Линклар

Украина шарқида Россия тарафдорлари давлат идораларига бостириб кирди


Луганск шаҳрида Украина МХХ биноси олдида 6 апрель куни ўтказилган норозилик намойиши.

Луганск шаҳрида Украина МХХ биноси олдида 6 апрель куни ўтказилган норозилик намойиши.

6 апрель куни Украинадаги россияпараст намойишчилар мамлакат шарқидаги Донецк шаҳри ҳокимлиги биносини штурм қилди. Айни пайтда, Украина шарқидаги Луганск шаҳрида намойишчилар Украина Миллий хавфсизлик хизмати Бош қароргоҳига бостириб кирди.


Якшанба куни эрталаб Донецк шаҳрида икки мингга яқин намойишчи вилоят ҳокимлиги олдида намойиш ўтказаётган пайтда бир гуруҳ намойишчи бинога бостириб кириб Россия байроғини осиб қуйди.

Любовь исмли намойишчи Рейтерс мухбирига норозилик акциясида иштирок этаётгани сабабини шундай изоҳлади.

- Мен бу ерга ўз халқимни қўллаб-қувватлаш учун келдим. Биз (Киевдаги) тўдага қаршимиз. Биз фашизмга қаршимиз. Мен Божхоналар иттифоқи бўлишини хоҳлайман. Киев бизни эшитмаяпти. Бизни Европа Иттифоқи эшитмаяпти. Мен Европа Иттифоқига мурожаат қилмоқчиман. Улар бу ерга Донбассга, Донецкка келишсин ва бизга қулоқ солишсин. Улар фақат Киевдагиларни эшитишади, деди Донецк шаҳридаги намойишчи.

Хабарларга кўра, норозилик акциялари пайтида полиция намойишчиларга қарши чора кўрмаган.

Украинадаги УНИАН агентлиги маълумотига кўра, Луганск шаҳрида намойишчилар Украина миллий хавфсизлик хизмати Бош қароргоҳига бостириб кираётган пайтда бир намойишчи аёл ва полиция ходими жароҳат олган.

6 апрель куни Украина шарқидаги Харьков шаҳрида ҳам Россия тарафдорлари норозилик акциялари ўтказди.

Намойишчилар, ўтган ой Қрим Россияга қўшилишига асос бўлгани каби, мустақиллик бўйича референдум ўтказилишини талаб қилдилар.

Февраль ойида москвапараст Виктор Янукович президентлик лавозимидан четлатилганидан бери Украинанинг рус тилида сўзлашувчи жанубий ва шарқий минтақаларида норозилик акциялари ўтказиб келинмоқда.

Украинада Россия тарафдорларининг намойишлари Россия қўшинлари чегара яқинига тўпланган пайтда ўтказилмоқда.

Намойишлардан олдин Украина хавфсизлик хизмати мамлакатнинг рус тилида сўзлашувчи аҳолиси яшайдиган шарқий вилоятида ҳокимиятни эгаллаб олишни режалаганликда гумонланган 15 киши қўлга олинганини билдирди.

Украина хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, улар 10 апрель куни Луганск вилоятида ҳокимиятни қурол ёрдамида эгаллаб олишни мўлжаллаган.

Украина хавфсизлик кучларининг амалиёти чоғида катта миқдорда қуроллар қўлга туширилган.

Ўтган ҳафтада Россия Федерал хавфсизлик хизмати мамлакатда террор ҳужумлари уюштиришни режалагани гумонланган 25 нафар украиналик ҳибсга олинганини маълум қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG