Линклар

Афғонистонда президентлик сайловлари якунланди. Марказий сайлов комиссияси расмийларига кўра, мамлакатда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 12 миллион фуқародан қарийб 7 миллиони, яъни сайловчиларнинг 58 фоизи бугунги овоз беришда қатнашган.

Афғонистон тарихида илк бор ҳокимият тинч сайлов йўли билан бир шахсдан иккинчисига ўтади. 5 апрел кунги сайловда саккизта номзод президентлик курсиси учун кураш олиб борди.

Афғонистонда ўтаётган президентлик сайловида мамлакат собиқ ташқи ишлар вазирлари Абдулла Абдулла ва Залмай Расул, собиқ молия вазири Ашраф Ғани президентликка асосий даъвогарлар сифатида кўрилмоқда.

Агар номзодлардан биронтаси 50 фоиздан кўпроқ овоз олмаса, 28 май куни сайловнинг иккинчи давраси ўтказилади. Сайловнинг иккинчи даврасида кураш биринчи сайловда энг кўп овоз тўплаган икки номзод орасида кечади.

Афғонистоннинг жорий раҳбари Ҳамид Карзай мамлакат конституциясига мувофиқ ўз курсисида қолишга бошқа даъвогарлик қилолмайди.

12 йилдан буён Афғонистонга раҳбарлик қилиб келаётган Ҳамид Карзай бугун Кобулда ўз халқини сайловда фаол қатнашишга чақирди.

- Ёмғир, совуқ ҳаво ва таҳдидларга қарамай мен афғон халқини сайлов участкаларига боришга чақираман, - деди Карзай.


Сайловчи кўп, бюллетен кам бўлди

Афғонистонда 5 апрел кунги президентлик сайловида мисли кўрилмаган фаоллик кузатилди. Қаттиқ ёмғир ва жанггари гуруҳларнинг таҳдидларига қарамай овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган кўплаб фуқаролар эрталабдан сайлов участкаларига шошилдилар.

Айрим сайлов участкалари олдида узундан-узоқ навбатлар юзага келган. Кўпгина сайлов участкаларида сайлов бюллетенлари етишмай қолгани айтилади.

Озодлик мухбирига кўра, Афғонистоннинг 34 вилоятидан 15тасида сайлов бюллетени етишмовчилиги билан боғлиқ муаммо юзага келган.

Қандаҳорда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган бир миллион сайловчидан 400 минггига сайлов бюллетени етмай қолган.

Афғонистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, кўпгина минтақаларда сайлов участкалари ёпилган. Айрим участкаларда овоз бериш вақти узайтирилди.
Комиссия раиси Аҳмад Юсуф Нуристонийнинг таъкидича, сайловчилар сони кўплиги сабаб шундай қарор олинган.

- Агар сайлов участкалари олдидаги узун навбатлар сабабми ёки йўллардаги ёмон аҳвол ва ёмон транспорт важиданми одамлар участкаларга келишга кечикиб, овоз беришга улгурмаса овоз бериш вақтини яна узайтирамиз, участкалар кечқурун 19:00 ёки 20:00гача очиқ бўлиши мумкин. Ҳар бир одамни овоз бериши учун имкон берилади, - деди Нуристоний.

Ҳар қадамда полициячи

Овоз бериш осойишта ўтиши учун афғон хавфсизлик кучлари юқори даражада шай холатга келтирилган.

Мамлакат бўйлаб қарийб ярим миллион полициячи ва ҳарбий хавфсизликни таъминлашга жалб этилган.

Қобулдаги Озодлик мухбирининг хабар беришича, минглаб полициячи шаҳар кўчаларини қўриқламоқда.

-Ҳар юз метрдан хавфсизлик назарати пунктлари ташкил этилган. Кўчаларда тиш-тирноғигача қуролланган аскарлар юрибди. Биноларни томида снайперларни кўриш мумкин, - деди Озодлик радиосининг Кобулдаги мухбири Олим Кўҳкан.

Сайлов жараёнини 200 мингдан зиёд афғонистонлик кузатмоқда.

Афғонистоннинг Ғазний вилоятида овоз берган Фаришта Жалалзай: "Афғонистон келажаги учун овоз беряпмиз. Мамлакат учун ҳизмат қиладиган яхшироқ президентни сайлаш учун овоз беряпмиз", дейди.

Асосий номзодлар кимлар?

Афғонистонда президентликка номзодини кўрсатган саккиз номзоднинг барчаси эркаклардир.

Афғонистоннинг собиқ молия вазири Ашраф Ғани ҳамда мамлакатнинг собиқ ташқи ишлар вазирлари Абдулла Абдулла ва Залмай Расуллар президентликка асосий даъвогар сифатида кўрилмоқда.

Ашраф Ғани бугун Кобулда овоз берар экан: “Афғон халқи бугунги сайловда қатанашиб, душманга аниқ муждани йўллади. Демак, бизни интилишимизни ҳеч қандай таҳдид тўхтатиб қололмайди”, - деди.

Президентликка асосий даъвогарлардан яна бири доктор Абдулла Абдулла ҳам бугун Кобулда овоз берди.

- Бугунги тадбир Афғонистон тарихида демократик жараёнларнинг бошланишидир ва яҳшироқ келажак сари ташланган муҳим қадамдир, - деди Абдулла Абдулла. Афғонистонда 12 миллион одам сайлаш ҳуқуқига эгадир. Афғонистон аҳолисининг қарийб 10 фоизини ўзбеклар ташкил этади.

Лекин, номзодлар орасида ўзбек сиёсатчиси йўқ. Афғонистон шимолидаги ўзбеклар етакчиси генерал Абдулрашид Дўстум асосий номзодлардан бири Ашраф Ғанини дастаклашини айтган.

Ўз навбатида Ашраф Ғани сайловда ғолиб чиқса Абдулрашид Дўстумни вице-президент этиб тайинлашни ваъда қилган.

Сайлов арафасида Толибон ҳаракати жанггарилари сайлов ўтказилишига йўл қўймасликлари ҳақида билдиришганди.

Мамлакатдаги 28500 сайлов участкасининг 10 фоизи таҳдидлар боис ёпилган.

Халқаро кузатувчилар сайловнинг адолатли ўтиши ва сохтакорликларга йўл қўйилмаслигига умид қилмоқда.

Сайловнинг дастлабки натижалари 24 апрел куни маълум бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG