Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:15

Ўзбекистонга пул ўтказиш қимматлайди


Ўзбекистонга пул ўтказиш қимматлаши меҳнаткашларни ташвишга солди.
Ўзбекистонга пул ўтказиш қимматлаши меҳнаткашларни ташвишга солди.

Ўзбекистон Марказий банки пул ўтказиш тизимлари устидан назоратни кучайтирди ва пул ўтказиш бўйича халқаро тизимлардан жиддий кафолат талаб қилмоқда. Бундан буëн Ўзбекистонга пул ўтказиш билан шуғулланишни истаган ширкат молия соҳасида халқаро рейтингга эга бўлиши ëки жиддий суммадаги банк кафолати тақдим қилиши керак. Бу эса пул ўтказмалари билан боғлиқ тўловлар ошишига олиб келиши мумкинлиги айтилмоқда.



Ўзбекистонга пул ўтказиш билан шуғулланишни истаган ширкатнинг мамлакатдаги ҳамкорлари ҳисобига суғурта депозити ëтқизиши талаб қилинмоқда.

Бу ҳақда Озодликка ўз исми айтилмаслиги шарти билан маълум қилган Ўзбекистон Марказий банки расмийсига кўра¸ бу чоралар “ўзбек меҳнат мухожирининг пешона тери билан топган пулини товламачи банклардан ҳимоя қилиш” мақсадида амалга тадбиқ қилинмоқда.

- Россияда нима кўп, бугун очилиб эрта бекиладиган банк кўп. Бу банклар ўзбек меҳнат мухожирлари пулига товламачилик мақсадида кўз тикмаслиги учун назоратни кучайтирдик. Ўзбек меҳнаткашининг пули ишончли банкларда бўлишини истаймиз холос”, деди Ўзбекистон Марказий банки расмийси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Айни пайтда бу назорат ортидан Ўзбекистонга пул жўнатиш жараëни қийинлашиши ҳам айтилмоқда.

Тошкентдаги пул ўтказиш тизимларидан бирида ишловчи ва ўзини Галина Саиджонова деб таништирган мулозим Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу жараëн оқибатларини тушунтириб берди.

Суҳбатдошга кўра¸ пул ўтказиш тизимлари ишининг мураккаблашгани оқибатида Ўзбекистонга пул ўтказиш қимматлайди.

- Бу ҳолатда операторлар Ўзбекистондаги ўз ҳамкорлари бўлган банкларда хорижий валютада пул жўнатмаларининг бир кунлик минимал тўлови ҳажмига тенг миқдорда суғурта депозитини очишлари лозим бўлади. Бу ҳаражат эса охир оқибатда пул ўтказаëтган мижоз зиммасига юкланади¸ деб таъкидлади суҳбатдош.

Ўзбекистон Марказий банки расмийси эса, Ўзбекистонга пул ўтказиш қимматлашига ўз ташкилоти ўтказаëтган сиëсат сабаб эмас деб билади:

- Биз банкларни ишончли эканини текширяпмиз. Ўзбекистонда банклар ва пул жўнатмалари халқаро тизимлари операторлари ўртасида янги тартиб-қоида жорий этилди. Эндиликда Ўзбекистонда ишламоқчи бўлган операторлар ўз ишончлилиги ва барқарорлигини тасдиқловчи банк кафолатларини тақдим этиши керак. Буни баҳона қилиб улар Ўзбекистонга пул ўтказиш қимматлаштирган бўлса, бунга бизнинг алоқамиз йўқ¸ деди Ўзбекистон Марказий банки расмийси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра, бу чоралар Россиядаги "Мигом" пул ўтказиш тизими маҳкама томонидан банкрот деб эълон қилиниши ортидан амалга оширилмоқда.

Бу аснода Ўзбекистон тижорат банклари тўлов қуввати йирик банклар томонидан кафолатланмаган Россия пул ўтказиш тизимлари билан шартномани тўхтатмоқда.

Шу асосда Россиядаги ўзбек муҳожирлари орасида оммавийлашган "Золотая корона" тизимининг Ўзбекистондаги операциялари тўхтатилди.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Марказий банки расмийси изоҳ берди:

- Россияда "Мигом" пул ўтказиш системаси банкрот деб эълон қилинди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Марказий банки Россия пул ўтказиш тизимлари билан ҳамкорлик қилаëтган тижорий банкларни огоҳлантирди ва уларга тўлов қурби йирик банклар томонидан кафолатланмаган пул ўтказиш тизимлари билан ҳамкорлик қилмасликни тавсия этди. Бу кўрсатма ва тавсия¸ холос. Бундан мақсад¸ Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари юбораëтган пулларнинг ўз эгаларига етиб келишини кафолатлаш¸ яъни муҳожирлар пулини ҳимоя қилишдир. Россиядаги пул ўтказиш тизимлари хусусий ва эртага улар эгалари ўзига ўтказилган пулларни олиб¸ жуфтакни ростласа¸ ëхуд тизим банкрот деб топилса¸ ўзбек муҳожирлари куйиб қоладику! Ана шундай воқеалар олдини олиш учун биз тижорат банкларига тавсия бердик ва улар бизнинг тавсиямиз асосида "Золотая корона" ва бошқа пул ўтказиш тизимлари билан ўз келишувларини қайта кўриб чиқаëтган бўлишса керак¸ деди Ўзбекистон Марказий банки расмийси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Валюта ëмғири

Йиллардан бери Россиядан хорижга пул жўнатаëтганлар рўйхатида биринчиликни ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эгаллаб келмоқда.

2013 йилнинг 9 ойи давомида Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 4 миллиард 908 миллион АҚШ долларидан ошди. Ўтган йили бу миқдор 6 миллиардга яқинлаган эди.

Россияда ишлаб топган пулини ватанда қолган оиласига мунтазам юбориб келаëтган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида кейинги йилларда айнан “Золотая корона” тизими оммавийлашган ва бунга Коронанинг хизмат ҳаққини ўз рақобатчиларига нисбатан салгина арзонлатгани сабаб бўлган.

Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги банклардан бири ходимаси¸ муҳожирлар орасида оммалашган бу тизимнинг 1 апрелдан ишламай қолиши сабабини, ўз банки назаридан туриб изоҳлашга уринди:

- Ўзбекистонда қонунчилик ўзгарди¸ шунинг асосида энди амалда бўлиб келган келишувларни ҳам ўзгартириш керак. Бу эса¸ янги қонунчилик асосида янги шартнома тузиш¸ дегани. Ана шу жараëн давомида “Золотая корона” ишламай туради¸ деган эди ўтган ҳафта Озодлик радиосига Тошкентдаги йирик банклардан бири ходимаси.

Ўтган ой 11 февралидан бошлаб Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўртасида анча оммавийлашган “Мигом” пул ўтказиш тизими ҳам Ўзбекистонда ўз фаолиятини тўхтатган ва расмийлар буни юзага чиққан техник муаммолар билан изоҳлаган эди.

Аммо 25 март куни бу тизим Россия Марказий банки сўровига мувофиқ банкрот деб топилди ва у орқали юборилган пул жўнатмалари тақдири ҳавода муаллақ қолди.

"Мигом" банкротлиги муносабати билан Ўзбекистон тижорат банклари шарт қилиб қўйган кафолат талабини қондира олмаëтган нафақат "Золотая корона"¸ балки бошқа Россия пул ўтказиш тизимларининг ҳам яқин кунларда Ўзбекистондаги амалиëтларининг тўхтатилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG