Линклар

logo-print

TeliaSonera собиқ президенти Гулнора Каримовага пора берганликда айбланмоқда


TeliaSonera собиқ президенти Ларс Нюберг ўзи ишлаган ширкат томонидан судга тортилиши мумкин.

TeliaSonera собиқ президенти Ларс Нюберг ўзи ишлаган ширкат томонидан судга тортилиши мумкин.

Ўзбекистонда катта миқдорда пора берганликда айбланаётган TeliaSonera ширкати бошқа мамлакатларда ҳам қонунни бузган бўлиши мумкинлигига иқрор бўлди. Швеция телеком ширкатининг раҳбарияти 2 апрель куни ўтказган йиллик мажлисида коррупцион ҳаракатлар учун компаниянинг собиқ перзиденти Ларс Нюберг жавобгар эканини баён қилди. Йиғинда қатнашган жураналистнинг Озодликка айтишича, йиғиннинг асосий мавзуси Ўзбекистон, Ucell мобил оператори ва Гулнора Каримова бўлган.



Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкатининг 2 апрель кунги йиллик мажлисида акциядорлардан ташқари журналист ва жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этди.

Муҳокамаларда TeliaSonera-нинг Ўзбекистондаги шубҳали олди-бердилари юзасидан суриштирув ўтказган Швед жамоатчилик телевидениеси мухбири Йоахим Дивфермарк ҳам қатнашди.

Жураналистнинг Озодликка айтишича, чоршанба кунги мажлисда ширкатнинг собиқ президенти Ларс Нюбергнинг Ўзбекистонда катта миқдорда пора бергани эътироф этилган ва TeliaSonera каби йирик ширкат учун бу ҳолат одатга зид бўлган.

- Одатда ширкат бошқарув кенгаши ва менежменти йил давомида рўй берган ишлар учун жавобгарликдан озод қилинади. Лекин кечаги мажлисда, ғайриодатий тарзда ширкатнинг собиқ президенти Ларс Нюберг жавобгарликдан озод қилинмади. Бу TeliaSonera энди Нюбергни суд тортиши ва ундан ширкатга етказилган молиявий зарарни қоплашни талаб қилиши мумкинлигини англатади.

Бу баёнотлардан кейин, дейди журналист, Нюберг ширкат томонидан фуқаровий ишлар бўйича судга тортилишидан ташқари, жиноят ишида айбланувчига айланиши ҳам ҳеч гап эмас.

- Агар у яқин келажакда Швеция прокуратураси олиб бораётган порахўрликка доир жиноят ишида гумонланувчига айланмаса, хайрон қолган бўлардим, дейди Йоахим.

Ларс Нюберг Ўзбекистондаги коррупцион ҳаракатлар билан боғлиқ жанжал швед терговчилари томонидан тафтиш қилина бошлагач¸ 2013 йилнинг февралида истеъфога кетган эди.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телеком бозорига кириш мақсадида бу мамлакат президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганликда гумон қилинмоқда.

Йоахимнинг атийшича, TeliaSonera йиллик мажлисида муҳокама қилинган масалаларнинг асосий мавзуси Ўзбекистон, ширкатнинг бу мамлакатдаги шўъба корхонаси UCell мобил оператори ҳамда мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримова бўлган.

- Бир қизиқ масала кўпчилик диққатини тортмоқда. TeliaSonera-нинг Ўзбекистондаги бизнес ҳамкори Takilant фирмаси бошида UCell операторининг 26 фоизига эгалик қилган. Кейин бу улушнинг 20 фоизлик қисмини TeliaSonera-га сотишган, лекин 6 фоизи ҳали ҳам Takilant фирмасида қолмоқда. Бу улуш 75-100 миллион швед кронаси (12-16 миллион АҚШ доллари)га тенг. Takilant эгаси ким, унинг ортида ким турибди деган савол ўртага чиққанда, албатта Гулнора Каримованинг исми келиб чиқди. Ҳаммани қизиқтираётган савол, агар Гулнора Каримова 6 фоизлик акцияларини сотаман, деб TeliaSonera эшигини қоқиб келса, улар унга пул тўлашадими, йўқми? Агар пул тўлашмаса, бу 6 фоизлик улушнинг эгаси ким бўлади? Умуан олганда, TeliaSonera-нинг 2013 йилги мажлисида бўлгани каби, бу сафар ҳам йиллик мажлиснинг асосий мавзуси Ўзбекистон, UCell ва Гулнора Каримова бўлди, дейди журналист.

Ўтган ойда Швеция бош прокуратуарси TeliaSonera Ўзбекистонда пора берганига доир иддаолар юзасидан очилган жиноят иши доирасида Гулнора Каримовани гумонланувчи деб эълон қилди. Ундан аввал Швейцария бош прокуратураси ҳам бу терговга бевосита алоқадор пул ювиш хусусидаги жиноят ишида Ўзбекистон президентининг қизини гумонланувчи, деб эълон қилди.

Йоахим Дивфермаркнинг яна айтишича, 2 апрель кунги мажлисда TeliaSonera менежменти ширкатнинг нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон, Грузия ва Непал каби мамлакатларда амалга оширган олди-бердиси қонунга ҳилоф бўлган бўлиши мумкинлигини эътироф этган.

- Ширкатнинг янги бошқарув кенгаши Ўзбекистондан ташқари бошқа мамлакатларда ҳам “нопок ишлар” амалга оширилгани эҳтимолларини тергов қила бошлади. Бу ишни улар Norton Rose Fulbright адвокатлик фирмасига топширишди. Ўтган бир йил давомида Norton Rose Fulbright Евроосиёнинг Ўзбекистондан бошқа мамлакатлардаги TeliaSonera фаолиятини текширди. Хулоса шундай бўлдики TeliaSonera юқори менежментида пора бериш маданияти борлиги тан олинди. Улар муайан мамлакат номлари ёки қандан нопок ишлар қилинганини аниқ айтишгани йўқ. Лекин бу текширув ширкатнинг Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон, Грузия ва Непал каби мамлакатлардаги фолиятига доир бўлган, дейди Швед жамоатчилик телевидениеси журналисти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG