Линклар

Бан Ки Мун Афғонистондаги сайловларни олқишлади


БМТ бош котиби Бан Ки Мун.

БМТ бош котиби Бан Ки Мун.

БМТ бош котиби Бан Ки Мун афғонистонлик сайловчиларни 5 апрель куни мамлакатда ўтказилган президентлик сайловидаги фаол иштироки билан табриклади.

Бан Ки Мун шанба куни ўтказилган сайловларни “тарихий” деб атаб, унинг демократияга ўтиш жараёнида “муҳим қадам” бўлганини таъкидлади.

БМТ бош котибига кўра, сайловчилар “таҳдид ва қўрқитишларга қарамасдан”, зўравонлик тарафдорлари устун бўлолмасликларини билдириб қўйганлар.

Толиблар таҳдидига қарамай, 5 апрель куни Афғонистонда бўлиб ўтган сайловларда 12 миллион сайловчидан 7 миллиони овоз берган.

Якшанба куни Афғонистоннинг 34 вилоятидан сайлов қутилари пойтахт Кобулга олиб келинди.

Афғонистон Марказий сайлов комиссияси матбуот котиби Муҳаммад Нур якшанба куни яқин вилоятлардан келган бюллетенларни санаш бошлангани, узоқроқ ҳудудлардан сайлов қутилари келишда давом этаётганини билдирди. Муҳаммад Нурга кўра, барча бюллетенларни йиғишга бир ҳафтача вақт кетиши мумкин.

Сайловнинг биринчи босқичи дастлабки натижалари 24 апрелгача, якуний натижалар эса 14 майгача чиқиши кутилмоқда.

Агар биринчи босқичда номзодларнинг биронтаси ҳам 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмаса, иккинчи босқич энг кўп овоз олган икки номзод ўртасида 28 май куни бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG