Линклар

Бугун Харьков вилоят маъмурияти биноси ишғолчи россияпараст намойишчилардан бутунлай тозаланди.

Бу ҳақда воқеа жойида бўлган Украина Ички ишлар вазири Асен Аваков Facebook орқали маълум қилди.

Аваковга кўра, ҳокимлик ишчи-хизматчилари ўз ишларини давом эттираяпти.

Лекин Украина шарқидаги вазият кескинлигича қолмоқда. Кеча кўп минг сонли россияпараст намойишчилар Донецк ва Харьковда вилоят маъмурияти биносини ишғол қилди.

Луганскда эса намойишчилар Украина Хавфсизлик хизмати биносини ишғол қилиб, у ердаги қуролларни эгаллаб олишди.

Сўнгги хабарларга кўра, ҳозирда мазкур бино россияпараст намойишчилар томонидан ўраб олинган. Шаҳар милицияси ҳарбий тайёргарлик ҳолатига келтирилган, ДАН ходимлари шаҳарга кириш йўлларининг барчасини ёпиб қўйган.

Донецкдаги намойишчилар бугуннинг ўзидаёқ “Халқ кенгаши” тузиб, Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказиш масаласини бошлаш ҳаракатида эканликларини эълон қилишди.

Ўтган ой шу каби референдум натижасида Украина ҳудудида бўлган Қрим мухторияти Россияга қўшиб олинганди.

Тартибсизликлар рўй берган уччала шаҳар ҳам Украина - Россия чегарасига яқин ерда жойлашган.

Донбассда эса аҳоли Украина ҳукуматига очиқ хат билан мурожаат қилиб, сепаратистлар ҳаракатидан ҳимоя қилишни сўради.

Украина ҳукумати мамлакат шарқидаги оммавий тартибсизлар бўйича жиноий иш қўзғади. Намойишлар ташкилотчилари 5 йилдан 8 йилгача қамоқ билан жазоланиши айтилаяпти.
XS
SM
MD
LG