Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:12

13 ёшида туққан хоразмлик қиз воқеаси ортидан олти киши жазоланди


Хоразм вилояти Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида яшовчи 13 ёшли қизнинг ўз акасидан ҳомиладор бўлиб, фарзандлик бўлгани ортидан олти киши жазоланди. Озодлик манбаларига кўра, қиз ўқиётган мактабдан уч киши ишдан бўшатилган, қишлоқ врачлик пунктидан икки киши ва маҳалладан ҳам бир киши жазоланган. Ҳибсда сақланаётган қизнинг акаси устидан эса маҳкама жараёни давом этаяпти.


Жорий йилнинг 20 январь куни ўз туғишган акасидан фарзандлик бўлган бўйрачилик қиз ўқиётган мактабнинг директори, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва қизнинг синф раҳбари ишдан олинган.

Бу ҳақда бўйрачилик ака-сингил воқеасини ўрганган Озодлик манбаси маълум қилди.

Манбага кўра, ушбу воқеа ортидан яна Бўйрачи қишлоқ врачлик пунктининг ҳамшираси ишдан олиниб, бош шифокорига ҳайфсан эълон қилинган.

Шунингдек, Бўйрачи қишлоғининг маҳалла маслаҳатчиси маошидан 30 фоиз ушлаб қолиш билан жазоланган.

Манбамизнинг айтишича, ҳозирда маҳалла маслаҳатчиси қизчанинг оиласига назоратчи сифатида тайинланган.

(13 яшар қизалоқ ва унинг акаси исм- фамилияси Озодликка маълум. Лекин ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатдан уларнинг исм- шарифини ошкор қилмаяпмиз)

Қизни ҳомиладор қилган 25 яшар йигит устидан эса маҳкама жараёни давом этмоқда.

Йигитга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 118-моддаси¸ яъни "Номусга тегиш" жинояти бўйича жиноят иши очилган бўлиб, агар у айбдор деб топилса, 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Жиноят Кодексининг 118-моддасида 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Бўйрачи қишлоқ фуқаролар йиғинидан олинган маълумотга кўра, воқеа ошкор бўлгач¸ қизнинг акаси ҳибсга олинган ва у Хоразм вилоят Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида сақланмоқда.

Ҳозирча ўз синглиси номусига теккан аканинг маҳкамаси билан боғлиқ тафсилотлар Озодликка маълум эмас.

Қиз мактабга қатнай бошлади

Манбамизнинг хабарига кўра, чақалоқ туғилиши билан Урганч шаҳридаги “Чақалоқлар уйи”га топширилган. Бу ерда у 3 ёшигача тарбияланади, лекин унинг кейинги тақдири нима бўлиши ҳозирча номаълум.

Қизнинг ўзи эса март ойидан бошлаб мактабга қатнай бошлаган. Туққанидан сўнг аввалига у ўқишни уйида давом эттирган, ўқитувчилари унинг уйига бориб таълим беришган эди.

Бўйрачидан олинган маълумотга кўра, қизнинг 13 ёшида туққани ошкор бўлгач, Шовот туман ҳокимлиги хотин-қизлар кенгаши, халқ таълими бўлими, қишлоқ фуқаролар йиғини вакиллари қишлоқда ташвиқот- тарғибот ишларини олиб боришган.

- Ҳокимликдан келиб қизнинг синфдошлари, қўшнилари, маҳалласи билан бирма-бир гаплашишди. Қизнинг ушбу нуқсонини юзига солмаслик, дугоналари масхара қилмаслиги, синфида гап-сўз қилмаслиги учун тушунтириш олиб боришди. Ҳокимлик вакиллари "Қиз ҳомиладор бўлмаган, унинг туққани ёлғон. У аппендицит бўлган, операция қилиб кўричаги олиб ташланган", деб тарғибот қилишди,- дейди воқеани ўрганган манбамиз.

Қизнинг ҳомиладор бўлганини ҳеч ким билмаган

Бўйрачилик ака-сингил воқеасини ўрганган Озодлик манбасига кўра, қизнинг ҳомиладор бўлганини унинг ойи-куни етмагунча ҳеч ким билмаган.

Қиз тўққиз ой давомида мактабда ўқишини давом эттирган, ҳатто туғишидан бир кун олдин ҳам дарсга борган. Манбага кўра, қизнинг ҳомиладор эканлигидан нафақат мактабдагилар, ҳатто ота-онаси ҳам бехабар бўлган.

13 ëшида¸ ўзи билиб-билмай она бўлган қиз ҳаëти тафсилотларини ўрганган Озодлик манбасига кўра, қиз акаси билан битта хонада яшаб келган.

“Бизда қишда жуда совуқ бўлади. Газ йўқ. Совуқда ҳамма битта хонага қамалиб ётишади. Булар акаси билан синглиси ҳам бир хонада ухлашар экан. Акаси синглиси билан неча марта жинсий алоқа қилгани номаълум. Бу энди судда маълум бўлади”, деди Озодлик манбаси.

Манбамизнинг айтишича, ака-сингилнинг отаси ногирон бўлиб, оёқ-қўли ишламайди, онаси эса¸ ишсиз¸ уй бекаси.
XS
SM
MD
LG