Линклар

Ўзбекистон фуқаросининг амалдаги паспортини биометрик паспортга алмаштириш билан боғлиқ саволлар долзарблигича қолмоқда.

Озодликка келаётган саволларнинг кўпчилиги паспорт алмаштириш жараёнининг авичипта харидига таъсирига доирдир.

Мухбиримиз Тошкентдаги бир неча авиакасса билан боғланиб, масалага ойдинлик киритишга уринди.

“Ўзбекистонда эски паспорт билан ҳозир авиабилет сотилмаётган эмиш. Шу ростми?”

Озодликка келаётган кўплаб саволлар шу мазмунда.

Авиачипта сотувчи Abdulatif Business масъулияти чекланган жамият ходимасининг айтишича, “эски паспортлар билет сотиб олиш учун 1 июлгачагина яроқли. 1 июлдан кейин эски паспорт билан билет сотиб ололмайсиз.”

Худди шундай гапни хорижий авиширкатлардан бирининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимидан ҳам эшитдик.

Abdulatif Business вакилига яна бир савол бердик: агар мен 1 июлгача учиб, масалан, 1 августда қайтмоқчи бўлсам, эски паспортимга билет сотаверасизми?

Ширкат вакили дарҳол жавоб беролмади ва бошлиғи билан маслаҳатлашганидан сўнг бундай деди:

- Мумкин эмас экан. Қайтиш билетини 1 июлгача бўлган муддатгагина эски паспорт билан олишингиз мумкин.

Айни пайтда хорижий авиширкатлардан бирининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходими худди шу вазиятни бошқачароқ тушунтирган бўлди.

- 1 июлгача эски паспорт билан учиб кетишингиз мумкин. Қачон бўлсаям қайтиб келсангиз бўлаверадику?! деб ҳайрон бўлди Ўзбекистонда ишлаётган чет эллик.

Лекин, айтишича, бу ходим ҳам 1 июлдан кейинги кунларда, масалан, 2 июлда Ўзбекистондан учиш учун авиачиптани паспорти эски ўзбекистонликка сотмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил, 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарорининг 1-бандида “2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши фақат биометрик паспортлар билан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин”, дейилган.

Авиакассалар, афтидан, шу талабдан келиб чиқиб авичипталарни фақат 1 июлга қадаргина эски паспортларга расмийлаштириши мумкин.

Агар бирон бир агент 1 июлдан кейинги муддатга эски паспортга билет сотиб қўйган бўлса ҳам, фуқаро ўша билетдан фойдалана олмайди.

Чунки вазирлар Маҳкамаси қарорининг 4-бандида Давлат чегара қўмитаси ва Миллий хавфсизлик хизматига 1 июлдан бошлаб тилга олинган қарор талаблари бажарилиши устидан назорат ўрнатиш юклатилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG