўзбекистон молиявий доираларидаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Ўзбек расмийлари қарорига кўра, эндиликда бу мамлакатда ишламоқчи бўлган операторлардан халқаро рейтинг агентликлари рейтингига эга бўлиш ёки ўз ишончлилиги ва барқарорлигини тасдиқловчи банк кафолатларини тақдим этиш талаб этилади. Бундан ташқари, 1 апрелгача операторлар Ўзбекистондаги ўз ҳамкорлари бўлган банкларда хорижий валютада пул жўнатмаларининг бир кунлик минимал тўлови ҳажмига тенг миқдорда суғурта депозитини очишлари лозим бўлади.

Trend.az манбасига кўра, ҳозирда пул жўнатмалари бўйича ҳамкор операторларга янги тартиб-қоидаларга оид огоҳлантириш хатлари юборилган, бироқ шартнома бўйича мажбуриятларнинг ҳаммаси ҳам бажарилаётгани йўқ.

Бу орада Ўзбекистондаги бир қатор банклар айрим операторлар, жумладан, “Золотая корона” тўлов тизими орқали амалга оширилаётган операцияларни тўхтатди. Озодлик манбаларига кўра, янги тартиб-қоидалар Россияда “Мигом” тўлов тизими ёпилгани, бунинг натижасида Ўзбекистондаги кўплаб банклар зиён кўрганидан кейин қабул қилинган.

Ўзбекистонда “Мигом” тизими 15 та банк билан ҳамкорлик қилган ва 1,5 мингдан зиёд хизмат кўрсатиш шохобчасига эга бўлган.

Ўзбекистонда 15 тача пул жўнатма тизимлари фаолият кўрсатади. Россия Марказий банки маълумотларига кўра, 2013 йили жисмоний шахслар пул жўнатма тизимлари орқали Россиядан Ўзбекистонга 6,7 миллиард доллар миқдорида маблағ жўнатган. Бу эса 2012 йилдаги кўрсаткичдан 17,5 фоизга кўпдир.
XS
SM
MD
LG