Линклар

logo-print

Керри: Энергия манбааларидан босим қуроли сифатида фойдаланилишига йўл қўймаслик керак


АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россияни Украинага сотадиган газ нархини оширгани учун танқид қилар экан, ҳеч бир давлат ёнилғидан босим қуроли сифатида фойдаланмаслиги кераклигини таъкидлади.

Брюсселда Европа Иттифоқи –АҚШ энергетика кенгаши йиғинида қатнашган Жон Керри ҳам Европа ҳам Қўшма Штатлар учун шу кунларда муқобил энергия манбааларини излаш долзарблигини қайд этди.

Ўз чиқишида Керри ҳеч бир мамлакат энергия ресурсларидан сиёсий босим қуроли сифатида фойдаланишига йўл қўйилмаслигини таъкидлади.

-Ҳеч бир давлат энергия манбаларини қурол сифатида қўллаб, халқ интилишини бурчакка олмаслиги керак. Бунинг учун муқобил энергия манбааларига эга бўлишимиз керак, бу иқтисодимиз, хавфсизлигимиз ва равнақимиз учун жуда муҳим, - деди Жон Керри.

Қўшма Штатлар Европа Иттифоқи ёнилғи эхтиёжини қондириш учун ёрдам беришини билдирган. Ўз чиқишида АҚШ дипломатияси раҳбари муқобил энергия манбааларига эга бўлиш ҳамма мамлакат учун муҳим эканини қайд этди.

- Ҳеч ким бир мамлакат энергия манбааларига қарам бўлиб қолмаслиги керак, - деди Керри.

"Газпром" апрел ойидан бошлаб Украинага етказиладиган газ нархига имтиёзни бекор қилади.

Январ ойида оммавий Киевда намойишлар бўлаётган бир пайтда Путин Украинага узатадиган газ нархини учдан бир қисмга пасайтирган. Аввал ҳар 1,000 кубметр газга 400 доллар тўланган бўлса, бу нарх $268.5га туширилган эди. Эндиликда, Россия бу имтиёзни бекор қилди.

АҚШ Давлат котиби, Украинани бошқа давлат гази билан таъминлаш масаласи кўриб чиқлаётганини айтди.

- Ҳозир биз Украинага Полша ва Венгриядан газ олиб келиш йўлларини ахтаряпмиз. Словакия йўналишини ривожлантиряпмиз, -деди Керри.
Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Европани газ билан таъминлашда Жанубий йўналишнинг ҳам муҳимлигига эътибор қаратди.

- Ҳозир биз Жанубий йўналишда Озарбайжондан Туркия орқали Европага кўпроқ газ етказиш ҳақида ҳам бош қотиряпмиз, - деди Керри.

Озарбайжон ва Туркия Транс-Анадолу қувури устида иш олиб бормоқда. Ушбу қувур ишга тушса Марказий Осиёнинг Қозоғистон ва Туркманистон каби мамлакатларидан Европага йилига 60 миллиард куб метр газ етказиш имкони пайдо бўлади.

Ҳозир Қозоғистон ва Туркманистон Боку-Тбилиси-Жайҳон қувури орқали газ узатишни ва шу орқали уни Европага сотишни бошлаган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри келажакда АҚШдан Европага суюлтирилган газ етказиш имконлари ҳақида ҳам гапирди.

Керрига кўра, Атлантика океанининг ҳар икки соҳилида суюлтирилган газ иншоотлари қурилаётгани ва мазкур станциялар орқали газ экспорт қилиш 2015 йилдан бошланишини билдирди.
XS
SM
MD
LG