Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:58

Ўшлик “ҳожибоши” 200 нафар тожикистонлик зиёратчини чув туширди


Ўш вилоят прокуратураси Ҳаж зиёратига бормоқчи бўлган 200 нафар тожикистонликнинг қирғизистонлик “ҳожибоши” томонидан алдангани юзасидан тергов бошлади. Тожикистонлик зиёратчилар даъвосига кўра, “Ҳожибоши” фирмаси вакили улар паспортига қалбаки виза қўйдириб, пулини олган.

Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Алманбет Абдураҳмоновнинг Озодликка айтишича, тожикистонлик зиёратчиларнинг алданиши юзасидан Жиноят Кодексининг “қаллоблик” моддаси бўйича жиноят иши очилган.

Жиноят ишида айтилишича, Қирғизистондаги ширкат уч йил давомида тожикистонлик 200 нафар зиёратчининг 348 000 АҚШ долларини алдаб олган.

Прокуратура расмийсининг матбуотга билдиришича, “Ҳожибоши” фирмаси вакили тожикистонлик фуқароларни Ҳажга олиб боришга ваъда қилиб, улардан нақд пул олган. Бу пул эвазига тожикистонликлар паспортига қўйилган визалар қалбаки бўлиб чиққан ва улар Туркия ва Саудия Арабистони чегараларида ушлаб қолинган.

Тожикистоннинг Истаравшан шаҳридан бўлган Умаржон исмли зиёратчининг айтишича, биринчи қалбаки визалар Қирғизистоннинг ўзида босилган:

- Бизнинг паспортларимизга босилган визалар қалбаки эканлиги аён бўлгач, “Ҳожибоши” фирмаси раиси Шарофиддин Туркиягача бирга боришни ва ўша ердан ҳақиқий визалар қилиб беришни ваъда қилди. Кейин биз 108 киши Истанбулга учдик ва у ерда “ҳожибоши”га виза учун 1150 доллардан бердик. Аммо бизнинг гуруҳимиз Урдунга парвоз қилмоқчи бўлганида турк чегарачилари 8 кишининг визалари қалбаки эканлигини аниқлашди. Биз уйга қайтишга мажбур бўлдик, деди Умаржон.

Суҳбатдошнинг айтишича, уч йил давомида улар “Ҳожибоши” фирмаси раисини излашган, бироқ у тутқич бермаган:

- Биз уни тополмадик. Ёнидаги одамлар эса, “Шарофиддиннинг ҳукуматда ишончли одамлари бор, агар сизларни Ўшда кўрса¸ қаматиб ҳам юборади” деб таҳдид қилишди, деди Умаржон.

Шундан сўнг тожикистонлик зиёратчилар Қирғизистон Бош прокуратураси ва Ўш вилояти прокуратурасига шикоят қилишган. Айни пайтда тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Тожикистонда Ҳаж зиёратига боришни истовчилар навбатининг узунлиги ва нархнинг қимматлиги зиёратчиларнинг бошқа давлатлардан муқобил вариантларни излашга мажбур қилмоқда.

Қирғизистонлик зиёратчи учун Ҳажга бориш харажати ўтган йили 2300 доллар бўлган бўлса, бу зиёрат тожикистонликларга 3700 долларга тушган.
XS
SM
MD
LG