Линклар

Озодликка етиб келган суратлар сарлавҳага чиқарилган хабарга ҳужжат бўла олади. Мавзуни ўрганар экан, мухбиримиз ўзбекистонликлар учун йўл таъмирининг бундай усули янгилик эмаслигига иқрор бўлди. Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармаси вакили суратда акс этган манзилдаги аҳволни ўрганишга ваъда берди.


Озодлик тингловчиси юборган фотосуратда трамвай излари ўртасида кетаётган юк машинаси, машина кузови бортларида ўтирган икки киши, машина ортида – ерда турган йўлсозлар кийимидаги бир киши, олдинги планда ерга ташланган тош аралаш тупроқ акс этган. Трамвай излари орасининг тупроқ ташланмаган қисмида қачонлардир босилган эски асфальт аниқ кўриниб турибди.


Суратга мана бу матн илова қилинган: “Тошкентдаги Шимолий темир йўл вокзалига яқин турар-жой мавзесидан ўтган ҳамда трамвайлар ва автотранспорт воситалари ёнма-ён ҳаракатланадиган кўчалардан биридаги асфальт қопламасининг кўчиб, чуқур бўлиб қолган қисмлари лой билан тўлдирилди”.

Худди шундай хабар бундан бир неча кун муқаддам Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидан келган эди.

Тингловчимиз киноя билан ёзди: “Туман ободонлаштириш бўлими фидойилари қишда пайдо бўлган автомобиль йўлларидаги чуқурларни яхшилаб умрбоқий қилиб лойлашаяпти. Яъни ямаларни йўл четидаги лой билан бекитишаяпти. Қандай ажойиб!”

Фарғоналик 35 яшар Ваҳобжон билан тасодифан суҳбатлашиб қолдик. Унинг автомобилчи муҳандис эканлигини билгач, табиийки, йўллар аҳволини сўрадик.

Ваҳобжоннинг айтишича, биз ўрганаётган мавзу маҳаллий ахборот воситаларида ҳам кўтарилган.

- Шаҳарнинг марказий йўлларининг қишда бузилган жойлари асфальт билан ямалади, лекин четроқдаги йўллар чуқурлари тошли тупроқ ёки чиқиндилар тўлдирилади, деди Ваҳобжон.



Маълум бўлишича, йўллар таъмири билан баъзи хусусий корхоналар ҳам шуғулланади. Тошкентдаги ўшандай корхонлардан бири бошлиғи Озодлик саволларига жавоб берар экан, “ямочний ремонт” қандай амалга оширилишини – аввал “иш сметаси тузилишини, кейин чуқурлар тозаланишини, аввал шағал ташланишини, кейин асфальт ётқизилишини” тушунтирган бўлди.

Лекин айни пайтда “баъзи жойларда асфальт ўрнига тупроқ ташлашаяпти экан”, деган гапимизга тошкентлик йўлсоз ҳайрон бўлмади.

Шу ўринда фарғоналик муҳандиснинг кутилмаган бир гапини ҳам келтирмоқчимиз: “йўлдаги чуқурларни тупроқ ўрнига асфальт билан тўлдиришдан фойда йўқ, чунки “ямочний ремонт” технологияси талабларига риоя қилинмайди”, деди у.

Тошкентлик йўлсознинг айтишича, йўллар таъмирини молиялаш таъмирланаётган йўлнинг “эгаси” ким эканлигига боғлиқ:

- Агар катта йўллар (шаҳарлараро йўллар) бўлса, пул Автойўл («ЎЗАВТОЙЎЛ» Давлат-акциядорлик компанияси) дан, агар шаҳар ичидаги йўллар бўлса ободонлаштириш бошқармасидан, деди йўлсоз.

Биз Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармаси етакчиларидан бири Маҳмуджон Обидов билан боғландик.

У кишига тингловчимиз юборган суратни тасвирлаб, у қаерда олинганини тушунтирдик.

Жаноб Обидов масалани тушунди.

- Шимолий вокзалда, трамвай йўлининг ўртаси. Ҳозир яхши эшитилмаяпти, мен аниқлаб ўзим сизга қўнғироқ қиламан, деди Ободонлаштириш бошқармаси вакили.

Аслида, жаноб Обидовнинг Озодликка қўнғироқ қилиб, ҳисоб бериши шарт эмас. Ҳисобот тошкентликларга керак. Агар аҳвол ўнгланмаса, эртага янги суратлар етиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG