Линклар

Ўзбекистонлик ҳужжатли фотография устаси Элёр Неъматов “Мен муҳожир. Марказий Осиё меҳнат муҳожирлиги” мультимедия лойиҳасини тақдим этди. Муҳожирлар ҳаётига оид кўп йиллик лойиҳага яқиндагина Сахаров марказида олинган фотоҳужжатлар ҳам киритилди. Озодлик билан суҳбатда Элёр Неъматов лойиҳа устидаги иш жараёнида айни масалага оид нуқтаи назари ҳам ўзгарганини гапириб берди.


Асли бухоролик 26 яшар бу йигит олган 12 дақиқали ҳужжатли фильм муҳожирликда яшаётган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари, уларнинг муҳожиратдаги турмуш тарзи, қизиқишларию орзу-умидларига бағишланган.

Лойиҳа Open Society Foundations - "Сорос" жамғармаси ва Элёрнинг устози таниқли россиялик фотоҳужжатчи Юрий Козирев кўмагида ташкил қилинди. Лойиҳани “Русский Репортер”, Lenta.ru ва “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ҳимояси маркази қўллаб-қувватлаган.
Узр, лекин бу хизмат ҳозирча ишламайди

Озодлик билан суҳбатда фотограф Элёр Неъматов “Мен муҳожир. Марказий Осиё меҳнат муҳожирлиги” лойиҳаси устида 2 йилдан зиёд вақт Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия ва Қозоғистонда иш олиб борганини гапириб берди.

- Умуман, бу лойиҳа 3 бўлимдан иборат. Биринчиси, энг асосий қисми – бу Россияда рўй бераётган демографик ўзгаришлар; иккинчиси, бу йўл - муҳожирлар қандай қилиб Россияга етиши ва уйга қайтиши жараёни; учинчиси, Ўрта Осиё давлатлари, шаҳарларидан ишчи кучи кетиши натижасида рўй бераётган ўзгаришлардир. Тўғриси, лойиҳани бошлаганимда ҳозир билган нарсаларимни тасаввур ҳам қилмас эдим. Ҳозир эса бу мавзу қандай кенг кўламли ва муаммоли мавзу эканини тушуняпман, - дейди Элёр.



Суҳбатдош ўз тадқиқотларидан меҳнат муҳожирлари бугунги кунда ҳам Марказий Осиё, ҳам Россия ҳудудида энг ҳуқуқсиз ва эзилган қатлам экани тўғрисида хулоса қилганини гапиради.

Лойиҳа устидаги иш давомида Элёр Неъматов муҳожирлик хорижга бораётган одамларнинг дунёқараши ва турмушини ижобий томонга ҳам ўзгартираётганига гувоҳ бўлганини айтади.

“Ўз ҳуқуқлари учун курашаётган, ўзга юртда қолиб жиддий бизнес билан шуғулланаётган кўплаб муҳожирларни ҳам учратдим”, дея давом этади у.

- Москвада яшайдиган бир неча муҳожир оилаларини суратга олдим. Улар билан яшаб, кўп суҳбатда бўлдим, интервьюлар олдим... Улар бу ерга келиб нафақат тил, балки ўзга маданият, ташқарида ўзини қандай тутиш, дунёқараш кабиларни ўзгартирдик, деяпти. Масалан, аёлга бўлган тенг ҳуқуқли муносабат. Хулоса чиқардимки, одам ҳаракат қилиб, янги маданият учун очиқ бўлса, Россияда яшаб туриб янги нарсаларни ҳам ўрганса бўлар экан, - деди фотосуратчи.

Элёр, айниқса, ўзбекистонликларни фотосуратга тушишдан ўзини олиб қочиши унинг ишига қўшимча қийинчиликларни яратганини эслади. У буни ўзбекистонликлар учун фотога тушиш жиддий жараён экани, уларнинг онгида тушунтириб бўлмас қўрқув ўрнашиб қолгани билан изоҳлади.

Шунга қарамасдан, у ўзбек муҳожирлари ёрдамисиз бу лойиҳани якунига етказа олмаслигини ҳам айтди.

Элёр унинг учун қадрли бўлган суратларга алоҳида тўхталиб ўтди.

- Бу лойиҳа мавзуси аслида менинг тақдиримга бевосита тегиб ўтгани учун, яқинларим ҳам суратга олинган. Онам, Россияда ишлаган ака-укаларим суратлари мен учун жуда таъсирли. Лекин, қийинчиликлар билан олинган суратларга келсак, мен ФМС билан бирга мигрантларни қўлга олиш рейдларида бир неча бор иштирок этганман. Кўпинча завод-корхоналарга кириб, улар уриб-сўкиб тортиб чиқарарди мигрантларни... Мен уларни суратга олганман – уларга ёрдамим тегмагани учун анча қийин бўлган суратга олиш. Ё бўлмаса, ўзини осиб қўйган йигитни бориб моргда кўриш, қахратон қишда, 30 даража совуқда тиззасини ерга бериб намоз ўқиётган йигитларни кўриш жуда қаттиқ таъсир этган менга. Лекин ишлаётган пайтда ҳиссиётга берилишнинг иложи йўқ, - дейди Элёр.

Элёр Неъматов шунча машаққатлар билан муҳожиратда кун кечираётган ва инсонийлик фазилатларини йўқотиб қўймаган юртдошлари билан чин дилдан фахрланишини ҳам айтади.

- Бизнинг ҳамюртларнинг ҳаётга бўлган муҳаббати мени ҳам ҳайратга солди, ҳам фахрланишимга сабаб бўлди. У ерда шу даражада ёмон ҳаётда яшаб туришидан, улар осонгина таслим бўладиган одам эмас, деган фикрга келдим. Шундай шароитларда одамларимиз ўзини бахтли, деб ҳисоблайди! Қайтиб келиб, уй қуради, уйланади, бошқа иш қилади – умуман таслим бўлмайди. Худога бўлган ишончидами гап.. Умуман олганда, одамларимиз қадрияти ва тарбиясида оила, уй, тинчлик ва шароит ҳамма нарсадан юқори ҳисобланади. Қолаверса, оз нарсага рози бўлиб яшаш, камтаринлик, борига шукур қилиш – уларга хос. Лекин, мен бу дегани улар қийинчиликка бефарқ, демоқчи эмасман, - деди фотосуратчи Элёр Неъматов.

Суҳбат сўнггида бу лойиҳани яна давом эттириш истагида экани ва кейинги асарлари учун Россияда меҳнат қилаётган янги қахрамонларни излаётганини ҳам айтиб ўтди.

Элёр Неъматов асарлари яқин орада Сахаров марказида бўлиб ўтган “Улар” фотокўргазмада намойиш этилди.

Жорий йилнинг ёзида АҚШда LookBetween фестивалида Элёр Неъматов асарлари намойиш этилиши кутилмоқда. Шунингдек, ўзбекистонлик фотосуратчи асарлари кўргазмаси яқин вақт ичида Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ҳам намойиш этилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG