Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:11

"Марҳаматдаги банк ваъда этилган кунда заёмни қайтиб олмади"


Ўзбекистон Молия вазирлигининг 1992 йилда чиқарилган ютуқли заёмлар 1 апрелдан қабул қилиниши ҳақидаги қарорига умид қилган марҳаматлик пенсионер Маҳмуд Ҳакимов Марҳамат туманидаги банк унинг заёмларини олмаганини айтиб, Озодликка боғланди. Банк мутасаддилари пенсионерга "заёмлар ҳақида ҳали кўрсатма келмагани боис" ололмаслигини айтган.


1992 йилдан бери 23 минг сўмлик заёмларни нима қиларини билмай, ташлаб ҳам юбормай, умид билан сақлаб юрган минглаб ўзбекистонликлардан бири -
пенсионер Маҳмуд Ҳакимов апрель ойини сабрсизлик билан кутгани ва ой бошида банкка борганини айтди.

- 1 апрелдан қабул қилади, дейишганди. Борсам: "Ҳали ўтган ойни ёпганимиз йўқ. Бунинг устига бу заёмларни нима қилишни ҳам билмаймиз. Ҳали ҳеч қанақа кўрсатма келгани йўқ, кейинроқ келинг", деб қайтаришди, - дейди Озодликнинг "Эркин микрофон"ига Марҳамат туманидан боғланганини айтган Маҳмуд ака.

Заёмларни қабул қилиш бўйича март ойи бошида Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳамда Халқ банки берган баёнотда 1992 йилда чиқарилган 12 фоизлик ютуқли заёмлар 1 апрелдан бошлаб аҳолидан қабул қилиниши билдирилган эди.

- Ҳа шунақа деган эдинглару, десам: "Ҳали аниқмас ҳеч нарса, уни қанқа ҳисоб-китоб қилишиниям билмаймиз. 3-4 кундан кейин бир келиб кўрингчи", деб чиқарворишди. Менда 500 сўмликдан 23 минг сўмлик заём бор. Энди бу қанча бўлади, ҳеч нарса айтишмади. Шу 1-15 қилиб, ҳисоблаб беришаркан, деган гапларни эшитганман. Лекин, ҳали аниқмасмиш. Лекин алоҳида окошкаларни очиб, тайёр қилиб қўйишибди. Фақат қабул қилишмаяпти, - дейди марҳаматлик пенсионер.

Озодликнинг "Эркин мирофон"ига бу борада ҳали бошқа тингловчилардан мурожаат тушмади.

(“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Агар муштарийлар орасида бу хусусда бирор маълумот ёки хабари бўлганлар бўлсаю, буни Озодлик муштарийларига етказиш истаги бўлса, марҳамат бизга боғланинг!)

Март ойи бошида Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳамда Халқ банки 1992 йилги 12 фоизлик ютуқли заёмларни аҳолидан қабул қилишини билдирган.

Расмий хабарда заёмлар 1 апрелдан 1 июлгача қабул қилиниши айтилган. Заём эгалари Халқ банкининг ваколатли бўлинмаларига келиб, уларни кассага топширишлари лозим.

"2014 йилнинг 1 августидан 30 ноябргача индексацияни ҳисобга олган ҳолда, пул маблағлари тўлаб берилади", дея маълум қилган Ўзбекистон Молия вазирлиги расмийси Искандар Ҳакимов.

Аммо бу мутасадди 1992 йилда чиқарилган ва 20 миллиард сўмлик миқдорда сотилган 500 сўмлик ёки 1000 сўмлик облигациянинг бугунги қиймати қанча бўлади, қандай ҳисоб-китоб қилинади - бу ҳақда ҳозирча бирор қарор қабул қилинмаганини айтган.

1992 йилдан буён аҳоли қўлида қолаётган 12 фоизли ушбу давлат заёмларининг амал қилиш муддати эса шу йил 1 июлда тугайди.
XS
SM
MD
LG