Линклар

logo-print

Авиаширкат агентларига оид янги талаб чипталар нархига таъсир қилмайди


Ўзбекистода ҳатто миллий авиакомпания ҳам Россияга учадиган рейсларга билетларни АҚШ долларида сотади.

Ўзбекистода ҳатто миллий авиакомпания ҳам Россияга учадиган рейсларга билетларни АҚШ долларида сотади.

Ўзбекистонда хорижий авиаташувчиларнинг агентлари бундан кейин сотилган чипта ёки бошқа хизматлар учун хориж валютасида ундириладиган хизмат ҳақининг 50 фоизини ўз банкларига сотишлари лозим бўлади. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг бу ҳақда қарори эълон қилинди. Шу пайтгача агентлар олинган комиссиянинг 100 фоизини Ўзбекистон Марказий банкига сотишлари керак бўлган. Ўзбекистонда хорижий авиаширкатлар чипталарни АҚШ долларига сотади. Ҳатто Ўзбекистон Ҳаво йўллари миллий ширкати ҳам Россияга учадиган рейслар учун йўлкирани миллий валютада эмас, АҚШ долларида ундиради. Вазирлар маҳкамасининг яна бир қарорига биноан миллий авиаширкат хизматларини миллий валютага сотиб олиши мумкин бўлган фуқаролар тоифаси биттага кўпайди.



Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси 20 март куни қабул қилган 67-сонли қарор хорижий авиакомпанияларга хизмат кўрсатадиган агентларга тааллуқлидир. Хусусан, хориж ширкатлари авиачипталарини сотиш билан шуғулланадиган фирмалар хизмат ҳақи сифатида валютада ундирган комиссиянинг 50 фоизини ўз ҳисоб рақамлари расмийлаштирилган банкларга сотишлари лозим бўлади.

Шу пайтгача агент ширкатлар хизмат ҳақи комиссияси сифатида тушган валютанинг 100 фоизини Ўзбекистон Марказий банкига давлат курсида сотишлари лозим бўлган. Энди эса, агентлар хориж валютасида олинган хизмат ҳақининг ярмини Марказий банк, ярмини ўзига хизмат кўрсатувчи молия идорасига сотиши керак бўлади.

Тошентда ўз ваколатхонасига эга бўлган хорижий авиаширкатлардан бирининг ходимига кўра, тартибнинг ўзгариши чипталар нархига таъсир қилмаслиги керак. Исми очиқланмаслигини сўраган мулозим, чипталар нархига комиссия миқдори таъсир қилиши мумкин, чипта ёки бошқа хизматлар сотувидан агент фирмалар ундирадиган комиссия миқдори эса шартномада белгиланади, дейди Озодлик билан суҳбатда.

- Бу агент билан келишувингизга боғлиқ бўлади. Кимдиир 2 фоизлик комиссия учун ишлашга рози бўлар, кимдир 10 фоиз исташи мумкин, яна бошқаси 5 фоизга рози бўлади. Бунинг ҳаммаси агентлик шартномасида келишиб олинади. Вазирлар маҳакамасининг қарори мижозга сотилаётган чипта нархига таъсир қилмаслиги керак, чунки бу ерда гап агентлар билан ҳукумат ўртасидаги олди-берди ҳақида кетяпти, дейди хориж авиакомпаияларидан бирининг ходими.

Ўзбекистоннинг “Валютани тартибга солиш” тўғрисидаги қонуни ҳамда миллий валютани муамалага киритиш тўғрисидаги президент фармонида мамлакат ҳудудида ҳисоб-китоб фақат сўмда амалга оширилиши айтилади. Лекин 2011 йилнинг августидаги ҳукумат қарори қонуннинг бу талабини бекор қилиб, хориж авиакомпанияларини ўз хизматларини фақат хориж валютасига, асосан АҚШ долларига сотишга мажбур қилди. Бунинг устига, ҳатто Ўзбекистон ҳаво йўллари ҳам Россия шаҳарларига учадиган авиарейслар учун чипталарни фақат АҚШ долларига сота бошлади.

Баъзи тоифадаги фуқароларга Ўзбекистон Ҳаво йўллари миллий авиакомпаниясининг хизматлари учун сўмда ҳақ тўлаш имкони берилган. Ҳукумат ўтган ҳафта қабул қилган қарорга кўра, бу тоифаларнинг сони биттага кўпайди. Шу пайтгача, ногиронлардан тортиб, иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларини ўз ичига олган бу рўйхатга хорижга мусобақаларга кетаётган спортчилар ҳам қўшилди.

Ўзбекистон Ҳаво йўллари авиакассаси ходимининг Озодликка айтишича, сўмга билет олиш учун спортчи расмий идоралардан махсус хат олиб келиши керак.

- Ҳа, мусобақага кетаётганингиз ҳақида хат олиб келишингиз керак бўлади. Бундай хатни Маданият ва спорт ишлари бўийча вазирликнинг мутасадди бўлимларидан олишингиз керак. Агар бундай хат бўлмаса, ҳисоб-китоб долларда бўлади. Масалан, бугун Москвагача икки томонга чипта нархи 658 АҚШ доллари туради, дейди миллий авиакомпания ходими.

Вазирлар маҳкамаси қарорига кўра тасдиқланган рўйхатга кирмайдиган тоифадаги фуқароларнинг барчаси билетларни АҚШ долларига сотиб олиши керак.

Ўзбекистон ҳаво йўллари Россиядан бошқа манзилларга чиптани сўмга сотади.

Ўзбекистон банкларидан хорижий валютани бемалол сотиб олиш имкони деярли йўқлиги билан боғлиқ муаммоларни Озодлик кўп марта ёритган.

Долларнинг қора бозордаги нархи расмий курсдан кўра 25-30 фоизга қимматроқ юриши эса ўзбекистонлик авиапассажир учун билет нархи аслидан қимматроқ тушишини англатади.

Бундан ташқари, хориж авиаширкатлари хизмати сотувидан тушадиган ҳақнинг бир қисми Ўзбекистон банкларига сотилиши қора бозордан олинган валютанинг бир қисми давлатга расмий курс билан сотилаётганини англатади.

Ўзбекистон Ҳаво йўллари ходими буни яхши тушуниши, лекин бу вазиятни ҳал қилиш миллий авиаширкат ваколатида эмаслигини айтади.

- Биз мижоз хорижга кетаётганини тасдиқловчи маълумотнома ёки шунга ўхшаш хатларни ёзиш билан шуғулланмаймиз. Мижоз долларни қаердан олиши бизни қизиқтирмайди, дейди Ўзбекистон ҳаво йўллари вакили.

Ўзбекистонда авиачипталардан ташқари мамлакатда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг баъзиларини ҳам ўзбекистонлик харидор АҚШ долларига сотиб олади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG