Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:06

Карзай Афғонистондаги сайловларни юқори баҳолади


Афғонистон президенти Ҳамид Карзай сайлов участкасида, Кобул, 2014 йилнинг 5 апрели.
Афғонистон президенти Ҳамид Карзай сайлов участкасида, Кобул, 2014 йилнинг 5 апрели.

Афғонистон президенти лавозимидан кетаётган Ҳамид Карзай шанба куни мамлакатда ўтказилган президентлик ва муниципал сайловларнинг боришини юқори баҳолади.

Телевидение орқали қилган мурожаатида Карзай, об-ҳаво шароити ёмон бўлиши ва толиблар томонидан бўлаётган турли таҳдидларга қарамай, афғонистонликлар сайловларда фаол қатнашганларини олқишлади.

Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, шанба кунги овоз бериш жараёнида 12 миллион сайловчидан 7 миллиони (тақрибан 58 фоиз) иштирок этган.

Мазкур сайлов Афғонистонда ҳокимиятни илк бор демократик йўл билан шакллантириш бўйича муҳим қадам бўлиб ҳисобланади.

Толиблар таҳдидига қарамай, сайлов кунида жиддий ҳужум қайд этилмади. Шунга қарамай, айрим сайлов участкаларида бюллетенлар етишмаслиги кузатилди.

Ҳамид Карзай президентликка иккинчи бор сайланган 2009 йилги сайловларда кўплаб қонунбузарлик, товламачилик ва зўравонлик ҳолатлари кузатилганди.

Кеча бўлиб ўтган президентлик сайловларининг дастлабки натижалари бир неча кундан кейин маълум бўлади.


Ғарб лидерлари Афғонистондаги сайловни олқишламоқда

АҚШ президенти Барак Обама Америка халқи номидан миллионлаган афғонистонликларни тарихий сайловдаги фаол иштироки билан табриклади.

АҚШ президенти Афғонистондаги бу сайлов натижасида мамлакат тарихида илк бор ҳокимият демократик йўл билан топширилажагини урғулади.

- Эндиликда афғонистонликлар АҚШ ва унинг ҳарбий коалициядаги ҳамкорлари ўз қўшинларини олиб чиқиб кетганларидан кейин ўз мамлакатлари учун бутун масъулиятни зиммасига оладилар, - деди Барак Обама.

АҚШ президентига кўра, бу сайловлар Афғонистоннинг демократик келажагини таъминлаш учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Барак Обама афғон халқи ўз келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олаётган пайтда уни қўллаб-қувватлаш учун куч-ғайратларини аямаган америкалик ҳарбийлар ва бошқа фуқароларга эҳтиром изҳор қилди.

“АҚШ суверен, барқарор, яхлит ва демократик Афғонистонни қўллаб-қувватлашда давом этади ва афғон халқи томонидан сайланган янги ҳукумат билан ўзаро ҳурмат асосида ҳамкорлик давом этишини сабрсизлик билан кутиб қолади”, дейилади АҚШ президентининг шанба куни Оқ уй матбуот хизмати томонидан тарқатилган баёнотида.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг ҳам шанба кунги сайловларни афғон халқининг “улкан муваффақияти” ўлароқ баҳолади.

Афғонистонлик сайловчиларнинг овоз бериш чоғидаги иштиёқини мақтаган НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен эса бунда Афғонистон хавфсизлик кучларининг хизмати юксак бўлганини қайд этди.


Саккиз номзод кураши

Афғонистонда 5 апрел куни ўтказилган сайловда саккиз нафар номзод президентлик курсиси учун кураш олиб борди.

Мазкур сайловда Афғонистон собиқ ташқи ишлар вазирлари Абдулла Абдулла ва Залмай Расул, собиқ молия вазири Ашраф Ғани президентликка асосий даъвогарлар сифатида кўрилмоқда.

Агар номзодлардан биронтаси 50 фоиздан кўпроқ овоз олмаса, 28 май куни сайловнинг иккинчи давраси ўтказилади. Сайловнинг иккинчи даврасида кураш биринчи сайловда энг кўп овоз тўплаган икки номзод орасида кечади.

Афғонистон шимолидаги ўзбеклар етакчиси генерал Абдулрашид Дўстум асосий номзодлардан бири Ашраф Ғанини дастаклашини айтган. Ўз навбатида, Ашраф Ғани сайловда ғолиб чиқса, Абдулрашид Дўстумни вице-президент этиб тайинлашни ваъда қилган.
XS
SM
MD
LG