Линклар

logo-print

"Вечерний Ташкент"нинг онлайн обуна нархи 1920 доллар!


Ўзбекистонда чиқадиган газеталар.

Ўзбекистонда чиқадиган газеталар.

“Матбуот тарқатувчи” акциядорлик ширкати Ўзбекистонда чиқаётган нашрларга онлайн тартибда обуна бўлишни йўлга қўйди. Эндиликда газета ва журналлар обунаси учун Websum тўлов тизими, интернет-банкинг ёки Click мобил банкинг тизими воситасида пул тўлаш мумкин. Лекин бу имкониятдан ҳозирча фақат Ўзбекистон ичида бўлганлар фойдалана оладилар, холос.


“Матбуот тарқатувчи” акциядорлик ширкати вакилининг Озодликка маълум қилишича, айни пайтда обуна учун тўловлар фақат ўзбек сўмида қабул қилинмоқда.

- Валютада тўлов қабул қилиш учун ҳали тизимимиз тайёр эмас. Бунинг учун бизнинг банк ва чет элдаги банклар ўртасида ўзаро келишув бўлиши керак. Ҳозир бу бўйича ҳам ишлар олиб борилаяпти, - деди “Матбуот тарқатувчи” акциядорлик компаниясининг исмини ошкор қилмаган вакили.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, “Матбуот тарқатувчи” АК Ўзбекистонда чиқаётган газета ва журналларни дунёга тарқатиш учун ҳозир фақат русларнинг “Периодика” фирмаси билангина ҳамкорлик қилмоқда.

- Россияда “Периодика” деган фирма бор. Шуларга [газета ва журналлар] рўйхатини тақдим этамиз. Улар бу рўйхатни ўз каталогига киритиб, дунё бўйича тарқатади, - деди “Матбуот тарқатувчи” АК вакили.

Интернет тармоғи бўйлаб қидирув жараёнида ўзбек нашрларини дунё бўйлаб тарқатиш билан шуғулланаётган St.Petersburgh ширкатининг “Вся Российская Периодика” саҳифасига дуч келдик. Аммо каталогига Ўзбекистонда чиқаётган 20 та нашр киритилган ва қароргоҳи АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган бу ширкат таклиф қилаётган нарх қиммат бўлиб чиқди.

Масалан, ширкат орқали “Вечерний Ташкент” газетасига бир йилга обуна бўлиш муштарийга 1920 АҚШ долларига, йилига 52 та сони чиқадиган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига обуна бўлиш эса хориждаги ўзбекка 738 АҚШ долларига тушади.

Қиёслаш учун, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бир йил обуна бўлиш учун тошкентлик ўзбек 70 минг 200 сўм (ёки қора бозор курси билан тақрибан 24 доллар), андижонлик ўзбек эса 84 минг 300 сўм (ёки қора бозор курси билан тақрибан 28 доллар) тўлаши лозим.

Бундан келиб чиқадики, ҳозир, дейлик, Жанубий Кореяда ишлаётган ўзбекистонлик бу газетага эга бўлиш учун Тошкентда яшаётган ватандошидан камида 30 баробар кўп пул тўлаши керак бўлади.

“Хориждаги ватандошларга ўзбек нашрларини бевосита етказиб бериш имкони туғилса, яхши бўларди” деган “Матбуот тарқатувчи” АК вакилига кўра, бу ерда конвертация муаммосидан ташқари маҳсулотни чет элдаги обуначига етказиб бериш масаласи ҳам мавжуд.

Суҳбатдошимизга кўра, ойига бир марта чиқадиган журналлар балки эскирмас, лекин ҳар куни чиқадиган газеталардаги хабарлар эгасига етиб боргунча эскириб қолиши мумкин.

Бундан ташқари, газеталар саҳифаларининг баъзан ортиб, баъзан камайиб туриши ҳам қўшимча муаммо келтириб чиқариши мумкин, чунки газета ва журналларни хорижга етказиб бериши лозим бўлган почта хизмати юборилаётган маҳсулотнинг граммига қараб нарх бичади.

“Ўзбекистоннинг турли вилоятларида обуна учун фарқли нархлар белгиланганига сабаб нима?” деган саволимизга жавобан “Матбуот тарқатувчи” АК вакили бунинг ички харажатлар кам ёки кўплиги билан изоҳланиши айтди.

- Нега деганда, бир хилларга биз самолётда оборамиз, бир хилларга машинада. Ёки бўлмаса, масалан, Сирдарёга ўхшаган кичик вилоятларимиз бор ва Навоийга ўхшаган ҳудудига дунёнинг иккита-учта давлати сиғадиган катта вилоятларимиз бор. Буларнинг ички харажатлари, асосан, транспорт харажатлари ҳар хил, - деди “Матбуот тарқатувчи” АК вакили.

Совет пайтидаги “Союзпечать” ташкилотининг вориси бўлган “Матбуот тарқатувчи” акциядорлик компаниясини Ўзбекистонда даврий матбуотни тарқатиш бўйича монополист ташкилот дейиш мумкин. Бугунги кунда ширкат Ўзбекистон бўйлаб 250 дан зиёд номдаги газета ва 100 дан зиёд номдаги журнални тарқатиш билан шуғулланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG