Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:47

Эскирган технология ва бефарқлик пойтахт суви ифлосланишига сабаб бўлмоқда


ЎР Олий Мажлисининг бир гуруҳ депутатлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида сув ва сувдан оқилона фойдаланиш масаласини муҳокама қилди. Мажлисда қатор корхоналардаги сув тозалаш ускуналари эскиргани боис атроф-муҳитга юқори даражада ифлосланган оқовалар келиб тушаётгани тилга олинди ва уни бартараф этиш бўйича ҳужжатлар имзоланди. Озодлик билан суҳбатда бўлган фуқаролар сув ифлосланишининг олдини олиш учун нафақат назоратни кучайтириш балки, одамлар онгини ҳам ошириш зарур демоқда.


ЎР Олий Мажлисининг бир гуруҳ депутатлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида сув ва сувдан оқилона фойдаланиш масаласини муҳокама қилди. Мажлисда қатор корхоналардаги сув тозалаш ускуналари эскиргани боис атроф-муҳитга юқори даражада ифлосланган оқовалар келиб тушаётгани тилга олинди ва уни бартараф этиш бўйича ҳужжатлар имзоланди. Озодлик билан суҳбатда бўлган фуқаролар сув ифлосланишининг олдини олиш учун нафақат назоратни кучайтириш балки, одамлар онгини ҳам ошириш зарур демоқда.


ЎР Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 74-моддаси ижросини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Маҳаллий нашрларининг 31 март кунги хабарига кўра, йиғилишда коммунал хўжалик тизими ҳамда қатор хўжалик юритувчи субъектлар эскирган тозалаш технологиялари ва ускуналаридан фойдаланаётгани оқибатида сув тозалаш иншоотларига юқори даражада ифлосланган оқовалар келиб тушаётгани тилга олинган ва уларни бартараф этиш бўйича ҳужжат имзоланган.

“Сувсоз” Давлат унитар корхонасига қарашли “Шаҳар оқава сув тармоқлари” бошқармаси мухандиси Зебо Саломова Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳрида сув ифлосланиши муаммоси борлигини тан олиб, ўз ташкилоти оқава сувлар тозалигини таъминлаш учун қонунни бузаётган корхоналарга нисбатан чоралар кўраётганини айтди.

- Любой корхонани олайлик. Бизларда лаборатория бор. Лабораторияда ўша корхонадан чиқаëтган сув борку, биринчи қудуғидан сув олинади пробага. Лабораторияга олиб келиб текширилади. Ўзларининг рухсат этилган нормаси бор. Ифлосланиш нормадан ошса, ўша корхонанинг маъмуриятига биз томондан хатлар ëзилади, акт қилинади, далолатнома тузилади, улар штраф тўлашади, дейди Зебо Саломова.

“Шаҳар оқава сув тармоқлари” мухандиси Тошкент ва Тошкент вилоятида автомобилларни ювиш шохобчаларида атроф-муҳитга тозаланмаган оқава сув чиқариш ҳоллари тез-тез учрашини, қонунни бузган ташкилотлар жаримага тортилишини қўшимча қилди.

- Ҳар битта корхона, масалан, краска чиқарадиган ёки мебел ишлаб чиқарувчи корхона бўлиши мумкин. Ҳар бирининг оқова сув чиқарадиган биринчи қудуғида отчистной сооружение ўрнатиши керак. Сувни тиндириб, рухсат берилмаган моддаларни тиндириб, кейин қолган сувни канализацияга оқизишлари керак. Автомойкалар асосан бизда қонунни кўп бўзади. Корхоналар ҳам бор, лекин камроқ. Асосан автомойкалар штраф тўлашади, дейди “Шаҳар оқава сув тармоқлари” бошқармаси расмийси.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи пенсионер Ғафур ака Озодлик билан суҳбатда ўзи яшайдиган ҳудуддани оқиб ўтадиган канал сувини асосан одамлар ифлослантираётганини айтди.

- Бизнинг тепамиздан канал ўтади Чирчиқдан келадиган. Бўзсув, Саларга борадиган сувнинг ҳаммаси бизлардан, Қибрайдан оқиб ўтади. Чирчиққача сувнинг бўйига дачалар қурилган. Сувда эшак ҳам, қоғоз ҳам, бутилка ҳам, пластик пакетлар ҳам оқиб келади. Энди корхоналарни конкрет билмайманда. Одамлар ҳаммоминиям, бошқа оқаваларини ҳам сувга чиқаришади.

Ғафур ака ёшлик чоғида одамлар сув тозалигига алоҳида эътибор беришганини ҳозирда одамлар бу муаммога тобора бефарқ бўлиб бораётганидан афсусланиш билдирди.

- Илгари биз, 60-йилларда шу ариқдан сув ичардик. Нонни ариқда оқизоқ қилиб ердик. Одамлар ариқдан сув олиб овқат қиларди. 70 йилларда ҳам шундай эди. 80-йилдан бу ëғига айниди. Ҳозир ариқдан ҳам сув ичиб бўлмайди. Фақат водопроводдан ичасиз, дейди Ғофур ака.

Қибрайлик пенсионер фикрича, ҳукумат сув тозалигини назорат қилишни юз фоиз уддасидан чиқа олмайди. Бунинг учун одамлар ҳам фаол бўлиши ва ўз онгини ошириши зарур.

- Биласизми, “санитарний култура”ни ҳам ошириш керак одамларда. Фақат ҳукумат қилиши керак эмас ҳамма нарсани, менинг тушунчам бўйича. Аввало мен ўзим сувга ахлат ташламаслигим керак, буни бола-чақамга ўргатишим керак, мана шунақа бўлиши керакда. Ҳукумат ҳамма нарсани ҳеч қачон контрол қилолмайди. Одамларнинг онгини ошириш керак бунинг учун, дейди қибрайлик пенсионер Ғафур ака.
XS
SM
MD
LG