Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:59

Форт Худ: 4 одам ўлди, 16 одам ярадор


Форт Худ базасида 2009 йилда ҳам 13 аскар отиб ўлдирилган эди.
Форт Худ базасида 2009 йилда ҳам 13 аскар отиб ўлдирилган эди.

АҚШнинг Техас штатида жойлашган дунёдаги энг катта Форт Худ ҳарбий базасидаги отишмада тўрт одам ўлди ва 16 одам яраланди. Бундай воқеа мазкур базада кейинги 5 йил ичида иккинчи марта содир бўлмоқда. 2009 йилда айни шу базада АҚШ ҳарбийси Нидал Ҳасан 13 қуролдошини отиб ўлдирган эди.

Форт Худ ҳарбий базаси расмийси генерал-лейтенант Марк Миллей журналистларга чоршанба куни содир бўлган отишмада 4 киши, жумладан, ўқ отган ҳарбийнинг ўзи ҳам ҳалок бўлганини айтди. Яраланган 16 одамдан кўпчилигининг аҳволи оғир.
Форт Худ: 4 одам ўлди, 16 одам ярадор
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:30 0:00
Бевосита линк

-Воқеа хронологиясининг аниқ кетма-кетлиги юз фоизга аниқ эмас. У алоҳида турган бинолардан бирига кириб ўт очган, кейин автомашинага ўтириб у ердан ҳам ўқ отган. Автомобилдан тушиб яна бир бинога кирган ва яна ўқ отган. Шундан сўнг Форт Худдаги ҳарбийлар билан отишма бошланган, - деди Марк Миллей.

Унинг айтишича, воқеа сабабчиси ўзини бошидан отиб ўлдирган. Миллей ҳужум қилган шахс 2011 йилда тўрт ой Ироқда ҳарбий хизматни ўтаб келган аскар эканини билдирди. Расмий маълумотларга қараганда, бу аскар депрессияда ва васвасада бўлган.

Ҳозирча мазкур ҳужум аввалдан режалаштирилгани ёки тасодифан содир этилгани, бу ҳужумнинг террорчиликка алоқадор ёки алоқадор эмаслиги номаълум бўлиб қолмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама бу воқеадан чуқур қайғуга тушганини билдирди. Унга кўра, фожеанинг сабаблари чуқур ўрганилади ва бу борада тергов олиб борилади.

-Биз бу каби воқеа яна такрорланганидан қайғудамиз. Мен фактларни шарҳламоқчи эмасман, чунки ҳозирча нима бўлганини аниқ билмайман. Лекин ҳозирча мен шунга умид билдираманки, мамлакатдаги барча одамлар Форт Худдаги оилалар ва жамоат ҳақида қайғурмоқда ҳамда уларга дуолар қилмоқда,- деди Барак Обама.

Форт Худ базасида 2009 йилнинг ноябрида майор Нидал Ҳасан 13 ҳарбийни ўлдириб, 38 кишини яраланган эди. Ўтган йилнинг сентябрида Нидал Ҳасан ўлим жазосига ҳукм қилинган. У АҚШ ҳарбийларининг Афғонистонга жўнатилишига норозилик сифатида мана шу фожеани содир этганини билдирган.

Маълумотларга қараганда Форт Худ дунёдаги энг йирик ҳарбий базалардан бири бўлиб, у ерда 45 414 ҳарбий ва 8900 оддий фуқаро хизмат ўтайди.

CNN телекомпаниясининг билдиришича, Форд Худ базаси 214 минг акр, яъни 86 600 гектар майдонни эгаллайди. Бу базада икки дивизия жойлаштирилган. Бундан ташқари база таркибига кирган яна 12 бўлинма мавжуд.
XS
SM
MD
LG