Линклар

Ўзбекистон ҳукумати Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатидаги 57,12 фоизлик активларини Давлат активларини бошқариш марказига ўтказди. Вазирлар Маҳкамасининг бу хусусдаги қарорида айтилишича, мақсад сўнгги 3 ойдан буён ишлаб чиқариш оқсаб турган ширкатдаги давлат активларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйишдир. Экспертлар бу қарор ортидан қолган активлари муқаддам Гаяне Авакиянга тегишли бўлган ширкатда тез орада янги раҳбарлар пайдо бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Январь ойидан буён асосий маҳсулоти - Coca-Cola ичимлигини ишлаб чиқармаётган Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатидаги давлат активлари Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш марказига ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат мулкидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига таяниб берилаётган хабарларда айтилишича, ширкатда Ўзбекистон ҳукумати улуши 57,12 фоизни ташкил қилади.

Ўзбекистонда энг харидоргир ичимликлардан бирини ишлаб чиқарган ва уч ойдан буён иши юришмаётган ширкатдаги давлат улушларини ўз тасарруфига олган марказ эса активлардан фойдаланиш самарадорлигини қандай қилиб оширишни режалаётгани ҳозирча номаълум.

Ушбу ташкилотнинг исмини очиқламаётганимиз ходимидан олинган маълумотга кўра, давлат активларининг турига кўра — "узоқ муддатли ёки жорий муддатли; мулк, ишлаб чиқариш ускуналари ёки иншоотлар кўринишида; бировдан ҳақдорлик ёки пул кўринишида эканидан келиб чиқиб" тезкор чоралар ишлаб чиқилади.

Шу вақтга қадар бу активлар Ўзбекистон "Озиқовқатсаноат" давлат уюшмаси тасарруфида бўлган. Давлат уюшмаси бу активлардан қандай фойдаланган, қанча даромад кўрган - буниси ҳам жамоатчиликка номаълум.

Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатининг Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган мулозимлари эса бу хабарни изоҳламадилар.

Аммо, ҳозирча ширкат тасарруфида ишлаб турган асосий корхона - Бектемирдаги Мегазавод тез орада Coca-Cola ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйишга ҳозирлик кўраётганини маълум қилинди.

- Coca-Cola ишлаб чиқаришда керак бўладиган концентрат поставкасида узилиш бор эди. Шунинг учун уч ойча чиқармадик. Лекин Bonaqua суви, Burn энержайзери, чойларимиз чиқарилаяпти. Бир ойга бориб-бормасдан концентрат ҳам келишни бошлайди. Проблема ҳал бўлади яқинда, - деди ширкат мулозими.

Аммо, пойтахт бозорлари ва савдо дўконларида Coca-Cola ҳануз камёблигича қолмоқда. Тошкентдаги бир қанча савдо дўконларидан олинган маълумотга кўра, маҳаллий тужжорлар аллақачон бу ичимликни қўшни Қозоғистондан олиб келишни бошлаб юборган.

Бу маълумотни хушламаганини яширмаган Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкати мулозими: "Оптовий точкаларда бизда ишлаб чиқарилган Coca-Cola запаси ой охиригача бемалол етади. Қозоқ коласига жой қолдирмаймиз", дея комили ишонч билан таъкидлади.

7 апрель кунги расмий хабарларда жамоатчилик эътиборини тортган яна бир жиддий жиҳат ширкатдаги давлат улушининг ошгани бўлмоқда.

Бироз муқаддам Озодлик тасарруфига келиб тушган ҳужжатда Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатига қарашли активларнинг 49 фоизи уларни Rockdale/Muzimpex ширкати орқали қўлга киритган Гаяне Авакян ҳамда ўзбекистонлик бизнесмен Баҳодир Каримжоновга тегишли экани айтилган.

Буларнинг иккиси ҳам Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг яқин бизнес шериклари бўлгани айтилади. Айни кунларда Авакян Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан оғир иқтисодий ва молиявий жиноятларда айбланиб¸ ҳибсга олинган. Каримжонов эса¸ ўзига қўйилаëтган айни мазмундаги айблардан қочиб¸ Дубайдан бошпана топгани ҳақида маълумотлар бор.

Таҳлилчилар сўнгги расмий маълумот бу икки шахсга тегишли бўлган 6 фоизлик улуш ҳам давлат тасарруфига ўтиб кетганини англатишини айтмоқда.

Бундайлардан бири бўлган тошкентлик иқтисодчи Фахриддин Каримов шу тариқа назорат пакетидаги активлар сонини 57 фоизга етказган ҳукумат тез орада ширкатнинг ўзини ҳам қайтадан шакллантиришини кутиш мумкин, деб ҳисоблайди.

- Назорат пакетига эгалик қилаётган Ўзбекистон ҳукумати Coca-Cola ширкатининг бошқа эгалари билан келишадида: "Бу центр бизнинг вакилимиз бўлади", дейди. Центр эса компаниядаги носоғлом муҳитни тўғирлаш ва самарадорликни ошириш учун фалончини бошлиқ қилиб қўямиз, дейди. Яъни, очиқ-ойдин реорганизация бўлаяптида, деб ҳисоблайди Фахриддин Каримов.

Бироз муқаддам Каримова бизнес тизимларида Ўзбекистон прокуратураси ва МХХ ойлардан бери ўтказаëтган текширувлар давомида Coca-Cola маҳаллий бошқарувчиларидан иккитасининг ҳибсга олингани айтилган эди. Уларга ширкатнинг 12 миллион АҚШ долларига тенг маблағини ноқонуний ўзлаштирганлик ва мамлакатга олиб келинган 4.6 миллион АҚШ долларилик шакар учун сохта декларация тузганлик айби қўйилгани айтилган.

Шунингдек, Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатининг яна икки бошқарувчиси Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировлар 2012 йил июлида Швейцария прокуратураси бошлаган жиноят ишда расман гумон қилинувчи шахс сифатида тиркалган.

Ўзбекистондаги Coca-Cola менежерлари¸ қолаверса¸ унинг расмий эгаларидан бири бўлган Гаяне Авакян ҳам Швейцария прокуратураси томонидан катта миқдордаги пул ювиш амалиëтларида гумон қилинмоқда.

Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатининг Ўзбекистон прокуратураси томонидан ҳибсга олинган икки менежерининг айнан Швейцариядаги жиноий иш фигурантлари бўлган Эргашев ва Собиров эканини ҳозирча тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон бозорида 1993 йилдан бери фаолият олиб бораётган “Coca-Cola Ichimligi – Uzbekistan LTD” қўшма корхонаси турли идишларда беш хил – Coca-Cola, Coca-Cola Zero, Fanta, Sprite, Bonaqua ва Fuse Tea, Ice Tea салқин ичимликларини ишлаб чиқаради.

Ширкат Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг собиқ эри¸ АҚШ фуқароси¸ асли афғонистонлик ўзбеклардан бўлган Мансур Мақсудий оиласи томонидан Тошкентда ташкил қилинган эди.

2001 йилда Ўзбекистон президентининг қизи Мақсудийдан ажрашгач, Гулнора Каримова собиқ эрининг ўша пайтда 60 миллион АҚШ долларига баҳоланган "Coca-Cola Ichimligi - Uzbekistan" корхонасини тортиб олгани айтилади.

2001 йилнинг августида "Coca-Cola Ichimligi - Uzbekistan" компаниясида тафтиш бошланиб, Мақсудийларнинг бир қанча қариндоши қамоққа ташланган эди. Кейинчалик Гулнора Каримованинг Coca-Cola компанияси устидан тўлиқ назорат ўрнатгани айтилади.

Coca-Cola ширкатининг Россия, Украина ва Белорусдаги филиалларини муовиқлаштирувчи бўлимидан олинган маълумотга кўра, филиаллардаги давлат активлари сони 50 фоиздан ошиқ бўлган мамлакатлардан бири Ўзбекистон бўлса, яна бири Хитойдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG