Линклар

2,5 йил тақиқланган “Нафс” фильми катта экранга қайтди


"Нафс" фильми режиссёри Фаррух Соипов.

"Нафс" фильми режиссёри Фаррух Соипов.

Икки ярим йиллик тақиқдан сўнг таниқли актёр Фаррух Соипов суратга олган “Нафс” фильми Тошкент кинотеатрларида намойиш этила бошлади. 2011 йилнинг 26 октябрь куни Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги санъат саройида тантанали равишда ўтказилган тақдимот маросимидан бир кун ўтиб, фильмнинг кинотеатрларда намойиш этилиши ман қилинган эди.


Таниқли ўзбек актёри Фаррух Соипов суратга олган “Нафс” бадиий фильми 25 мартдан бошлаб Тошкентдаги кинотеатрларда намойиш этила бошлади.

Бу хабарни Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги кино саройининг мулозими Озодликка тасдиқлади.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган “Нафс” фильмининг ижодкорларидан бири тақиқнинг бекор қилиниши Фаррух Соипов бошида сузиб юрган қора булутларнинг тарқалиши билан боғлиқлигини айтади:

- Бу фильмни тақиқлашганда ҳам ҳеч қандай сабаб келтиришмаганди. Фаррух Соиповнинг ўша пайтда намозхон бўлиб, Умрага бориб келганими ёки кинони номи ёқмаганми, ишқилиб, ҳеч ким билмайди нима сабабдан тақиқлашганини. Агар кино энди қўйилаётган бўлса, демак ундан барча гумонлар олиб ташланган бўлиши керак, - дейди суҳбатдош.

Унинг айтишича, кино премьераси арафасида Фаррух Соипов тегишли идораларга чақирилиб, 8 кун тергов берган эди:

- Ўша пайтда жуда кўп тадбиркор ва ижодкор тошкентлик ёшлар диний айблов билан қамалиб кетди. Фаррухни ҳам шу бўйича суриштиришган. Лекин ўшандан буён Фаррух на бирор кинода роль ўйнади ва на бир кино олди. Энди у ижодга қайтса керак, деб умид қиламан, - дейди фильм ижодкорларидан бири.

Унинг айтишича, аслида бу фильмда ҳеч қандай диний даъват ёки тузумга тажовуз деган нарса бўлмаган:

- Бу фильм, номи ҳам айтиб турибди, нафсига гирифтор бўлган одамларнинг қандай аҳволга тушиши ҳақидаги замонавий ва тарбиявий асар, холос, - деди суҳбатдош.

Икки ярим йил тақиқланган “Нафс” филмида ўзбек шоу бизнесидаги салбий ҳолатлар акс этган. Фильмда шайтон васвасасининг инсон онгига зарарли тарафларини кулги воситасида ëритишга уринилган.

“Ўзбеккино” миллий агентлигидан филмнинг катта экранларга қайтгани хусусида бирор муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Бугунги ўзбек киносининг таниқли актёрларидан бири Фаррух Соипов 2011 йилнинг октябрь ойида бир ҳафта давомида ҳибсда сақланиб, қўйиб юборилган эди. Фаррух Соиповга яқин манбаларнинг айтишларича, у диний-радикал мотивларда айбланган шахсларга алоқадорликда гумон қилиниб, сўроққа чақирилган.

Асли касби ҳуқуқшунос бўлган Фаррух Соипов 2003 йилдан бошлаб кино оламига кириб келган ва тез орада таниқли актёрлар қаторидан ўрин эгаллаган.

Асл касби ҳуқуқшунос бўлган Фаррух Соипов 2005 йилда Тошкент Давлат юридик институтини тамомлаган.

Фаррух Соиповнинг 2007 йилда Нью Йорк киноакадемиясини тамомлагани ҳам айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG