Линклар

БМТ иқлим ўзгаришининг ҳалокатли оқибатларидан огоҳлантирди


Экологлар музликларнинг эриши жаҳон океани сувларида ишқор даражаси ошади, демоқда.

Экологлар музликларнинг эриши жаҳон океани сувларида ишқор даражаси ошади, демоқда.

БМТ экологлари глобал илиқлашув инсониятни кўплаб янги таҳликалар билан юзма-юз келишига олиб боришидан огоҳлантирмоқда. Япониянинг Йокоҳама шаҳрида бир ҳафта давом этган анжуман сўнгида ҳукуматлараро комиссия эълон қилган ҳисоботда Ер курраси иқлимидаги радикал ўзгаришлар энди бошланаётгани таъкидланган. Иқлим ўзгариши сабаблари хусусида ўзгача фикрга эга бўлган олимлар Глобал илиқлашув таҳликалари анчайин бўрттирилганини айтса-да, Йокоҳама конференцияси иштирокчилари инсониятни катта кўргиликлар кутаётганидан огоҳлантирмоқда.



Йокоҳамада душанба куни тақдим қилинган ҳисобот Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи томонидан тайёрланди. БМТ мутахассислари кейинги йилларда рўй бераётган ўзгаришлар “жиддий, ҳар томонлама ва бартараф қилиб бўлмайдиган” оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

Йокоҳамада бир ҳафта давом этган қизғин баҳслар сўнгида эълон қилинган ҳисобот муаллифлари иқлим ўзгариши инсоният аллақачон юз тутаётган қашшоқлик, касалликлар, озиқ-овқат хавфсизлиги, зўравонликлар ва қочқинларга доир ижтимоий муаммоларни янада ёмонлаштиради, деган фикрни илгари сурди.

Greenpeace халқаро экологик ҳаракатининг Россия бўйича директори Иван Блоков, Озодлик билан суҳбатда, Йокоҳама йиғинида қўрқинчли таҳликалар ҳақида билдирилган фикрларни асослаб беришга ҳаракат қилди.

- Вазият ҳақиқатан ҳам жуда жиддий. Оддий мисол келтирай, агар Ер куррасида ҳаво ҳарорати 6-6,5 даражага кўтарилса, инсоният учну Ерда жой қолмайди. Бу илмий тасдиқланган фактдир. Ҳозир одамзот фаолияти оқибатида ҳаво ҳарорати 1 даражадан кўпроққа ошган. Бу кейинги 100 йилдан сал ошиқроқ вақт ичида рўй берди, лекин бунинг катта қисми одам фаолиятининг кейинг 50-60 йилига тўғри келади. Яъни шунча қисқа вақт ичида биз рухсат берилган иқлим ўзгаришининг олтидан бирига сабаб бўлдик, дейди Greenpeace фаоли.

Япониядаги анжуманда 100дан ортиқ давлатдан 500дан ортиқ мулозим ва мутахассислар иштирок этди. Экспертлар гуруҳининг хулосалари эълон қилинмасданоқ баҳсу-мунозараларни келтириб чиқарди.

Анжуман бошланишидан бир неча кун аввал ҳисоботнинг баъзи боблари матбуотга сизиб чиққани конференция кун тартибига таъсир қилди. Экологлар ҳисоботнинг қора вариантида Осиёнинг баъзи минтақаларида сув тошқинлари оқибатида миллионлаб одам ҳалок бўлиши, аср охирига қадар Ер куррасида ҳаво ҳарорати 4 даражага ошиши, жаҳон океани сувида ишқор даражасининг ошишидан огоҳлантирган эди, лекин охир-оқибат қўрқинчли башоратларни бироз юмшатишларига тўғри келди.

Британиянинг Сассескс Университетининг иқтисодчи профессори Ричард Тол ҳисоботнинг иқтисодиётга доир боби муаллифларидан бири эди. Лекин ҳамкасбларининг охирзамонга менгзайдиган башоратларига нророзилик ўлароқ, ўз исмининг якуний ҳисобот муаллифлари орасидан олиб ташлашни талаб қилди.

“Ҳисоботнинг биринчи вариантида иқлим ўзгаришидан туғилаётган таҳликаларни янги шароитларга мослашиш ва яхши ўйланган сиёсат ёрдамида бартараф қилишимиз мумкин деган фикрлар берилган эди. Лекин бу фикрлар бутунлай олиб ташланиб, ҳисобот тўлалигача иқлим ўзгариши охирзамоннинг тўрт чавандозига бағишланиб қолди”, дея норозилик билдирди профессор.

Ҳисоботнинг якуни вариантида 2007 йилдан бери иқлим ўзгариши жараёни икки баробарга тезлашгани олимлар томонидан исботланганига доир фикрлар келтирилган. Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳ раиси Ражендра Пачаури “иқлим ўзгариши сайёра аҳлининг барчасига таъсир ўтказади”, дея таъкидлади.

Экспертларнинг башорат қилишларича, иқлим ўзгаришидан энг катта зарарни қашшоқ мамлакатлар кўради, лекин унинг салбий таъсири ривожланган мамлакатларни ҳам айланиб ўтмайди.

Сув ва озиқ-овқат ресурсларининг етишмаслиги можароларни келтириб чиқариши мумкин, дея огоҳлантирмоқда олимлар.

The Guardian газетаси Йокоҳамада эълон қилинган ҳисоботни “блокбастер сценарийси”, дея атади. Уни ишлаб чиқишда 115 мамлакатдан 500дан ортиқ эксперт ва мулозим иштирок этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG