Линклар

Россияда соддалаштирилган фуқаролик қонуни кучга кирса¸ ўзбек мигранти фуқаролик олиши мумкинми?


Давлат Думаси “Россия Федерацияси фуқаролиги” ҳақидаги федерал қонун ва Россия Федерацияси айрим қонунчилик актларига ўзгартиш киритиш” тўғрисидаги қонун лойиҳасини 1 апрель куни муҳокама қилди ва биринчи ўқишда овозга қўйди. Россия фуқаролигини соддалатирилган тартибда беришни кўзда тутувчи бу лойиҳа тақдири ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари томонидан қизиқиш билан кузатилмоқда. Озодликка мурожаат қилаëтган аксар Россиядаги ўзбек мигрантлари¸ бу қонун қачон кучга кириши¸ кучга киргандан сўнг ўзбекистонликлар учун Россия фуқаролигини олиш тартиби қандай бўлишига жавоб изламоқдалар.

Давлат Думасидаги муҳокамалар ортидан Озодлик мухбири 2 апрель куни Россия Федерал миграция хизмати бошлиғининг собиқ ўринбосари¸ ҳозирда ижтимоий лойиҳаларни қўлловчи “Миграция XXI аср” жамғармаси директори Вячеслав Поставнинга шу саволларга ойдинлик киритишни сўраб мурожаат қилди.

Қонунларга киритиладиган ўзгартишлар моҳияти нимада?


- Бу қонун лойиҳаси собиқ СССР ҳудудида яшовчиларнинг ҳаммасига порлоқ истиқбол беради. Қонун лойиҳаси тааллуқли бўлиши учун асосий бир шарт бор – у ҳам бўлса шахс ëхуд авлод-аждодларининг собиқ СССР ва Россия империяси ҳудудида яшаган бўлиши! Қолаверса¸ рус тилида эркин сўзлашиш¸ холос. Шу икки шартга мос келган ҳар қандай хориж фуқароси Россия фуқаролиги учун мурожаат қилиш ҳаққига эга бўлади¸ деди Россия миграция қонунчилиги бўйича мутахассис.

1 апрель куни Давлат Думасида бўлиб ўтган муҳокамаларда Федерал Миграция хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари Екатерина Егорова ҳам таклиф қилинаëтган ўзгартишлар моҳиятини айнан шундай таърифлади.

Егоровага кўра¸ Россия фуқаролигига ўтиш учун ариза топширган собиқ империя ҳудудида яшовчилар мурожаати юзасидан 3 ой ичида қарор қабул қилинади.

Қонун қачон кучга киради? Кучга кирадими?


Россия фуқаролиги ҳақидаги қонунчиликка ўзгартиш киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси 4 апрель куни Давлат Думасида иккинчи ўқишда кўриб чиқилади ва тахминларга кўра¸ овозга қўйилади. Агар лойиҳа Дума тасдиғидан ўтса¸ Федерация Кенгаши муҳокамасига оширилади¸ Кенгаш ҳам тасдиқласа¸ президентга тақдим этилади. Президент қўл қўйгач¸ кучга киради.

- Бу қонун тақдири президент иродасига боғлиқ. Агар Владимир Владимирович Путин истаса¸ бир ой ичида лойиҳа қонунга айланиши мумкин. Менга қолса¸ бу лойиҳани қайта ишлашга юбориш керак ва унинг кучга киритилишини имкон қадар чўзиш керак. Ҳозир у қонунчиликдан кўра¸ собиқ ватандошларимизни қўллаб-қувватлаймиз¸ уларни ҳимоя қиламиз¸ деган сиëсий декларация¸ сиëсий акцияга ўхшайди. Агар лойиҳа ҳозирги таҳрирда қабул қилинса¸ Россия миграция хизмати жуда жиддий муаммолар домига тортилади¸ дейди ФМС собиқ раҳбарларидан бири.

Лойиҳа кучга кирса¸ РФ паспорти олиш чиндан ҳам соддалашадими?


- Қонун бир нарса¸ қонуности актлари бошқа. Фуқаролик олиш тартибини айнан қонун актлари белгилайди. Мен бу жараëннинг лойиҳада ëзилган каби силлиқ ва осон бўлишига ишонмайман. Ўзи ëки ота-бобосининг собиқ СССР ëки Россия империяси ҳудудида яшаганини тасдиқловчи ҳужжат ва рус тилини билишдан бошқа яна қатор ҳужжатлар талаб қилиниши аниқ. Масалан¸ РФ фуқаролиги олишга ариза топширган одамнинг рус тили даражасини ким¸ қандай аниқлайди. Рус тилингиз яхши эмас¸ деб суҳбатдан қайтарилган одам кейин нима қилади? Бу саволлар жавоби мавҳум¸ дейди Россия Федерал миграция хизмати бошлиғининг собиқ ўринбосари¸ ҳозирда ижтимоий лойиҳаларни қўлловчи “Миграция XXI аср” жамғармаси директори Вячеслав Поставнин.

Россияда ишлаëтган ўзбек муҳожирлари¸ соддалаштириш ташаббуси қабул қилинса¸ РФ фуқаролигига жиддий номзодми?


- Балки ўзбек меҳнат муҳожирларига Россия фуқаролигини олиш керак эмасдир. Балки уларга Россияда 3 йиллик ишлаш ҳаққини олиш етарлидир? Балки 5 йиллик яшаш ва ишлаш ҳуқуқини олишнинг ўзи етар? Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари РФ паспортига кўз тикмасдан¸ Россияда қонуний ишлашни йўлга қўйса¸ улар ҳақлари ҳимояланишига эришса¸ шунинг ўзи етарли¸ дейди россиялик миграция қонунчилиги бўйича мутахассис.

Москвада ишлаëтган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Собиржон Жамилев¸ Россиядаги аксар меҳнат муҳожирларининг РФ фуқаролиги ҳақидаги қонунлар соддалаштирилган тақдирда¸ паспорт олишга жиддий номзод эмаслигини таъкидлайди:

- Қонун лойиҳасида рус тилида сўзлашадиган¸ рус маданияти ва урф-одатларига яқин одамлар¸ деган жойи бор. Оддий ўзбек муҳожирини олсак¸ рус тилида эркин гапириши қийин. Бу тоифага паспорт берилмаслиги аниқ. Россия фуқаролигига даъвогарларни суҳбатдан ўтказадиган комиссияда ўтирганлар¸ рус тилини яхши билишидан ташқари¸ номзоднинг маълумоти даражасига ҳам қарайди ва табиийки¸ олий маълумотликларга ëн босади. Ўзбек мардикорларининг аксариятида ҳеч қандай маълумоти йўқ ва бу ҳам уларнинг Россия фуқаролигини олиши ҳозирги аҳволда имконсиз эканини кўрсатади¸ дейди Москвада ишлаëтган ҳуқуқшунос.

Қолаверса¸ Россия фуқаролигини хорижийларга бериш тартиби соддалаштирилган тақдирда ҳам¸ фуқароликка Россия ҳудудидан туриб мурожаат қилмоқчи бўлганлар¸ албатта¸ вақтинча яшаш ҳаққи (РВП)ни олишга мажбур бўлади. Бу ҳақни олиш эса¸ квотага қарам бўлгани боис¸ ҳозирда Россияда аксарияти ноқонуний ишлаб юрган ўзбекистонлик миллионлаб меҳнат муҳожирининг Россия фуқаролигини¸ янги соддалаштирилган тартибда олиши тез ва осон бўлмаслигини англатади¸ дейди Россия миграция қонунчилиги билан ишловчи ўзбекистонлик ҳуқуқшунос.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG