Линклар

Эрдўғон ўз партияси ғалабасидан баҳс этди


Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон рафиқаси Эмине хоним билан, Анқара, 2014 йилнинг 30 марти.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон рафиқаси Эмине хоним билан, Анқара, 2014 йилнинг 30 марти.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз партияси маҳаллий сайловларда ғалаба қозонганини айтиб, сайловчиларга миннатдорчилик билдирди.


Якшанба куни ўтказилган сайловнинг дастлабки натижалари Эрдўғон бошчилигидаги Адолат ва тикланиш партияси қарийб 44 фоиз, унинг асосий рақиби бўлган Жумҳурият халқ партияси қарийб 26 фоиз, Миллиятчи ҳаракат партияси эса 18 фоизга яқин овоз олганини кўрсатмоқда.

- Бу ердан туриб истиқлолига, иродасига, ўлкасига, байроғига эга чиққан азиз миллатимга такрор-такрор ташаккур айтаман, - деди якшанба оқшомида Адолат ва тикланиш партияси қароргоҳи айвонидан туриб ўз тарафдорларига юзланган Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Бугун янги Туркия туғилганини урғулаган Эрдўғон “бу кун янги Туркия учун тўй кунидир”, деди.

Эслатиб ўтамиз, 30 март куни туркияликлар вилоят ва шаҳар ҳокимлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, қишлоқ ва туман оқсоқоллари ва аъзоларини сайладилар.

Туркия иқтисодиётини ривожлантирганлиги учун ўз тарафдорлари томонидан олқишланган, аммо рақиблари томонидан “диктатор” деб аталаётган Бош вазир Эрдўғон шаҳар ҳокимлари лавозимига ўз партиясидан номзодлар билан бирга бир неча ҳафта давомида сайловолди кампаниясида фаол иштирок этди.

Сайлов арафасида коррупция билан боғлиқ жанжаллар Эрдўғон партиясига салбий таъсир кўрсатди ва бу сайловлар, таҳлилчилар фикрича, Адолат ва тикланиш партияси учун жиддий синов бўлди.

Таҳлилчилар 30 март кунги маҳаллий сайловларни август ойида Туркия президенти лавозими учун ўтказиладиган сайловда Эрдўғон қандай натижага эришиши мумкинлигини кўрсатиб бера оладиган ўзига хос референдум ўлароқ баҳолагандилар.

Кеча бўлиб ўтган сайловларда давомат юқори бўлиб, унда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 52 миллион фуқародан қарийб 46 миллиони иштирок этди. Улар мамлакат бўйлаб очилган 194 мингдан зиёд участкада 26 партиядан кўрсатилган номзодлар учун овоз бердилар. Сайлов участкасидаги хавфсизликни 40 мингдан зиёд полициячи таъминлади.

Хавфсизлик чораларига қарамай, якшанба кунги сайловлар айрим туркияликлар учун фожеий якун топди. Маҳаллий сайловларга номзодлар тарафдорларининг ўзаро тўқнашуви натижасида бу ерда 8 киши нобуд бўлди, 13 киши тан жароҳати олди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG