Линклар

Қирғиз прокурори исёнчиларга ўқ отганларни оқлашни талаб қилмоқда


"Альфа"чилар ҳимоясига Бишкекда ўтказилган пикетлардан бири.

"Альфа"чилар ҳимоясига Бишкекда ўтказилган пикетлардан бири.

Бишкекда ўтаётган суд жараёнида давлат айбловчиси суддан 2010 йилнинг 7 апрелидаги халқ қўзғолони пайтида пойтахтнинг Ала-Тоо майдонида норозиларга қарши ўқ отганликда айбланган "Альфа" офицерларидан “одам ўлдириш” моддаси бўйича айбловнинг олиб ташланишини илтимос қилди.

2010 йилнинг 7 апрелида Бишкекда Қурманбек Бакиев ҳокимиятига қарши қўзғолон кўтарганларга нисбатан ўқ отганликда айбланаётганларнинг суди уч ярим йилдан бери давом этмоқда.

Сўнги суд жараёнида давлат айбловчиси суддан собиқ президент Қурманбек Бакиев, унинг укаси Жаниш Бакиев, собиқ Бош вазир Данияр Усеновни сиртдан умрбод қамоққа ҳукм қилишни таклиф қилди. Шунингдек, прокурор президент Бакиев даврида юқори лавозимларда бўлган судланувчилардан 9 нафарига 10 йилдан 25 йилгача қамоқ жазоси сўради. Қўзғолончиларга қарши ўқ отганликда айбланган “Альфа” махсус отрядининг ўн офицеридан эса “одам ўлдириш” моддаси олиб ташланиши ва уларни оқлаш илтимос қилинди.

Жабрланганлар прокурорнинг сўнги илтимосидан норозиликларини билдириш мақсадида суд залини тарк этди. Шунинг учун ҳам суднинг кейинги йиғилиши 8 апрелга кўчирилди.

-Қора курсида оддий аскарлар эмас, юқори унвондаги офицерлар ўтирибди. Улар адолатсизликка қарши исён кўтарган халққа ўқ узган. Прокуратура эса бу ишни сиёсатга айлантирниб, уларнинг тарафини олмоқда. Шунинг учун биз суд жараёнини тарк этдик, -деди жабрланувчилар адвокати Ўсунбек Жамансариев.
Айни пайтда “Альфа”чиларнинг адвокатлари прокуратуранинг оқлаш тўғрисидаги илтимосини адолатли қарор сифатида олқишламоқда. “Альфа”чиларнинг ҳимоячиларидан бири, таниқли ҳуқуқ фаоли Чўлпўн Жакупова бу борада мана буларни айтди:

-“Альфа”чилар ишини ўрганган прокурор чинаккам прокурор қандай ишлаши кераклигини намойиш қилди. Негаки у суд жараёнида ҳам, тергов жараёнида ҳам ҳуқуқий қарама-қаршиликларни, қонунсизликларни топиб, адолатли қарор қабул қилган. Шунинг учун прокурорнинг позициясини объектив позиция деб ҳисоблаймиз, -деди Чўлпўн Жакупова.

2010 йилнинг 7 апрелида Қурмонбек Бакиев ҳокимиятига қарши чиққан қўзғолончиларнинг президент маъмурияти биноси томидан ўққа тутилиши оқибатида тўқсонга яқин одам ҳалок бўлган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан очилган жиноят ишини судда ўрганиш 2010 йилнинг ноябрида бошланган. Қўзғолончиларга қарши ўқ отганликда айбланаётганлар орасида собиқ президент Қурмонбек Бакиев ва унинг яқинларип ҳам бор. Мазкур иш юзасидан жами 21 одамга айблов билдирилган.

Бакиев ва айрим юқори лавозимли амалдорлар хорижга қочиб кетганлари сабабли сиртдан судланмоқда.
XS
SM
MD
LG