Линклар

Афғонистон ўзбеклари генерал Дўстум вице-президент бўлишига умид қилмоқда


Генерал Абдурашид Дўстум.

Генерал Абдурашид Дўстум.

5 апрель куни Афғонистонда президентлик сайлови ўтказилди. Афғонистонлик ўзбеклар президентликка даъвогар саккиз номзоддан асосан Ашраф Ғани Аҳмадзай учун овоз бердилар. Боиси Ғани сайловда ғолиб чиқса, Дўстумни мамлакат биринчи вице-президенти этиб тайинлашни ваъда қилган.

Афғонистон шимолида жойлашган Жузжон вилояти маркази Шибирғон шаҳрида яшовчи Эломон Озодлик билан суҳбатда шанба куни ўтказилган президент сайловида Афғонистон шимолидаги тўққиз вилоятда яшайдиган ўзбеклар асосан Ашраф Ғани Аҳмадзай номзодини қўллаб овоз берганларини айтди.

- Сайловдан олдин генерал Абдурашид Дўстим Ашраф Ғанининг биринчи ўринбосари, деб тайинланган эди. Шу сабабли асосан ўзбеклар, шунингдек, айрим туркман қавмлари Ашраф Ғанига овоз бердилар, - дейди афғонистонлик тадбиркор.

Шанба кунги президент сайловида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 12 миллион фуқаронинг 58 фоизи, тахминан етти миллиони қатнашган.

Ўзбек генерали Абдулрашид Дўстум пойтахтдаги сайлов участкасида овоз берди.

Кобул шаҳридаги афғонистонлик журналист Файзулло Қардош Озодлик билан суҳбатда Афғонистон ўзбеклари ўз миллатдошлари илк бор мамлакат вице-президенти лавозимини эгаллаши учун имконият пайдо бўлгани боис Ашраф Ғани номзодини қўллаганини айтди.

- Абдурашид Дўстим аввалги сайловларда иккинчи вице-президент бўлиши мумкин эди. Дўстум фақат биринчи вице-президент лавозимини эгаллаш учун Ашраф Ғани билан бирга бўлди. Бошқа миллатлар туриб ўзбеклар вакилининг биринчи вице-президент лавозимини эгаллаши жуда катта ютуқ, деб ўйлайман, -деди Файзулло Қардош.

Жузжон вилояти ҳарбий кучлар қўмондони собиқ ўринбосари, миллати туркман бўлган генерал Муҳаммад Иброҳим Озодлик билан суҳбатда афғонистонлик туркманлар бир ёқадан бош чиқариб, ўзбеклар билан бирга Ашраф Ғани учун овоз бермагани сабабини туркманлар орасида сиёсий фаоллик сустлиги билан изоҳлади.

- Афғонистонлик туркманлар Ашраф Ғани Аҳмадзай, Залмай Расул ва доктор Абдуллоҳ учун овоз бердилар. Кўпроқ Залмай Расул билан доктор Абдуллоҳга овоз беришди. Тўрт номзодга тарғибот бўлгани сабаб улар ҳар ёққа оғиб кетдилар. Туркманлар орасида мактабда ўқиганлар кам. Сиёсатга аралашганлар камроқ. Туркманларга бош бўладиганлар йўқ, - дейди генерал Муҳаммад Иброҳим.

Файзулло Қардош фикрича, Дўстумнинг мамлакат биринчи вице-президенти лавозимини эгаллаши ҳукумат лавозимларини ўзбеклар эгаллашида муҳим аҳамиятга эга.

- Вазирлар маҳкамаси бўладими, бошқа идораларми - ҳар миллатнинг ўз ҳиссаси бўлади. Афғонистонда ҳамма нарса, миллатлар юзидан, уруғлар юзидан, қавмлар юзидан тайин бўлади. Бу 30 йиллик касал. Ўзбек миллати бир кичик миллат эмас. Ҳозир учинчи қаторда турибди, лекин ўзбеклар иккинчи ўринда турадиган миллат. Шунинг учун ҳам Абдурашид Дўстумнинг биринчи вице-президент бўлиб сайланишга ҳаққи бор. Худонинг марҳамати билан муваффақиятга эришилса, буни жуда катта ютуқ деб биламан, - деди афғонистонлик журналист.

Афғонистонда якшанба куни ўтказилган президентлик сайловларининг дастлабки натижалари 24 апрелдан кейин эълон қилиниши кутилмоқда.

Сайлов ҳақидаги қонунга кўра, сайловда саккиз номзоддан бирортаси 50 фоиздан кўп овоз олмаса, 28 май куни сайловнинг иккинчи давраси ўтказилади.

Сайловнинг якуний босқичида биринчи босқичда энг кўп овоз тўплаган икки номзод иштирок этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG