Линклар

logo-print
НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Россия томони Украинанинг шарқий чегаралари бўйлаб жойлаштирган ҳарбийларини чақириб олганига оид маълумотни тасдиқловчи далилларга эга эмаслигини билдирди. Бугун НАТО давлатлари Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан сўнг илк бор Брюсселда учрашди.


Сешанба куни Брюсселда учрашган НАТО давлатлари Ташқи ишлар вазирлари Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинганидан кейинги вазиятни муҳокама қилдилар.

Ушбу учрашувда сўзлаган НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Россия томонининг Украина шарқий чегаралари бўйлаб жойлаштирган ҳарбийларини ортга чақириб олганини тасдиқлай олмаслигини айтди.

- Афсуски, Россия ўз қўшинларини чақириб олаётганига оид маълумотларни тасдиқлай олмайман. Бундай жараённи кўраётганимиз йўқ. Қўшинларнинг бу таҳлит катта миқдорда чегара ҳудудига жойлаштирилиши кескин вазиятни юмшатишга хизмат қилмайди, - деди НАТО Бош котиби.

НАТО давлатлари Ташқи ишлар вазирлари Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан сўнг илк бор 1 апрель куни Брюсселда учрашди.

Андерс Фог Расмуссен Россиянинг бу ҳаракати НАТО-Россия ўртасидаги ҳамкорлик асосларига таҳдид солганини таъкидлади.

- Бугун биз Евро-Атлантик сарҳадларда ҳавфсизлик ва барқарорликни қандай сақлш мумкинлигини муҳокама қиламиз. Зеро, Россия Европа Иттифоқи билан чегараларни исталган вақтда ўзгартириш ва қайта чизиб олиш мақсадида куч қўллашга ҳамиша тайёр эканини кўрсатди, - деб таъкидлади Расмуссен Ташқи ишлар вазирлари учрашуви очилиш маросимида.

Ўтган ойда Россия ҳукумати 10 минглаб қўшинларини Украина билан чегараолди ҳудудларига жойлади. Бу эса Россия ҳукумати Қрим аннексияси билан чекланмай, Украинанинг бошқа ҳудуларига киришни режалаётганмикин, деган хавотирларни кучайтириб юборди.

Душанба куни Россия Мудофаа вазирлиги Украина билан чегараолди ҳудудларига жойланган ҳарбий батальон одатдаги ҳарбий машғулотларни ўтказгани ва сўнгра ҳудуддан чақириб олинганини маълум қилди.

Сешанба куни НАТО Бош котиби аъзо давлатлар хавфсизлигига туғилган ҳар қандай таҳдиднинг олди олиниши ва бу борада Украинага ҳам ёрдам таклиф қилинишини таъкидлади.

Украина парламенти НАТО давлатлари билан ҳарбий машғулотлар ўтказиш таклифини маъқуллади.

Айни пайтда Олий Рада аъзоларидан 235 нафари НАТО давлатлари билан бир неча босқичли ҳарбий амалиётларни ўтказиш режасини ёқлаб овоз берди. Машғулотлар шу йилнинг майидан ноябрига қадар Украинанинг жанубий ва ғарбий қисмида ўтказилиши кутилмоқда.

Айни пайтда Россия Федерация Кенгаши Украина билан Қора денгиз флоти ижараси бўйича мавжуд келишувни тугатиш қарорини маъқуллади. Душанба куни Россия Давлат Думаси ҳам бу келишувни бир овоздан маъқуллаган эди.

2010 йилда 2042 йилгача бўлган муддатга имзоланган келишувда Севастополдаги денгиз флотини йилига 98 миллион доллар миқдорида Россияга ижарага бериш ва Киевга берилаётган рус гази нархини арзонлатишга келишилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG