Линклар

logo-print

Ҳазил ва кулги куни деб қаралган 1 апрелда оммавий ахборот воситалари ҳам баъзан ўз муштарийларига ҳазиломуз хабарлар тақдим этиб турадилар. Ўзбекистонга алоқадор ана шундай хабарлардан иккитасини қуйида эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.


Йўқолсин виза, яшасин эркинлик!

Марказий Осиё янгиликлар хизмати сайтида Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан виза тартибини бекор қилишига оид хабар ёйинланди.

“Ўзбекистон расмийлари бир томонлама Европа Иттифоқи билан виза тартибини бекор қилмоқдалар. Мазкур қарор мамлакат ҳукуматининг 1 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган учрашувида қабул қилинди”, дейилади ca-news.org хабарида.

Ҳазил хабар муаллифларига кўра, бу ташаббус маъқулланса, Ўзбекистонга сайёҳлар оқа бошлаши ва хорижий сармоядорлар ёпирилиб келиши кутилмоқда.

“Агар эксперимент муваффақиятли якунланса, яъни чегараларда қиёмат қўпмаса ва тўс-тўполон юзага келмаса, келажакда АҚШ дохил яна қатор мамлакатлар бир томонлама визани бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш режалаштирилмоқда”, дея ҳазиллашди Марказий Осиё янгиликлар хизмати.

Ҳазилсиз айтадиган қўшимчамиз шуки, бу сайт (ca-news.org) эгалари фаолият юритадиган Қирғизистонда дунёдаги 80 дан ортиқ мамлакат, шу жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилган.


Қрим ишғоли илҳомлари

Uzmetronom сайти чоп қилган ҳазил хабар "Муҳтарам биродаримиз Обама хон" дея сарлавҳаланган.

“1 апрель куни Хоразм хони Саид Абдулло, Қўқон хони Саид Муҳаммад Худоёр ва Бухоро амири Сайид Олимхоннинг бугунги кунда сайёранинг турли жойларида яшаётган бевосита авлодлари АҚШ президентига мактуб билан мурожаат этишиб, унда Ўзбекистонни Қўшма Штатларга қарам давлат мақомида қўшиб олишни илтимос қилишди”, деб бошланади Uzmetronom хабари.

Сайт ҳазиллашувчиларига кўра, турк ҳукмдорларининг авлодлари Барак Обамага йўллаган мурожаатномаларида бу борада умуммиллий референдум ўтказилган тақдирда замонавий Ўзбекистон аҳолисининг 87,5 фоизи бу қўшиб олинишни ёқлаб овоз беражагига қатъий ишонч билдирганлар.

“Биздаги маълумотларга кўра, яқин кунларда АҚШ Давлат департаменти АҚШ президентининг турк ҳукмдорлари мурожаатига муносабатини кенг халқаро жамоатчиликка етказади”, дея гапини нуқталайди “Dezinform агентлиги” дея имзо қўйилган ҳазил хабарини Uzmetronom.

Бу сайт ўтган йилнинг 1 апрель куни Қашқадарёда кофе етиштирила бошлагани ҳақида ҳазил хабар чоп қилганди. Бу гал хабар сиёсийлашганига, тахминимизча, Қримдаги воқеалар ва бу борада Москва шаънига чор-атрофдан айтилаётган таъна-дашномлар сабаб бўлган.

Муштарий

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG