Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:05

"Донецк халқ республикаси" тузилгани эълон қилинди


Донецкда россияпараст шахслар “Донецк халқ республикаси” ташкил қилинганини маълум қилишди. Айни пайтда расмий Киев Путин ва Януковични Шарқий Украинада сепаратизмни авж олдираётганликда айблади.

7 апрель куни Украинанинг Донецк шаҳрида яшовчи россияпараст аҳоли фаоллари “Донецк халқ республикаси”ни тузиш тўғрисида резолюция қабул қилди.

Донецк шаҳар маъмурияти биносини ишғол қилган намойишчилар бугуннинг ўзидаёқ “Халқ кенгаши” тузиб, Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказиш масаласини бошлашди.

“Мустақил давлат – Донецк халқ республикаси тузилганини эълон қиламиз”, дейилади душанба куни қабул қилинган мустақиллик декларациясида.
Хабарларга кўра, намойишчилар референдум ўтказишни 11 майга белгилаб, Россиядан “Тинчликпарвар кучлар”ни жўнатишни сўрашган.

Ўтган ой шу каби референдум натижасида Украина ҳудудида бўлган Қрим мухторияти Россияга қўшиб олинганди.

Озодликнинг Донецкдаги мухбирига кўра, вилоят маъмуриятини ишғол қилган россияпараст фаоллар аввалига вилоят Кенгаши депутатларидан мустақил республика эълон қилишни талаб қилган. Рад жавобини олган ишғолчилар вилоят депутатлари тарқатилиб, унинг ўрнига янги халқ Кенгаши сайланишини эълон қилган.

Хабарларга кўра, вилоят маъмурияти биносидан Донецк вилояти байроғи олиб ташланиб, ўрнига Россия байроғи илиб қўйилган. Маъмурият биноси олдидаги майдонда йиғилган юзлаб руслар “Россия, Россия!”, "Донецк - руслар шаҳри!" ҳайқириқлари билан “Донецк халқ республикаси” тузилганини кутиб олган. Шу жойдаёқ митинг бошловчилари Россия президенти Владимир Путинга мурожаатномани ўқиб эшиттирган.

Украина президенти вазифасини бажарувчи Александр Турчинов шарқий Украинадаги ҳукумат биноларининг ишғол қилиниши ва "Донцек халқ республикаси" эълон қилинишида Россияни айблади.

Турчинов бугун телевидение орқали чиқишида, якшанба куни Луганск, Донецк ва Харьковда бошланган намойишларни "Украинага қарши Россия махсус операциясининг иккинчи тўлқини", дея атади.

Земан: Украинага НАТО қўшинлари киритилиши мумкин

Чехия президенти Милош Земанга кўра, агар Москва Украинанинг шарқий қисмини аннексия қилишга уринса, бунга қарши "кескин чоралар" кўрилиши, жумладан, НАТО қўшинларининг Украинага киритилиши мумкин.

Земан бу ҳақда якшанба куни чех радиосига берган интервьюсида гапирди.

Шунингдек, Земан фикрича, ҳар қандай озғаки декларацияларга қарамай, Қрим яқин келажакда Украинага қайтарилмайди ва Ғарб давлатлари, жумладан, Европа Иттифоқи буни тан олишига тўғри келади.

Украина Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, бугун Қримда Россия аскари Украинанинг денгиз флоти офицерини ўлдирган. Айни пайтда расмий Киев Путин ва Януковични Шарқий Украинада сепаратизмни авж олдираётганликда айблади.

Харьков маъмурияти биноси ишғолчилардан тозаланди

Бугун Харьков вилоят маъмурияти биноси ишғолчи россияпараст намойишчилардан бутунлай тозаланди.

Бу ҳақда воқеа жойида бўлган Украина Ички ишлар вазири Асен Аваков Facebook орқали маълум қилди.
Россияпарастлар Харьков маъмурияти биносини эгаллаб олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

Аваковга кўра, ҳокимлик ишчи-хизматчилари ўз ишларини давом эттираяпти.

Лекин Украина шарқидаги вазият кескинлигича қолмоқда. Кеча кўп минг сонли россияпараст намойишчилар Донецк ва Харьковда вилоят маъмурияти биносини ишғол қилди.

Луганскда эса намойишчилар Украина Хавфсизлик хизмати биносини ишғол қилиб, у ердаги қуролларни эгаллаб олишди.

Сўнгги хабарларга кўра, ҳозирда мазкур бино россияпараст намойишчилар томонидан ўраб олинган. Шаҳар милицияси ҳарбий тайёргарлик ҳолатига келтирилган, ДАН ходимлари шаҳарга кириш йўлларининг барчасини ёпиб қўйган.

Донецкдаги намойишчилар бугуннинг ўзидаёқ “Халқ кенгаши” тузиб, Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказиш масаласини бошлаш ҳаракатида эканликларини эълон қилишди.

Ўтган ой шу каби референдум натижасида Украина ҳудудида бўлган Қрим мухторияти Россияга қўшиб олинганди.

Тартибсизликлар рўй берган уччала шаҳар ҳам Украина - Россия чегарасига яқин ерда жойлашган.
Донбассда эса аҳоли Украина ҳукуматига очиқ хат билан мурожаат қилиб, сепаратистлар ҳаракатидан ҳимоя қилишни сўради.

Украина ҳукумати мамлакат шарқидаги оммавий тартибсизлар бўйича жиноий иш қўзғади. Намойишлар ташкилотчилари 5 йилдан 8 йилгача қамоқ билан жазоланиши айтилаяпти.

Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков мамлакат шарқида тартиб-интизомни қон тўкмасдан тиклашга ваъда берди. Аваковга кўра, Украина шарқидаги айирмачилик ғалаёнларининг буюртмачиси Россия президенти Владимир Путин ва Украинанинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти Виктор Януковичдир.

Бу тартибсизликлар туфайли Украина президенти вазифасини бажарувчи Александр Турчинов душанба кунига режаланган Литва сафарини қолдирди.
XS
SM
MD
LG