Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:56

Ҳолливуддан анбиёлар қиссаси: Нуҳ ҳақида фантастик эпос


"Ной" фильмининг Нуҳ пайғамбар кемаси қурилиши акс этган саҳнасидан бир кўриниш.
"Ной" фильмининг Нуҳ пайғамбар кемаси қурилиши акс этган саҳнасидан бир кўриниш.
Дунё киноэкранларида 10 кундан буён муваффақият билан намойиш қилинаётган, ҳозирданоқ ҳаражатини деярли қоплаган "Ной"(Нуҳ) ҳолливуд фильми насроний ва мусулмон жамоалари норозилигига сабаб бўлди. "Ўзбеккино" агентлиги фильмни аввалига тақиқлади, аммо оз ўтиб “ҳеч бир миллат ва дин вакилларини камситмайди” деган хулоса билан унинг намойишига рухсат берди.


Дастлаб, Инжилга асосланган фантастик эпос ҳақида:

Кейинги кунларда баҳсларга сабаб бўлаётган “Ной” фильми 27 март куни тақдим этилди ва апрель ойининг илк ҳафтасидаёқ ижодкорларга сарфланган 125 миллион долларнинг 111 миллион 354 минг долларини қайтарди.

Ҳолливудда ишланган бу фильм Қуръонда беш буюк пайғамбардан бири сифатида улуғланган Нуҳ алайҳиссалом, Инжилда эса Ной, деб келган пайғамбар тарихини ҳикоя қилади.

Одам Ато ва Момо Ҳаводан кейин бошланган ҳаётни батамом йўқ қилган буюк тўфон ва унда Нуҳга эргашган бир ҳовуч иймон келтирганлар ҳамда ҳайвонот ва набодот оламини сақлаган кема қиссаси жонлантирилади.

Воқеалар занжири ва экранга олиб чиқилган образлар кўпроқ инсоният тарихининг Инжилдаги талқинига яқинроқдир. Аммо, 13 ёшидан бошлаб Нуҳ пайғамбар ҳаётига қизиқиб қолган режиссёр Даррен Аронофски Инжилдаги Ной (Нуҳ алайҳиссалом) қиссасини ўз таъбига кўра ўзгатирган.

Аронофски версиясида:

... Тўфон олдидан келган қурғоқчилик боис ўта камбағаллашган ва очарчиликдан бир-бирин ғажий бошлаган оломонга қарши турган Ной одамларни Парвардигорга иймон келтиришга чақиришдан тўхтамайди.

Одамлар иймонга келмайди. Парвардигор Нойнинг даъватларига қулоқ солмаганларга жазо – буюк тўфонни ваъда қилади. Тўфон ер юзида инсониятни тўлиқ тугатиш учун Парвардигор томонидан жўнатилган жазо эди. Ной зиммасидаги вазифа эса зулм, жаҳолатга қодир бўлмаган ҳайвонот ва набодот оламинигина сақлаб қолишдир.

Бутун ҳайвонот оламини жуфти билан бир нусхадан ўат баҳайбат кемага жойлаган Ной оиласида инсоният наслини давом эттирувчи аёл йўқ. Икки аёлдан бири - рафиқаси туғиш ёшидан ўтган. Ёшгина келинини эса бепушт, деб биладилар.

Аммо, Худованд унинг бепушт келинига эгизак қизларни бериб, Нойни қаттиқ синовга солади. Фильмда Инжилда келгани каби Парвардигорнинг иродасига сўзсиз итоат қилишга буюрилган Ной эгизак набираларини ўлдириш ўрнига уларнинг ҳаётини сақлаб қолади.

Келини Ила сўзлари билан айтганда, "энг сўнгги онда раҳм-шафқат ва меҳр-муҳаббатни танлайди". Яъни, тўфондан сўнг ер юзида изи қуриши керак бўлган инсониятни Ной қутқариб қолади...


Даррен Аронофски ўз киноасарида томошабиннинг бутун эътиборини Нойга тортади ва муҳими, Худо танлов ихтиёрини унга берган, деб талқин қилади. У бу фильмни дин тарихидан ҳикоя қилувчи асар эмас, балки инсоният тарихидан ҳикоя сифатида ҳавола қилади. Фильмда ҳам диний контекст берилмайди, ҳатто "пайғамбар" сўзи ҳам тилга олинмайди.

Аммо Аронофски 125 миллион АҚШ долларига экранлаштирган асари Инжилдаги Нуҳ пайғамбар қиссасига асосланганини эътироф этади ва шу боис ҳам уни “Инжилдан илҳом олиб ишланган фантастик эпос”, дея тақдим қилади.

Бир қарашда бу фильм – кейинги йилларда Ҳолливуд режиссёрлари олаётган бошқа кассабоп фильмлардан деярли фарқ қилмайди. Зеро, Нуҳ алайхиссалом тарихидаги воқеанинг ўзи - буюк тўфон ва инсоният бошига тушган мусибатдан бир ҳовуч иймон келтирганларнинг омон қолиши, айниқса, 3D русумидаги фильм учун ўта қизирқали қиссадир. Рассел Кроу, Эмма Уотсон, Женнифер Конелли, Энтони Ҳопкинс каби юлдузлар, одатдагидек ролларини қойилмақом қилиб ижро этганлар.


Аммо, консерватив насронийлар фильмидан норози:

Тўғри тушунтиришга урнишларига қарамай, АҚШдаги тақдимот маросимидан кейиноқ “Ной” фильми устида баҳсу муноазарлар бошланиб кетди.

АҚШдаги айрим консерватив насроний жамоалари тўғридан-тўғри пайғамбар номи билан аталган ва шу боис, кўпроқ диний мазмун касб этадигандек кўринган бу асарда пайғамбар тарихи бузиб кўрсатилган, деб норозилик билдирдилар.

Насроний жамоаси етакчиларидан бири: “Отаси ёки онаси нима деса десин, болалар токчада чанг босиб ётган Инжилни қанчалик ҳижжаламасин, Ной пайғамбар ҳаёти ҳақида Ҳолливуд яратган ҳикоя уларнинг онгига мангуга муҳрланади. Бу бугунги киноиндустриянинг ўта хавфли жиҳатларидан биридир”, деб баёнот берди.

Натижада, фильмни тайёрлаган Paramount Pictures ширкати фильм тадимотидан сўнг унинг изоҳига “бу фильм Инжилдаги Ной пайғамбар ҳикоясининг айни талқини эмас” мазмунидаги қўшимчани ҳам қўшдилар.

Инжилдан илҳом олингани ва унда Ной (Нуҳ) пайғамбарнинг ўзи ҳам акс эттирилгани учун ҳали фильм тақдим этилмасидан туриб уни қатор мусулмон давлатлари - Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Покистон, Малайзия, Индонезия ҳамда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатлари тақиқлади.

Аҳолиси мусулмон бўлган Ўзбекистонда эса бу фильм тақдимотидан бир кун ўтиб - 29 март куни тақиқланди ва бу тақиқ кўпроқ лицензияга оид тартиб-қоида бузилганига асосланди.

Мамлакат ҳудудига кириб келаётган диний мазмундаги матн, аудио-видео материаллар мазмуни учун масъул Ўзбекистон Мусулмонлари идораси эса бундай фильмнинг мамлакатга кириб келганию, экранга чиққанидан бехабарлигини маълум қилди.


Муҳими, "Ўзбеккино" фильмга тақиқни 3 кунда қайтиб олди:

3 апрель куни “Ўзбеккино” агентлигига боғланган Озодлик мухбири “Ной” фильмини Ўзбекистонда намойиш этишга қайта рухсат берилгани ҳақидаги маълумотни олди. Агентлик 28 март куни фильм намойишини тақиқлаган эди.

Агентлик мутасаддиси 28 март куни агентлик қошидаги махсус ҳайъат фильмни кўрикдан ўтказгани ва уни тақиқлашга ҳеч қандай асос йўқ, деган хулосага келганини айтди.

Фильмни кўргани ва ундан жуда таъсирланганини яширмаган мутасадди сўзларидан тушунилишича, агентлик экспертлари бу фильмни “ҳеч бир миллат, элат ва дин вакилларининг ҳаққига, муқаддас тушунчаларига дахл қилмайдиган, инсоният тарихидаги буюк тўфонни таъсирли қилиб ёритган ва бугунги дунёнинг раҳмсизлашиб бораётган аҳлига яхшилик ва ёмонлик оқибатларини аниқ кўрсатган” деб топишган.

Шу боис, унинг қайта намойиш этилишига рухсат берилган ва лицензион масалалар ҳам дарҳол ҳал қилинган.

Тошкентдаги қатор кинотеатрларга боғланган Озодлик мухбири “Ной” фильми апрель ойи бошидан намойиш қилинаётгани ва, асосан, ёшлар катта қизиқиш билан томоша қилаётгани ҳақидаги маълумотни олди.

“Эндиии, Голливуд ишлагандабу кинони. Рассел Кроу ростдан жуда зўр ўйнаган, кино ЗД. Кирганлар зўр экан, деб чиқяпти”, деди Азия кинотеатри кассасидаги ходимлардан бири.

Тошкент кинотеатрларидан яна бирининг, афтидан дин тарихидан умуман хабари бўлмаган паттасичиси мухбирнинг “Нуҳ пайғамбар ҳақидаги кинони қўяпсизларми?” деган саволига: “Қанақа пайғамбар? Бу кино Нуҳ пайғамбармас, Ной ковчеги ҳақидаю, катта потоп ҳақида бу фильм. Унда пайғамбар-майғамбар йўқ”, деб жавоб берди.


Айни пайтда Мусулмонлар идораси ҳануз "Ной"дан бехабар:

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур мамлакатга кириб келаётган диний мазмундаги материаллар мазмунини текшириб берувчи махсус ҳайъат раисидир.

Маълум бўлишича, "Ной" фильмни уларнинг кўригига тақдим қилинмаган ва шайх ҳазратлари фильм мазмунидан бехабар.

Қуръон маъноларини таржима қилган шайх Абдулазиз Мансур пайғамбарлар тарихига оид мусулмон бўлмаган давлатлар, хусусан Ҳолливуд олган фильмларни маъқулламаслигини айтади.

Аммо, у киши ёшлик пайтларида Инжил асосида олинган бир фильмни томоша қилганини хотирлади.

- Биринчидан, ўтган йили мен Риёд шаҳрида бўлган Исломий уламолар анжуманида қатнашдим ва унда пайғамбарлар ролини актёрлар ўйнаши шаръан мутлақо мумкин эмас, деган қарор қабул қилинди. Саҳобалар ролини ўйнаш масаласида эса кенгаш келиша олмади ва кейинги йиғилишга қолдирилди. Энди ҳозир мусулмонлар пайғамбарлар ҳақида фильм олинганини эшитса, ким ишлаганига қарайди ва агар мусулмонлар олмаган бўлса, кўрмайдилар. Чунки, улар кўпроқ Инжилга таяниб кино оладилар, - дейди шайҳ ҳазратлари.

Шайх ҳазратларининг айтишича, ҳозир Ўзбекистонда пайғамбар тарихи ҳақида кино олиш истагини билдирган ижодкорлар йўқ.

- 1995 йилларда икки буюк муҳаддис - Имом Бухорий ва Имом Термизийлар тўғрисида фильмлар ишланган эди. Мен диний маслаҳатчи бўлганман. Қани энди шунақа фильмларни олишса, бизда диний қадриятларни тиклашга чақириладию. Бизда диний манбалар, маълумотлар жуда кўп ва ишончли, - деб орзу қилди шайх ҳазратлари.

Қуйида у киши билан қурилган суҳбатни тўлиқ тинглаш мумкин:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:36 0:00
Бевосита линк


Аслида пайғамбарлар тарихи Исломда ихтилофли мавзу:

Пайғамбарлар тарихига оид маълумотлар нафақат турли динлар, балки Исломий манбаларда ҳам бир-биридан фарқ қилади ва шу боис, ихтилофлар мавжуд.

- Бундай ихтилофларнинг бўлишига рухсат берилади. Чунки, ҳар бир ровий билганини ёзиб, айтиб кетиш керакда. Масалан, баъзи ровийлар Нуҳ алайҳиссалом сувда 40 кун юрган, яна бири бир ой, 10 кун ёки бир йил, деган ривоятларни ёзганлар ва ҳикояси охирида "валлоҳи-аълам" - яъни, ҳақиқатни Оллоҳ билади, деб ёзиб қолдиришган, - шайх Абдулазиз Мансур.

Шунингдек, мусулмон ровийлардан қолган қиссаларда Нуҳ алайҳиссаломнинг 4 ўғли бўлгани, улардан Хом, Сом ва Ёфас иймон келтиргани, яна бир ўғли Ём эса кофирлардан бўлгани айтилади. Баъзи манбалар Ёмга қўшилиб Нуҳнинг хотини ҳам кофирлар сирасида сувга ғарқ бўлгани, баъзи манбалар эса Нуҳ алайҳиссаломнинг иймон келтирган яна бир хотини у билан омон қолганини айтади.

Буюк тўфондан омон қолган мусулмонлан сони ҳам исломий манбаларда фарқ қилади. Уларнинг сони турли манбаларда 6 киши, 8 киши, 18 киши, 40 киши ва 80 киши, деб келтирилади. Кеманинг ҳажми ва воқеалар содир бўлган кезда Нуҳ алайҳиссаломнинг ёши борасида ҳам фарқли маълумотлар бор.

Аммо, бундай фарқлар Ислом тарихига оид манбаларида қанчалик кўп бўлса, Насроний ва Яҳудий жамоалар муқаддас китоблари ҳамда ровийлари қолдирган манбаларда ҳам шунчалик кўп.

Даррен Аронофский саҳнага олиб чиққан "Ной" филдьмидаги мазмун буларнинг бирортасига айнан ўхшаш, ҳатто яқин эмас.


Ваҳоланки, анбиёлар қиссалари ҳануз битилмоқда:

Дунёнинг турли давлатларида ислом олимлари ҳануз пайғамбарлар қиссаларини жамлаб, нашр қилмоқдалар.

Туркияда эса йилда бир бор энг яхши қиссалар тўпламини ёзган адиблар ёки ёддан ҳикоя қилиб берадиган ровийлар танлови бўлиб ўтади. Саудия Арабистонида ҳам пайғамбарлар ҳаётига оид маълумотларни янгидан жамлаган ва ҳикоя қилганлар тақдирлаб борилади.

2009 йилда йилда ана шундай тўпламлардан бири - 4 томлик "Пайғамбарлар тарихи" тўпламини ўзбек тилида чоп эттирган шоир ва ўзбек муҳолифати фаоли Муҳаммад Солиҳ 8 йил давомида ислом оламида энг ишончли, деб тан олинган 15 та манбадаги маълумотларни жамлаганини айтади.

- Бу китобни мен умримнинг энг асосий иши, деб биламан. 8 йил давомида энг ишончли манбалардан маълумотлар олинган ва таржима қилинган. Унда менинг ўзимдан битта сўз ҳам қўшилмаган. Биз ва фарзандларимизда бундай билимга жуда катта эҳтиёж бор, - дейди Муҳаммад Солиҳ.

У ҳам шу кунларда тошкентлик ёшлар Нуҳ пайғамбар тарихини Ҳолливуддан тинглаб, томоша қилаётганидан ҳали хабар топмаганини айтди.

- Албатта, пайғамбарлар ҳаёти ҳақидаги энг тўғри ва ишончли манбаларга асосланган китоблар, визуал маълумотлар, яъни шундай фильмларга ҳам катта эҳтиёж бор. Лекин, табиийки бундай фильмлар шариат талаби асосида олиниши шарт. Яъни, яхшилик қиламан, деб Исломга зарар келтириб қўймаслигимиз, ширк келтириб қўймаслигимиз керак, - дейди суҳбатдош.

Қуйида Муҳаммад Солиҳ билан у чоп эттирган "Пайғамбарлар тарихи" китобининг нашрга тайёрланиши, исломий манбалардаги фарқлар, тақдир тушунчаси ва бошқа масалаларда бафуржа қурилган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:56 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG