Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:26

Россияда иккинчи фуқаролигини яширганлар 3 йилга қамалиши мумкин


Россияда иккита фуқаролиги бор шахслар махсус қайдга олинади. Иккинчи фуқаролиги борлигини яширган шахс 3 йилгача қамоққа жўнатилиши мумкин. Айни пайтда, Россия ФМС мамлакат фуқаролигини қабул қилган қримликлардан Украина фуқаролигидан воз кечиш талаб қилинмаётганини маълум қилди.


Россия Федерация Кенгашининг Конституциявий қонунчилик масалалари бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Клишас иккинчи фуқаролиги бўлган фуқароларни бу ҳақда Россия ҳукуматини огоҳлантириш тартибини жорий этиш таклифи билан чиқди.

Унинг фикрича, хориж фуқаролиги борлигини яширган шахс жиноий жавобгарлик ва мажбурий меҳнатга тортилиши керак.

Сенатор бунга мисол сифатида АҚШ фуқаролигини олаётган шахсларнинг қасамёд қилиши жараёнини келтирди.

- Хориж фуқаролигини қабул қилаётганлар қасамёди назаримиздан четда қолмаслиги керак. Аммо бу масалада ошириб юбормаслик ҳам керак, яъни жавобгарлик ўта катта бўлмаслиги керак. Шу билан бирга, жавобгарлик бўлиши шарт, - дея таклифга муносабат билдирди Владимир Путин.

Россия раҳбари икки фуқаролик, албатта, қайдга олиниши ва уни яширганларнинг жавобгарлиги устида эса – Давлат Думаси ва ҳукумат биргаликда бош қотириб кўриши керак, деб тавсия қилди.

Тегишли қонунга ўзгартириш лойиҳаси аллақачон Россия парламенти муҳокамасига киритилди ва унда икки фуқаролиги борлигини яширган одамларни 3 йилгача қамоқ жазоси тайинлаш кўзда тутилган.

Бир неча йилдан буён Медведев ва Путин бошқарган қатор ҳукумат аъзолари иккита мамлакат фуқаролигига эга бўлгани хусусида вақти-вақти билан можаролар чиқиб турибди.

Айни пайтда, Россия ФМС мамлакат фуқаролигини қабул қилган қримликлардан Украина фуқаролигидан воз кечиш талаб қилинмаётганини маълум қилди.

Миграция хизматининг Қримдаги расмий вакили Фёдор Карповец Қрим яриморолида Россия фуқаролигини олишга 60 мингдан зиёд ариза тушгани ва аллақачон 15 минг Россия паспорти топширилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG