Линклар

Намангандаги боғчаларда болаларга гўшт берилмаётгани аниқланди. Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази масъул ходими пора билан қўлга тушди. Озодбек Назарбековнинг концерти арафаси чиптафурушларнинг бозори қизиди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази масъул ходими пора билан ушланди”

Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази масъул ходими хизмат ваколатидан фойдаланиб фуқаролардан пора талаб қилгани маълум бўлди (“Адолат кўзгуси”, 3 апрель).

Исми ошкор этилмаган масъул ходим 2001 йилдан буён ўз хизмат вазифасига кирган ишларни бажариш эвазига фуқаролардан товламачилик йўли билан пул ундирган.

Қайд этилишича, тез тиббий ёрдам машинасида марказга оғир аҳволдаги бемор аёл олиб келинади. Заҳарланган бемор касалхонанинг шароит у қадар яхши бўлмаган умумий палатасига ётқизилади. Масъул лавозимда ишлаган шифокор эса беморнинг қариндошларини чақириб, 100 АҚШ доллари ва 300 минг сўм эвазига яхшироқ палатага ўтказишни таклиф қилади.

Тезкор рейд пайти қўлга олинган масъул лавозимдаги шифокорга тегишли жазо берилгани маълум қилинган.

“Либерал партия ўз фаолиятини танқидий баҳолади”

Ўзбекистон либерал-демократик партияси Тошкентда ўтган йиғилишда ўтган йилдаги фаолиятини танқидий баҳолади (“XXI аср”, 3 апрель).

Хусусан, парламентдаги айрим депутатларининг жойларда қонунни қўллаш амалиётини назорат қилиш, сайловолди платформани амалга оширишдаги роли суст. Айрим депутатлар эса партиянинг дастурий вазифаларини такомиллаштириш, давлат ва жамият қурилиши бўйича таклифлар тайёрлашда етарлича ишламаяпти.

Партиянинг йирик лойиҳаларидан бири “Тадбиркорлар мулоқот форуми” доирасидаги тадбирлар асосан Тошкентда ўтказилиб, ҳудудларда бу борадаги кўрсаткич пастлигича қолмоқда.

“Бундан, айниқса, Фарғона, Навоий, Жиззах ва Сурхондарё вилоят кенгашлари тегишли хулоса чиқаришлари лозим” дейилади газета хабарида.

“Кореяга юбораман деб 40 дан ошиқ одамнинг бурнини қонатган жиноий гуруҳ қўлга олинди”

Наманганда 41 нафар фуқародан Жанубий Кореяга ишлашга юбораман дея алдаб катта миқдорда пул олган жиноий гуруҳ қўлга олинди (“Диёнат”, 3 апрель).

Жиноий гуруҳ аъзолари аҳоли орасида хорижда ишлашга иштиёқ кучли эканидан фойдаланган. Жиноий гуруҳ аъзолари Нодир Усмонов ва Ғолибхон Исақов Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи миграция масалалари агентлигидаги танишлари орқали Кореяга ишга кетиш бўйича имтиҳонда иштирок этиш учун ноқонуний тарзда рухсатнома олиб берган. Бунинг эвазига ҳар бир талабгордан 1500-2000 АҚШ доллари миқдорида “суюнчи пули” олинган.

Тўрт кишидан иборат жиноий гуруҳ фуқароларни алдаб жами 50 минг АҚШ доллари миқдорида ўлпон олган. Орадан 2-3 йил ўтса-да Кореяга бора олмаган фуқаролар ҳуқуқ идораларига мурожаат қилган.

Суд ҳукмига кўра, Дилфуза Исломова, Нодир Усмонов, Ғолибхон Исақовларга 8 йилдан, Салоҳиддин Қипчоқовга эса 11 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

“Намангандаги боғчаларда болаларга гўшт берилмаётгани аниқланди”

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 39 та мактабгача таълим муассаларидаги текширувларда қатор қонун бузилишлари аниқланди (“Ҳуқуқ”, 3 апрель).

4-, 9-, 17-, 25-, 33-, 44-, 45-, 47- ва 49-мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ва жисмоний ривожланиши ҳеч кимни қизиқтирмаган чоғи, бу ерда даволаш-профилактика тадбирлари, санитария-гигиена меъёрлари, овқатланиш режими ва сифати мутлақо ўрганилмаган. Натижада болалар сонига нисбатан каравотлар, гуруҳларга нисбатан хоналар кам. Боз устига, озиқ-овқат маҳсулотлари, идиш-товоқ етишмайди.

10 та боғчада эса болалар гўшт берилмаётгани аниқланган. Боғча тарбияланувчиларига ажратилган маҳсулотлар эса хўжалик ишлари бўйича мудирлар томонидан ўзлаштирилган.

“Ҳисоб палатаси қўшиб ёзиш ва сохтакорликларни фош қилди”

Ўзбекистон Ҳисоб палатаси Сурхондарё, Наманган ва Жиззах вилоятида текширувлар чоғи қўшиб ёзиш, сохтакорлик ва ўғриликларни фош қилди (“Даракчи”, 3 апрель).

Наманганда уй-жой қурилишида 2 миллиард 617 миллион сўмлик ишлар қўшиб ёзилган. Янги қурилган массивларда газ ва сув тармоғи тортиш ишлари охирига етказилмаган, ички йўллар қуриш 25 фоизга бажарилган, холос. Жиззахда 1,9 миллиард сўмлик қурилиш лойиҳаси белгиланган муддатдан 8 ой ўтса-да тугалланмаган. 1,1 миллиард сўмлик ишлар аслида бажарилмаган бўлса-да, давлат қабул қилиш ҳайъати томонидан қабул қилинган.

Сурхондарёда 4700 нафар битирувчи иш билан таъминлангани ҳақидаги сохта ҳужжатлар тақдим этилган. 3 та вилоят бўйича 122 та таълим муассасасидадаги 138 нафар ўқитувчиларнинг олий маълумот тўғрисидаги дипломи сохта экани аниқланган.

“Аутизм касаллиги бўйича мутахассислар етарли эмас”

Ўзбекистонда аутизм касаллиги бўйича мутахассислар, ташхис ва даволаш марказлари етарли эмас (“Новий век”, 3 апрель).

Ушбу хасталикка чалинган болаларга таълим-тарбия берувчи боғча ва мактаблар ҳам ташкил қилинмаган. Бу борада муайян статистика – рақамлар мавжуд эмас. Аутизм касалига чалинган фарзанди бор оилалар катта руҳий, жисмоний ва ижтимоий босим остида яшайди.

Газетада ёзилишича, ушбу хасталик борасида жамоатчиликни кўпроқ хабардор қилиш зарур. Негаки, бу касалга чалинганлар аксар ҳолларда одамларнинг ҳақоратли муносабатига дучор бўлади. Айни пайтда аутизмга чалинган беморларни даволаш ва жамиятга мослаштириш борасида янги педагогик йўналиш ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди газета.

“Чиптафурушларнинг мушугини пишт дейдиган мутасадди йўқми?”

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг концерти арафасида чипта учун турнақатор навбатлар юзага келмоқда, натижада одамлар соатлаб кутишга мажбур бўлмоқда.

“Оила даврасида” газетасининг кузатувларига қараганда, “Истиқлол” санъат саройи атрофида олибсотарлар чипталарни асл нархидан бир неча ўн минг қимматга бемалол пулламоқда.

“Хўш, нега чипта олибcотарларнинг бу савдосига ҳеч бир мутасадди ортиқча эътибор қилмайди? Бундан “тадбиркорлар”ни назорат қилишнинг ҳеч иложи йўқми?” дея масъулларни саволга тутади “Оила даврасида” нашри.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG