Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:30

Халқ банки 1992 йилги заёмларни қабул қила бошлади


Ўзбекистон Республикаси Халқ банкининг барча бўлимлари 1992 йилда муомалага чиқарилган давлат заёмларини қабул қила бошлади. Бироқ қабул қилиб олинган заёмларга пул қачон тўланиши ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ банкининг Бухоро бўлимидаги ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда 1992 йилда муомалага киритилган давлат заёмларини қабул қилиш 1 апрелдан бошлангани ва шу кунларда эртадан кечгача қабул қилинаётганини айтди.

- Биз заёмларни қабул қиляпмиз. Қанча бўлишидан қатъий назар, эрталаб соат 8 дан кечқурун соат 11 гача қабул қиляпмиз. Учта бухгалтер назоратчимиз бор, тўртта кассиримиз бор. Паспорт билан келсангиз, қанча заёмингиз бўлса, қабул қилаверамиз. Қабул қилишимиз 1 апрелдан бошланди. 30 июнгача давом этади, - деди банк ходими.

Унга кўра, 1992 йилги давлат заёмлари фақат Халқ банки бўлимларида қабул қилинади.

Халқ банкининг Фарғона вилоятидаги бўлими ходими Ўктам Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда фуқаролардан заёмлар қабул қилиб, тасдиқнома берилаётганини маълум қилди.

- Биз имкониятимиз даражасида, заёмлар қабул қилинганини компютерга киритиб, фуқаролар қўлига тасдиқнома бериб жўнатаяпмиз. 1 апрелдан бошланди ва 1 июлгача қабул қилинади. 1 июль ҳолатига йиғиб олинганидан кейин 1 августда Республика Вазирлар Маҳкамаси кўриб чиқиб, қандайдир қўшимча қилиб берилади. Ҳозирча бунинг тафсилотлари бизга номаълум, - деди Халқ банки ходими.

Айни пайтда тошкентлик пенсионер Мухлиса опа пойтахтдаги Халқ банки бўлимлари заёмларни қабул қилиб олмаётганини, кўп йиллардан бери асраб келган заёмини топшириш учун банкка борганида топшириш учун уни фақат навбатга ёзиб қўйишганини айтди.

- Бугун (9 апрель) борувдим, тўққиз юз ўн олтинчи қилиб навбатга ёзишди. "Бир ойдан кейин келасиз", дейишди. Ҳозир ўша ердан келяпман. Қўлимга қоғоз берди. Навбатга кўчада ёзишяпти, милиционернинг олдида. Банкка киргизгани ҳам йўқ, - дейди Мухлиса опа.

Тошкентдаги Халқ банки бўлимининг исми ошкор этилмаслигини сўраган ходими Озодлик билан суҳбатда навбат тузилаётгани сабабини заём топширишни хоҳлаган одамлар кўплиги билан изоҳлади.

- Кунига юздан ортиқ одам ёзиляпти. Жанжал бўлиб кетмаслиги учун шундай қиляпмиз. Чунки кунига мингта одамга жой етказиб беролмаймиз. Жанжал бўлиб кетиши мумкин. 90 фоизи пенсионерлар, - дейди Халқ банки ходими.

2014 йил март ойида Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Халқ банки 1992 йилги 12 фоизлик ютуқли заёмларни аҳолидан 1 апрелдан 1 июлгача қабул қилинишини билдирган эди.

Бироқ қабул қилиб олинган заёмлар қанча нисбатда қайтарилиши маълум қилинмаган.

9 апрель куни Озодлик билан суҳбатда бўлган Халк банкининг барча ходимлари аҳолидан қабул қилиб олинаётган заёмлар қандай қийматда, қай кўринишда ва қачон қайтарилиши тўғрисида ҳозирча аниқ маълумот йўқлигини билдирдилар.

Тошкентлик пенсионер Ғаффор ака 1992 йилда сотиб олган заёмининг ўша пайтдаги қиймати қайтарилишига умид ҳам қилмаётган экан.

- 1992 йил эди. 1400 га сигиримни сотиб, 1500 га заём олиб қўйган эдим. Отам: "Заём олиб қўйгин", деган эдилар. Энди кўрамиз. Ўша сигир ҳозир бўлганида 10 миллион сўмга олиб кетган бўларди, - дейди тошкентлик пенсионер.

1992 йилдан буён аҳоли қўлида қолиб келаётган 12 фоизли давлат заёмларининг амал қилиш муддати шу йил 1 июлида тугайди.
XS
SM
MD
LG