Линклар

Бешариқлик ногирон: Бизга аталган моддий ёрдамга футболчиларни боқишди

  • Садриддин Ашур

Бешариқлик ногиронлар уларга ҳар йили Наврўз байрамида бериладиган моддий ёрдамга бу йил туманда ўтган футбол мусобақаси иштирокчиларини боқишганини иддао қилмоқда. Расмийлар эса ногиронларга моддий ёрдам берилгани, футбол мусобақаси ҳомийлар кўмагида ўтказилганини айтмоқда.


Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги Деҳқонзода қишлоғида истиқомат қилувчи иккинчи гуруҳ ногирони Нишонбой Ўразалиевнинг иддао қилишича, ҳар йили Наврўз байрамида кам таъминланган оилалар ва ногиронларга ҳукумат тарафидан бериладиган озиқ-овқат моддий ёрдами футбол мусобақаларига ўтказиб юборилган.

Озодликнинг "Эркин микрофон"ига боғланган тингловчининг айтишича, ҳар йили баҳорда ногиронларга Ўзбекистон президенти номидан моддий ёрдам тариқасида тахминан 70-80 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари берилади.

- Бизга ҳар йили Наврўзда президент ёрдами бериларди. Бу ун, мой, гуруч, макарон, тушенка, шакар, молоко каби энг бирламчи маҳсулотлар эди. Бу йил эса бермади. Деҳқонзода қишлоқ фуқаролар йиғинига бориб, Холисхон деган котибадан сабабини сўрадим. Унинг айтишича, бу йилги ёрдамлар спорт мусобақаларига ўтказиб юборилибди. Футбол ўйнайдиган болаларга биздан бошқа ҳомий йўқ эканми? - деди Нишонбой Ўразалиев.

Овози ёзиб олинмаслик шарти билан Озодликка гапирган Деҳқонзода қишлоғида истиқомат қилувчи бошқа бир ногирон ҳам бу йил уларга моддий ёрдам берилмаганини айтди:

- Бу йил Наврўзда ёшлар ўртасида футбол бўлди. Футболга алоҳида пул ажратилган дейишганди. Бир қанча оилаларнинг болалар нафақа пуллари ҳам ушланиб қолинган экан. Маҳалла раисимиз футболчиларнинг отделний чиқими бор, ўшанақаларга сарфлаяпман деб айтган экан, - деди биринчи гуруҳ ногирони.

Деҳқонзода қишлоқ фуқаролар йиғини котибаси Холисхон опа Озодлик билан суҳбатда озиқ-овқат моддий ёрдамининг футбол мусобақасига ўтказиб юборилганини рад қилди:

- Йўқ, ўзи ҳокимиятдан ҳеч нарса берилгани йўқ. Ўзимиз ётиб қолган касалларнинг уч-тўрттасидан хабар олдик, кейин ҳомийлар ёрдами билан қишлоқда футбол мусобақаси ўтказилди, - деди Холисхон опа.

Деҳқонзода қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Муҳаммаджон Кабиров эса Озодлик билан суҳбатда ногиронларнинг шикоятида асос йўқлигини айтди:

- Бизда Наврўз байрамида барча кам таъминланган оилаларга ва ногиронларга ун-пун, шакар-пакар, ҳаммаси тарқатиб берилган. Энди моддий ёрдам камда, навбатма-навбат берилади. Футбол мусобақасига бир миллион 70 минг сўмни ёнимиздан қўйдик. Президентнинг “Соғлом бола йили” таклифини қўллаб қувватлаб, 12 мартдан 20 мартгача спорт мусобақалари ўтказдик. Фермерлар ҳомийлик қилди, - деди Муҳаммаджон Кабиров.

Бешариқлик ногиронларнинг иддао қилишича, озиқ-овқат моддий ёрдами ҳар йили туман ҳокимлиги томонидан “президент ёрдами” сифатида бериларди.

Бироқ, расмийлар бу йил туман ҳокимлигидан бундай моддий ёрдам келмаганини айтмоқдалар.

Бешариқ тумани ҳокимининг ана шу масалага масъул ўринбосарининг телефони ўчирилгани боис, у билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Шу тариқа Озодлик мухбири "Эркин микрофон" рукнига келган бу шикоятга маҳаллий мутасаддилардан аниқ жавоб олишга имкон қадар уриниб кўрди. Олинган жавоблар эса ҳозирча масалага тўла ойдинлик киритмади. Озодлик бу борада маҳаллий мутасаддилардан изоҳ олишга уринишда давом этади.

Янгиликларни Озодликда кузатиб боринг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG